Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:07

Гулнора Каримова: "Душманларим номимни қора қилишмоқчи!"


Bilan журнали Гулнора Каримова билан суҳбатни ана шу оппоққина сурат ҳамроҳлигида чоп этди.
Bilan журнали Гулнора Каримова билан суҳбатни ана шу оппоққина сурат ҳамроҳлигида чоп этди.
Британиянинг Financial Times газетаси Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи бизнес империясига оид жиддий мақола эълон қилган айни кунда Гулнора Каримованинг ўзи Швейцарияда чиқадиган Bilan журнали воситасида мустақил Ғарб матбуоти билдираëтган айбловларни рад этишга уринди.

2013 йилнинг 8 марти - Халқаро хотин-қизлар кунини Ўзбекистон президенти тўнғичи Гулнора Каримова куни деб аташ мумкин.

Шу куни бири Буюк Британия¸ иккинчиси Швейцарияда чиқадиган икки молиявий нашр "Ўзбекистоннинг биринчи қизи"га оид мақола чоп этди.

Халқаро молиявий доираларда нуфузли ҳисобланган Financial Times ўз мақоласини Гулнора Каримованинг отаси ҳокимиятидан фойдаланиб¸ мамлакатдаги хориж сармоядорлари мулкини қандай ўзлаштираëтгани¸ бутун бизнес иқлимини ўз назоратини олганини далиллашга қаратди.

Айни кунда¸ асл эгалари Россияга алоқадор кўриладиган Швейцариянинг ялтироқ муқовали бойлар журнали Гулнора Каримова билан ўтказилган суҳбатни босди.

Иккала чиқиш мазмуни билан танишилгач¸ уларнинг
айни бир кунда чоп этилиши тасодиф эмаслиги ойдинлашади.

Financial Times мухбирларининг ўз бизнес фаолиятига оид айбловлар ҳақидаги саволларини тўрт ой давомида мутлақ жавобсиз қолдирган Гулнора Каримова¸ Bilan журнали мухбири билан суҳбатда анча сўзамоллик қилади ва ўзини оппоқ қилиб кўрсатишга уринади. Суҳбатга "Душманларим менинг номимни бу ишларга боғлашмоқда" деб сарлаҳва қўйилиши ҳам унинг ана шу кимлиги очиқланмаган "душманлар" билдираëтган фикрларга жавоб эканидан далолатдир.

Бу суҳбатга илова қилинган суратида ҳам Гулнора Каримованинг оппоқ либосда экани¸ ана шу "бегуноҳлик"¸ шавқатсиз мухолифлар ҳужумига учраëтган қўй оғзидан чўп олмаган саховатпеша санъаткор аëл тимсолини мустаҳкамлашга хизмат қилишга чоғлангандек...

TeliaSoneraнинг "ўзбек иши" можаросини ёритган мустақил журналистлар саволларини ойлардан бери жавобсиз қолдириб келаëтган Каримова хоним Швейцарияда чиқадиган русийзабон "Наша Газета"нинг Bilan журнали мухбири билан суҳбатни "Мен кўпдан бери бу масалга тегмадим, афтидан ҳозир вазиятга ойдинлик киритиш вақти келди”, деб бошлайди.

Ўтган йил Швециянинг SVT канали мухбирлари TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш учун мамлакат президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага пора берганига оид айбловларни илгари сурди.

Швед мухбирлари Гулнора Каримованинг бизнес империясидаги муҳим шахслар деб топилган Беҳзод Аҳмедов ва Гаянэ Авакянларнинг Швеция ва Швейцария банкларида юзлаб миллион долларлик ҳисобларни бошқарганларини аниқлашди.

Bilan саволларига Twitter ва электрон почта орқали жавоб берган Каримова бу ишга алоқаси бўлмаганини айтиб, барча айбловни ўзининг яқин ҳамкори бўлган МТС-Ўзбекистон ширкати собиқ бошқарувчиси Бекзод Аҳмедовга ағдаришга уринди.

“Бу иш 2011 йил кузида Солиқ қўмитасининг МТС-Ўзбекистон фаолиятини текшириши билан бошланди. Молия идоралари назарига ўшанда МТС раҳбари Беҳзод Аҳмедов тушди. Мен уни, опаси, отаси-онасини Тошкентда универстетда ўқиб юрган пайтларидан танир эдим. Лекин у бундан ўзини Тошкентдаги дахлсиз одам этиб кўрсатишда фойдаланди. Хотиржамгина, оқибатини ўйлаб ҳам ўтирмасдан махсус схемалар орқали абонентлар ҳисобидан маблағларни ўзлаштирди. Бу можарони ширкат доирасида ҳал қилиш эса МТС қаршилигига учради. Бунинг ортидан Беҳзод Аҳмедов Ўзбекистондан қочди. Ким бунга ёрдам бердим, қандай мақсадда?”, - дейди Гулнора Каримова Bilan журнали мухбири саволларига жавоб берар экан.

Швейцария ва Швециядаги пул ювиш билан боғлиқ ишларда қайта-қайта тилга тушаëтган шахс Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовадир.

Интернетга сизиб чиққан TeliaSonera ширкати менежерларининг ёзишмаларида ҳам Каримова хоним номи тилга олинган.

Гулнора Каримова бу ишга алоқадорлиги иддао қилинган мақолаларни ўзига қарши компаниянинг давом эканини айтиб, бунда ўз “мухолифлари”ни айблайди.

“Ҳар қандай таниқли одамда бўлгани каби, рақибларим бу ишни менинг номимга боғламоқчи бўлишди. Teliasonera менежерлари э-маил ёзишмаларига кўра¸ гўёки ширкатнинг Ўзбекистон бозорига кириши мен ва синглим билан боғлиқ шахслар ёрдами билан амалга оширилган. Мен бу каби ҳужумга биринчи марта дуч келаётганим йўқ. 2011 йилда, Ню Йоркдаги Мода ҳафталигида ҳам, 2010 йил май ойида Канндаги фестивалда ҳам, шунингдек Basel World ярмаркасида коллекциям тақдимотида ҳам менга қарши ҳужумлар бўлган. Бундан яқин дўстларимга ҳам зиён етди”, деб зорланади Швейцарияда чоп этиладиган журнал мухбирига Гулнора Каримова.

Bilan журнали мухбири TeliaSoneraнинг ички ҳужжатларида Каримова номи тилга олинишини айтиб, бу ширкатнинг Ўзбекистонга киришида сизнинг иштирокингиз бўлганми, деб сўрайди.

Бу саволга Гулнора Каримова: “Мен шу ички ҳужжатларни кўришни хоҳлар эдим. Швециядаги Mannheimer Swartling адвокатлар коллегияси ўтказган мустақил текширув хулосасида менинг номим йўқ. Мен TeliaSonera вакиллари билан гаплашмаганман ва учрашмаганман", деб жавоб қилади.

Гулнора Каримова ўз мавқеидан келиб чиққан ҳолда, тайинланган вакилларни ишлатмаслигини, чунки бу доимо муаммолар яратишини қайд этади.

"Мен ишончли вакиллар билан ишламасликни афзал кўраман. Чунки бу муаммо манбаи, айниқса¸ менинг мақомим инобатга олинса. Буни тажриба кўрсатган" деб жавоб қилади", таъкидлайди Каримова.

Bilan журнали мухбири Гулнора Каримовадан Швецариядаги унга оид экани ишониладиган ширкатлар юзасидан саволларига ҳам аниқлик киритишни сўраган.

"Швецарияда бизнес қилишга мени дипломатик мақомим йўл қўймайди. Агар сўнгги олти йил мобайнида Швейцариядаги бирон бизнесга алоқадорлигимни бирон реал факт бўлса бу нафақат Швейцария ҳуқуқ-тартибот органлари, балки Женевадаги БМТ идораси назарига ҳам тушган бўлар эди. Сабаби¸ мен Ўзбекистоннинг БМТдаги домий вакилиман. Менинг исмимни Zeromax, Interspan, Oxus Gold, Вим-Биль-Дан, Carlsberg ва бошқа ширкатлар билан боғлашади. Мен бу юзадан 2011 йилда Швейцария судига шикоят қилмоқчи ҳам бўлдим, лекин дипломатик мақомим бунга йўл қўймайди. Мени Zeromax асосчиларидан бири деб нотўғри таърифлаган Швейцариядаги бир қатор нашрларга бу юзадан эътирозимни йўлладим. Бу каби атайлаб қилинган ҳужумларга қаршилик қилиш учун кўпроқ куч керак, бу эса мени Фонд Форумдаги асосий фаолиятимдан чалғитади"¸ дейди Каримова.

Каримова 2008 йил сентябр ойидан буён Ўзбекистоннинг Женева БМТ қароргоҳи ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили ҳисобланади.

Лекин Каримова хоним сўнгги ойларда Женевадаги иш ерида кўринмай қолган.

Bilan журнали 2011 йилда Ўзбекистон биринчи қизларининг бойлиги 1 миллиард долларни ташкил этади, дея уларни Швейцариянинг энг бойлари рўйхатига киритган эди.

Швейцария матбуоти улар 2009 йилда Женева кўли соҳилида ҳашаматли виллаларни сотиб олганлари ҳақида ёзган.

Bilan журналига кўра, Гулнора Каримова сотиб олган уй нархи 18.2 миллион долларга тенгдир.

Ўзини давлатдан маош олиш ҳисобига яшайдиган давлат мулозими қилиб кўрсатишга уриниб келаëтган Гулнора Каримованинг ўзи бу бойликлар юзасидан ҳеч қачон изоҳ бермаган.
XS
SM
MD
LG