Линклар

ҲРУ: Керри Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари масаласини кўтариши керак


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан 12 март куни учрашиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан 12 март куни учрашиши режалаштирилган.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри 12 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири билан бўладиган учрашувда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлашиб бораётгани хусусида очиқчасига хавотир билдириши керак. Ҳюман райтс уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти, Ўзбекистон расмий делегациясининг АҚШга сафари арафасида ана шундай баёнот эълон қилди.


Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва яна бир гуруҳ ўзбек расмийларидан иборат делегация 11 мартдан 13 мартга қадар Вашингтонга сафар қилади. Ташриф доирасида вазир Комиловнинг АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан учрашуви режалаштирилган.

Расмий ташриф АҚШнинг Ўзбекистон билан, расмий Тошкентнинг Афғонистон урушидаги роли туфайли, ҳарбий ҳамкорлиги чуқурлашиб бораётган пайтга тўғри келаётганини қайд этади ҲРУ ташкилоти.

“Ўзбекистон АҚШ қўшини Афғонистондан олиб чиқлишида транзит йўлаги тақдим этилиши эвазига Қўшма Штатларнинг инсон ҳуқуқлари бузилишига кўз юмишига эришишни истамоқда – Жон Керри бунга кўнмаслиги лозим”, дейди ҲРУнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси. “АҚШ ўз фуқароларининг фундаментал ҳуқуқларини мунтазам равишда бузиб келадиган ҳукумат билан яқиндан ҳамкорлик қилиш орқали жиддий натижаларга эриш олмаслигини бу пайтгача тушуниб олиши керак эди. Чунки Ўзбекистон ҳукумати АҚШ билан ҳамкорликдан, АҚШдан кўра кўпроқ манфаатдордир”, дейди Свердлов.

Ўзбек делегациясининг ташрифи Қўшма Штатлар Европа Иттифоқининг етакчи давлатлари Буюк Британия, Германия ва Франция билан биргаликда Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни ошираётган пайтга тўғри келмоқда.

2009 йилдан бери АҚШ Афғонистондаги қўшинларини Шимолий таъминот тармоғи орқали таъминлаш уринишларида Ўзбекистон роли ошиб бормоқда.

Ўтган ойда АҚШ Вакиллар палатаси Ташқи ишлар қўмитасида ўтган эшитувларда АҚШ Давлат департаменти мулозими Обама маъмуриятининг Ўзбекистон ҳукуматига қўшимча ҳарбий ёрдам тақдим қилишини билдирди.

Бу ёрдам жумласидан ўзбек чегарачилари ихтиёрига “Raven” русумли пилотсиз учиш аппаратларининг тақдим этилиши айтилмоқда.

2012 йилда АҚШ “ҳалокатли бўлмаган” ҳарбий анжомлар, жумладан бронежелетлар ва бошқа ҳимоя воситалари, тунда кўриш мосламалари ва чегара қўшинлари учун термал кузатув тизимларини тақдим қилганини қайд этмоқда ҲРУ. Ташкилот Конгрессдаги манбаларга таяниб, Ўзбекистон Пентагондан “Apache” русумидаги жанговар вертолётларни ҳам сўраётганини айтмоқда.

Ғарбнинг етакчи давлатлари Ўзбекистоннинг авторитар режими билан ҳарбий ҳамкорликни ошираётгани ҳуқуқ ҳимоячиларнинг кескин танқидига сабаб бўлмоқда.

Қароргоҳи Францияда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам ўтган ойда “Андижон воқеалари такрорланмасин” сарлавҳаси остида баёнот эълон қилди. Ташкилот етакчиси, асли ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Надежда Атаева Ғарб коалициясининг Афғонистондан чиқиши ортидан Ўзбекистон учун янги таҳдидлар пайдо бўлишини эътироф этган ҳолда, инсон ҳуқуқлари масаласининг орқа планга кўчирилиши бу мамлакатда репрессияларнинг янада кучайтиришини унутмаслик лозим, дейди.

- Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам тақдим қилиниши биринчидан минтақада вазиятнинг таранглашиши, иккинчи томондан Ўзбекистон аҳолисига нисбатан репрессияларнинг кучайишига олиб келади. Толибон ва шунга ўхшаш гуруҳлар ғарб қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши муносабати билан фаоллашишини жуда яхши тушунаман. Лекин шу билан бирга бу минтақада инсон ҳуқуқларига оид сиёсат қайси йўналишдан бориши кўп жиҳатдан АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари позициясига боғлиқ эканини унутмаслик керак. Шунинг учун бу икки масалага алоҳида ёндашган ҳолда, демократик йўлдан бориш мақсадга мувофиқдир,- дейди Надежда Отаева.

АҚШ Конгресси 2004 йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари топталиши, жумладан қийноқларнинг мунтазам қўлланиши ва диссидентларнинг қамоққа ташланиши билан боғлиқ вазият туфайли Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам кўрсатишга чеклов жорий қилган. 2005 йил Андижонда юзлаб тинч намойишчи қатлиом қилиниши ортидан бу чекловлар янада кучайтирилган.

Андижон қатлиоми АҚШ ҳукумати томонидан танқид остига олиниши Ўзбекистон ҳукуматининг Қарши-Хонобод базасидан америкалик ҳарбийларни ҳайдашига ҳам сабаб бўлган эди.

Бироқ 2012 йил бошида Обама маъмурияти Конгресс берган ваколатга биноан инсон ҳуқуқлари вазияти билан боғлиқ санкцияларни айланиб ўтиб, Тошкент ҳукматига ҳарбий ёрдамни яна тиклади.

Ўтган ойда эса Британия Мудофаа вазирлиги инглиз қўшинлари учун ўз ҳудуди орқали транзит йўлагини очиб бериши эвазига Ўзбекистон ҳукуматига Афғонистон урушида ишлатилган ҳарбий учкуналарнинг бир қисмини совға қилиш ниятини билдирди.

Бу ниятлар амалга кўчса, Андижон воқеаларидан кейин Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан жорий қилган қурол эмбаргоси бекор қилинганидан бери иттифоқнинг етакчи давлати – Британия томонидан Тошкент ҳукуматига тақдим қилинган илк ҳарбий ёрдам бўлади.

ҲРУ вакили Стив Свердлов “Вашингтон ва Лондон Ўзбекистон ҳукмати билан Афғонистон масаласида ҳамкорлик қилиши мумкин, лекин масала, ҳамкорлик қандай бўлишида”, дейди. Президент Ислом Каримов ўз ҳукумати Ғарб томонидан тан олинишини жуда исташи ва НАТОнинг Афғонистонда ҳарбий ҳозирликни сақлаб қолишидан манфаатдор бўлишидан ташқари транзит учун катта пул олаётгани АҚШ ва Британия учун инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш борасида босим воситаси бўлиши мумкинлигини қайд этади ҳуқуқ фаоли.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG