Линклар

logo-print

Уго Чавес кўмилмайдиган бўлди


Уго Чавес майити "абадий" шиша идишда сақланиши айтилмоқда.

Уго Чавес майити "абадий" шиша идишда сақланиши айтилмоқда.

Венесуэланинг 5 март куни вафот этган президент Уго Чавес жасади кўмилмасдан, “Ленин каби” мумиёлаштирилиб, жамоатчилик абадий кўра олиши учун шиша идиш ичига солиб қўйилиши эълон қилинди. Венесуэлани вақтинча бошқараётган вице президент Николас Мадуро Чавес майити пойтахт Каракасдаги ҳарбий академия музейига жойлаштирилишга қарор қилинганини маълум қилди.


Чавес жасадини мумиёлаштирш тўғрисидаги қарор марҳум президентнинг жума кунга белгиланган дафн маросими олдидан эълон қилинди. Дафн маросимида ўнлаб давлат етакичиси, жумладан Эрон ва Беларус президентлари Маҳмуд Аҳмадийнажод ва Александр Лукашенкаларнинг иштирок этиши кутилмоқда.

Венесуэлани 14 йил бошқарган Социалист қарашлардаги Уго Чавес сешанба куни, 58 ёшида вафот этди.

Вице-перезидент Николас Мадуро Чавес жасадини “абадий” сақлаб қолиш қарорини эълон қилар экан, Ленин, Хо Ши Мин ва Мао Дзедунларни мисол қилиб келтирди.

- Мен халқ ва бутун дунёга шуни айтмоқчиманки, комманданте Чавеснинг жасадини халқ абадий кўра олсин учун, уни мумиёлаштириб, музейга қўйишга қарор қилинди. Хо Ши Мин, Ленин, Мао Дзедун каби, бош қўмондонимиз жасади инқилоб музейида, махсус шиша идишида сақланади, токи у халқимиз билан абадий қолсин,- деди Мадуро.

Ўз ватанларида жасадлари жамоатчилик томоша қила олиши учун кўргазмага қўйилган давлат етакчилари орасида Совет Иттифоқи асосчиси Владимир Ленин, Вьетнам инқилоб етакчиси Хо Ши Мин, Хитой коммунист инқилобчиси Мао Дзедунлардан ташқари Шимолий Кореянинг коммунист раҳбарлари, ота-ўғил Ким Ир Сен ва Ким Чен Ирлар бор.

Венесуэла парламенти раиси Диосдадо Кабельо Чавеснинг вице-президенти бўган Николас Мадуро жума куни муваққат президент сифатида қасамёдга келтирилишини маълум қилди. Шундан кейин у янги президент сайлови муддатини эълон қилиши керак бўлади.

Янги сайлов қонунга кўра, президент вафотидан 30 кун ичида ўтказилиши керак, лекин бу масала ҳозирча мавҳум бўлиб қолмоқда. Чавес ўтган йил октябрида тўртинчи муддатга сайланган эди.

Декабр ойида саратондан даволаниш учун Кубага жўнаб кетиш олдидан Чавес вице президент Мадурони ўз вориси, деб эълон қилган эди.

Чавес ҳукумати билан мураккаб муносабатлари бўлган Вашингтон дафн маросимида АҚШнинг Венесуэладаги ишончли вакили ҳамда Ню Йоркдан сайланган конгрессмен Грегори Микс ва Массачусетс штати кенгашининг собиқ вакили Билл Делаҳантлар иштирок этишини билдирди.

Чавес ўлими эълон қилинишидан бир неча соат аввал Мадуро АҚШнинг икки дипломатини Венесуэлада фитналарни уюштирганликда айблаб, мамлакатдан чиқариб юборди. Мадуро шунингдек, Чавес ўлимига сабаб бўлган саратон касаллиги унинг душманлари томонидан уюштирилганини иддао қилди. Бу айбловларни Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод ҳам қўллаб-қувватлади.

АҚШ сиёсатининг ашаддий танқидчиси бўлган Чавес Россия, Эрон ва Беларус каби мамлакатлар билан иттифоқчилик тузган эди.

Венесуэла армиясининг собиқ подполковниги Чавес мамлакат аҳолисининг қашшоқ қатлами томонидан қўллаб-қувватланган. Бунга Чавес ҳукуматининг нефтдан тушган даромаднинг бир қисмини соғлиқни сақлаш ва таълим дастурларига сарфлагани ҳисса қўшган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва матбуот эркинилини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Чавес ҳукмронлиги остида ҳукумат сиёсати танқидчиларига нисбатан репрессиялар қўлланилганини айтиб келади.

Бизнес гуруҳлари уни Венесуэладаги йирик ширкатларни национализация қилиш орқали хорижий инветсорларни мамлакатга келишдан қўрқитиб қўйганликда айблаган.
XS
SM
MD
LG