Линклар

Президент совринини олган тадбиркор етти йилга кесилди. Департамент қўлбола мойжувозларга қарши рейдларни кучайтирмоқда. Хориждан кираётган уяли телефонлар мажбурий маркировка қилиниши зарур. Матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Гулнора Каримова пластик жарроҳликдан фойдаланиб туради”

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова реалист сифатида ўз ташқи кўринишига холис ёндашиши ва пластик жарроҳликдан фойдаланиб туришини маълум қилди (“Даракчи”, 7 март).

“Албатта, ҳар биримиз замон билан ҳамнафас ҳолда, замонавий дунёда яшаётиб, гўзал кўринишни истаймиз. Шу сабаб, пластик жарроҳликнинг бирор бир муолажасидан фойдаланиш, назаримда, табиий ҳол” деган Каримова.

“Негадир, эркаклар сиздан ҳайиқишади?” деган саволга у “Ҳа, гапингизда жон бор. Баъзан ёнимга яқинлашишга ҳам ҳайиқишади. Тўғриси, бундай эркакларни мутлақо ёқтирмайман. Бу тоифадаги эркакларнинг ҳаммаси кинояга, эзмаликка ва иккиюзламачиликка йўғрилган бўлади”, дея жавоб берган. Г.Каримовага кўра, аёл киши эркакни мафтун этиш учун ўзини ўта табиий тутиши лозим.

“Четдан келтирилаётган “сотка”лар мажбурий маркировка қилиниши зарур”

Жорий йилнинг 1 апрелидан Ўзбекистонга товар олиб кираётган ёки транзитни амалга ошираётган юк ташувчилар божхона идорасига маҳсулот ҳақида маълумотни, шу жумладан, уларнинг номи, миқдори, вазни, юк қиймати ва кодлари ҳақида ахборот тақдим этиши керак (“Истеъмолчи”, 7 март).

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхатга мувофиқ, республикага олиб кириладиган озиқ-овқат, шахсий гигиена буюмлари ва бошқа истеъмол товарларида ишлаб чиқарувчи томонидан қўйилган давлат тилидаги маркировка бўлиши шарт.

Газета хабарида айтилишича, махсус назорат идентификация белгилари билан мажбурий маркировка қилиниши керак бўлган хориж товарлар рўйхатига қисилган ёки суюлтирилган газ учун идишлар, микротўлқинли печлар, уяли алоқа тармоқлари ёки бошқа симсиз алоқа тармоқлари учун телефон аппаратлари, видеотюнерга бирлаштирилган ёки бирлаштирилмаган видеоёзиш ёки тиклаш аппаратлари киритилди. Ушбу тартибга амал қилмаганлар жавобгарликка тортилиши эслатилган.

“Президент совринини олган тадбиркор етти йилга кесилди”

“Ташаббус-2012” республика танловида ғолиб чиқиб, Президент совринини олган жиззахлик тадбиркор Холисхон Бобоева Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида айбдор деб топилди.

Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди раиси Қаҳрамон Холмуродов “Куч адолатда” газетаси орқали маълум қилишича, Бобоевага 7 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Шунингдек, уч йил давомида моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаши тақиқланган.

Холисхон Бобоева бошчилик қилаётган “Жиззах-Кўҳинур” хусусий фирмасида молиявий-хўжалик фаолияти ва солиқ қонунчилиги юзасидан прокуратура текширувларида бир қатор қонунбузарликлар очилган. Қайд этилишича, Бобоева имтиёзли нархда сотилган цементни бозор нархида қайта пуллаш, ходимларга маошни натура шаклида беришда ҳам айбланган.

“Ўзбекистон аҳолиcининг мевага талаби қанча?”

Ўзбекистонда йилига 2 миллион тоннадан ортиқ мева етиштирилмоқда. Айни пайтда тиббий меъёрларга асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ, бир кишига ўртача 56,4 килограмм мева талаб этилмоқда (“Ўзбекистон овози”, 5 март).

Шредер номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти директори Шермуҳаммад Юсуповнинг айтишича, аҳолининг бу борадаги талабини қондириш мақсадида мамлакатда пакана ва ярим пакана мева дарахтли интенсив боғлар кўпайтирилмоқда.

Мутахассиснинг уқтиришича, интенсив боғларда дарахт танаси кичик бўлгани сабабли, кўчатларга ишлов бериш, мевасини териб олиш осон кечади. Шу билан бирга, интенсив боғлар сув ва минерал ўғитларни тежаб қолиш имконини беради. Боғдорчилик институти раҳбарига кўра, мамлакатда суғориладиган ерлар чегараланганини ҳисобга олиб, лалми, тоғ ва тоғолди ҳудудларда пакана кўчатли интенсив боғларни кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.

Статистик маълумотларда мамлакатдаги жами 244,3 минг гектар боғларнинг 5,3 минг гектари интенсив боғ экани билдирилади.

“Департамент қўлбола мойжувозларга қарши рейдлар ўтказмоқда”

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Хоразм вилоятида чигитдан қўлбола мойжувоз орқали ёғ маҳсулотлари олаётган қонунбузарларга қарши рейдлар ўтказмоқда.

Дерпартамент вакили Фаррух Тошпўлатов “Адолат” газетасига маълум қилишича, Хонқа тумани Олажа қишлоғида исми ошкор этилмаган фуқаро ўз молхонасида санитария қоидаларига зид равишда, ноқонуний тарзда чигитдан ёғ ишлаб чиқараётгани аниқланган.

Боғот тумани Найман қишлоғидаги хонадонлардан бирида ташкил қилинган қўлбола мой цехини ҳам департамент вакиллари босган. Қайд этилишича, ҳар икки ҳолатда мойжувоз, чигит ва тайёр ёғ маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган. Урганч марказий деҳқон бозорида эса яроқсиз чигитдан олинган пахта ёғини 4700 сўмдан сотаётган фуқаро қўлга туширилган.

“Баҳорги Умра cафари 18 апрелга қадар давом этади”

Ўзбекистондан илк Умра зиёратчилари жорий йилнинг 2 мартида Саудия Арабистонига йўл олди. Баҳорги зиёрат 18 апрелга қадар давом этади (“XXI аср”, 7 март).

Маълум қилинишича, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Тошкент-Жидда йўналишидаги 24 та рейс орқали 5000 нафар ўзбекистонликни муқаддас зиёратга олиб боради. Зиёратчилар Мадинада “Мажмуат ал-Мавадда”, Маккада эса “Барака ал-Мавадда” меҳмонхоналарига жойлаштирилади.

Зиёратчиларга 6 нафар ишчи гуруҳи аъзоси, 23 нафар шифокор ва 2 нафар ошпаз ҳамроҳлик қилади.

“Тошкентда яроқсиз дори сотаётган аптека аниқланди”

Тошкент шаҳри Чилонзор туманида жойлашган “Ампула фарм” хусусий корхонасига қарашли дорихонада яроқлилик муддати ўтган дори-дармон сотилаётган аниқланган (“Адолат кўзгуси”, 7 март).

Муддати ўтган дорилар 15 турда, 220 дан ошиқ экани айтилмоқда. Текширувдан кейин нақд пул тушуми назорат-касса машинаси хотирасига киритилмагани ҳам юзага чиққан. Газета хабарига кўра, яроқсиз дори-дармон сотган корхона раҳбари Алишер Абдураҳимов 1 йил муддатга раҳбарлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш, савдо ва тадбиркорлар фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Унга энг кам ойлик иш ҳақининг 150 баравари миқдорида жарима белгиланган.

“Автобусда 100 сўм қайтим муаммоси ҳал бўлди...ми?”

Жорий йилнинг 1 мартидан Тошкент шаҳридаги автобусларда жетон орқали ҳисоб-китоб қилиш тизими тажрибадан ўтказилмоқда (“Новый век”, 7 март).

“Тошавтобустранс” ширкати вакили Ҳабибулла Исматуллаевга кўра, эндиликда йўловчилар шаҳардаги 90 га яқин киоскадан пластик карточка орқали жетон сотиб олишлари мумкин.

Автобус хизматидан фойдаланиш чоғида мазкур жетон чиптага айирбошланади. Янги тажриба пластик карталардан фойдаланаётган йўловчиларга қулайлик экани таъкидланмоқда.

Газетанинг ёзишича, айни пайтда жамоат транспортида йўловчи ва чиптачи ўртасидаги олди-бердида юз cўмлик купюра етишмаслиги кузатилмоқда. Дейлик, йўловчи чиптачига 1000 сўмлик купюра тўлаганида, 300 сўм қайтим бериши керак бўлгани ҳолда, чиптачи 100 сўмлик йўқлигини баҳона қилиб, 200 сўм қайтим билан чекланмоқда. Яъни, йўловчидан ортиқча 100 сўм ушлаб қолиш ҳолатлари қайд этилмоқда.

“Новый век” нашри ёзишича, жетон тизимининг жорий этилиши 100 сўм қайтим муаммосини ҳам ҳал этишга ёрдам беради.
XS
SM
MD
LG