Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:47

Тошкентда мардикорлар ҳимоясига чиққан ҳуқуқ фаоллари қўлга олинди


Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Абдулла Тожибой ўғли.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Абдулла Тожибой ўғли.
9 март куни Тошкентда мардикорлар ҳимоясига отланган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Абдулла Тожибой ўғли ва Нуриддин Жуманиёзов ҳибсга олинган. Фаоллар уларга нисбатан маъмурий жазо қўлланиши мумкинлигини айтмоқда.

Абдулла Тожибой ўғли ва Нуриддин Жуманиёзов ҳибсга олинганини Озодликка Ҳуқуқ ҳимоячилари халқаро жамиятининг Тошкент вилояти бўлими раиси Владимир Ҳусаинов хабар қилди.

- 9 март куни Тошкент вақти билан соат эрталабки тўққизда Абдулла Тожибой ўғли қўл телефонидан менга қўнғироқ қилиб, ҳибсга олинганини ва Тошкент шаҳар Учтепа туман Ички ишлар бўлимида эканини айтди. Соат ўн иккиларда у яна қўнғироқ қилиб, "бизни ҳибсга олишлари мумкин", деди. Чунки у терроризмга қарши кураш бўлимининг бошлиғи келганини айтди, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Учтепа туман Ички ишлар бошқармаси назорат текширув пункти ходими Тожибоев ва Жуманиёзов туман ички ишлар бўлимига келганини тасдиқлади.

Владимир Ҳусаиновга кўра, соат ўн иккиларда қўнғироқ қилган Абдулла Тожибой ўғли Учтепа туман Ички ишлар бўлимида ўзи ва Нуриддин Жуманиёзовга нисбатан иш очилаётганини ҳам айтганидан сўнг алоқа узилиб қолган.

Ҳуқуқ фаолларининг нима сабабдан ҳибсга олинганликлари ҳозирча аниқ эмас.

Бироқ ҳуқуқ ҳимоячиси Фахриддин Тиллаевнинг Озодликка айтишича, Тожибой ўғли ва Жуманиёзов милиция ходими ноқонуний равишда жаримага тортган мардикорни ҳимоя қилишга бориб, бошқаларни мардикорлар уюшмасига аъзо қилиш учун уринган пайтда қўлга олинган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

- Бугун Нуриддин ака билан Абдулла Тожибой ўғли Тошкентдаги Ўрикзор бозорига чиққан эди. Кеча (8 март) Сурхондарё вилоятидан бўлган иккита мардикор – Абдували ва Жасур деган йигитлар қўнғироқ қилди. Улар Ички ишлар вазирлиги ходимлари олиб кетгани, пропискаси йўқлиги, Қозоғистонда ушланиб қолиб, одам савдосидан жабрлангани учун ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Ўша масала бўйича иккаласи бугун чиқиб кетган эди. Энди уларнинг ушлангани аниқлиги, менимча, улар ўша иш билан шуғулланган, яна ўша ерда фуқароларни мардикорлар касаба уюшмасига аъзо қилаётган бўлсалар керак. Шунинг учун уларни ушлаган бўлса керак. Асли маъноси шундан, деб биламан мен, деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Фахриддин Тиллаев икки ҳамкасби маъмурий жазога тортилиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Абдулла Тожибой ўғли ва Нуриддин Жуманиёзов ўтган йилдан бери мардикорлар касаба уюшмасини тузишга ҳаракат қилиб келмоқда, аммо улар ҳозирча бунинг уддасидан чиқа олмаган.

2012 йил сентябр ойида Абдулла Тожибой ўғли, Фахриддин Тиллаев ва Нуриддин Жуманиёзовлар Тошкент шаҳар Қўйлиқ мавзесида жойлашган меҳнат биржасида милиция ходимлари тарафидан ушлаб олиб кетилиб, кейинроқ қўйиб юборилган эди.

Уч нафар ҳуқуқ ҳимоячиси иш топиш илинжида пойтахт меҳнат бозорига келган ўзбекистонликларга "Мардикорлар касаба уюшмаси"га кириш учун варақалар тарқатгани учун қўлга олингани айтилган эди.

23 сентябр куни Тошкент шаҳар Ҳамза тумани суди ҳукмига кўра, Фахриддин Тиллаев, Нуриддин Жуманиёзов ва Абдулла Тожибой ўғли бу ҳаракати учун ноқонуний фаолиятда айбланиб, ҳар бири юз минимал иш ҳақи (7.235.500 сўм) миқдорида жаримага тортилган эди.

Абдулла Тожибоев ўғли ва бошқа бир қанча фаоллар ундан аввал ҳам ҳисбга олинган ва қўйиб юборилган.
XS
SM
MD
LG