Линклар

logo-print

АҚШ Мудофаа вазири Афғонистон президенти билан учрашди


АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳейгел.

АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳейгел.

АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳейгел Кобулда Афғонистон президенти Ҳамид Карзай билан учрашди. Феврал ойида Мудофаа вазири лавозимини эгаллаганидан бери бу Ҳейгелнинг Афғонистонга илк ташрифидир.

АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳейгел ва Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай ўртасидаги музокарада АҚШ махсус кучлари билан бирга ишлаган афғонлар инсон ҳуқуқлари бузилиши ва қийноқга алоқадор бўлгани иддао қилинганидан сўнг Карзай АҚШ махсус кучларини Вардак вилоятидан олиб чиқиш тўғрисида буйруқ бергани муҳокама этилиши режаланган эди.

Сўзлашувда Ҳейгел Карзай билан 2014 йил охиригача Афғонистондаги барча хорижий жанговор кучларни бу мамлакатдан олиб чиқиш масаласини ҳам муҳокама этиши ҳам режаланган. Ўн минглаб хорижий қўшинни Афғонистондан олиб чиқиш шу йил бошланади.

АҚШ-Афғонистон ўртасидаги музокаралар бошланишидан бир кун олдин, шанба куни Кобулдаги Афғонистон Мудофаа вазирлиги биноси олдида худкуш ўзини портлатди. Ҳужум оқибатида тинч аҳолидан тўққиз киши ҳалок бўлди.

Толибон ҳаракати худкуш ҳужум толиблар кучли эканини Ҳейгелга кўрсатиш учун уюштирилганини билдирди.

Феврал ойида АҚШ Мудофаа вазири лавозимини эгаллаган Ҳейгел шанба куни портлаш овозини эшитганини айтиб, Афғонистонни “уруш зонаси”, дея атади.

- Бу (портлаш) нималигини аниқ билмадим. Мен брифингда эдим. Биз уруш зонасидамиз. Мен урушда бўлганман. Бомба портласа ёки портлаш содир этилса, биз ҳайрон бўлмаслигимиз керак, - деди Чак Ҳейгел.

Айни пайтда, Хўст вилоятида шанба куни худкуш ўзини портлатгани оқибатида саккиз бола ва полициянинг камида бир ходими ўлган.

Ветнам урушида ярадор бўлган АҚШ армияси ветерани Ҳейгел Афғонистон халқи демократияга эришишида кўрсатилаётган ёрдамнинг бир қисми ўлароқ уруш давом этишини айтди.

- Биз урушдамиз. Уруш тўхтамаган ва шунинг учун биз бу ердамиз. Бу воқелик. Афғонистон халқи мамлакатни ўзи ривожлантириши ва демократияга ўзи хоҳлаган йўлдан боришини таъминлаш учун биз афғонистонликлар ва коалициядаги ҳамкорларимиз билан бирга курашни давом эттирамиз, - дея баёнот берди АҚШ Мудофаа вазири.

Чак Ҳейгелнинг ташрифи Вашингтон ва Кобул қатор баҳсли масалалар юзасидан музокара олиб бориш йўлларини излаётган пайтга тўғри келди.

Хусусан, келишувга эришилмагани боис АҚШ назоратида бўлган қамоқхонани Афғонистон тасарруфига топшириш маросими 9 март куни яна кечиктирилди.

Бағром қамоқхонаси 2009 йилда афғонистонликлар ихтиёрига топширилиши керак эди. Маҳбусларни ким назорат қилиши борасида келишувга эришилмагани сабабли маросим бир неча марта қолдирилди.

Афғонистон ҳукумати бу миллий суверенлик масаласи эканини таъкидлаб, маҳбуслар афғонистонликлар назоратида бўлишини хоҳламоқда.

АҚШ эса Қўшма Штатлар учун хавфли деб кўрилган маҳбуслар қўйиб юборилмаслигига кафолат талаб қилмоқда.

Шунингдек, Афғонистондаги хориж кучлари 2014 йилда олиб чиқилганидан сўнг АҚШнинг бу мамлакатдаги амалиётларини тартибга солишни назарда тутган хавфсизлик ҳақидаги икки томонлама келишув бўйича Вашингтон ва Кобул ўртасида музокаралар давом этмоқда.

Ҳозир Афғонистонда АҚШнинг 66 минг ва НАТО етакчилигидаги халқаро кучларнинг 30 минг нафар аскари бор. Америка ҳарбийларининг ярмидан кўпи жорий йилда Афғонистондан олиб чиқилиши режаланган.
XS
SM
MD
LG