Линклар

Шу йилнинг 6 март куни Бухоро вилояти Жондор туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи Раҳмон Саидов, туман ер ресурслари ва кадастр хизмати бўлими бошлиғи Ҳайдар Саидов Миллий хавфсизлик хизматининг Бухоро вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Терговолди суриштирувларига кўра, амалдорлар аҳолига ер сотиш, давлат мулкини талон-тарож қилишда айбланмоқда.

Шунингдек, 3 март куни тумандаги “Жондоркимё” очиқ акциядорлик жамияти раиси Тўхта Худоев ҳамда жамиятнинг бош ҳисобчиси Баҳодир Сайидов ҳам порахўрликда айбланиб, туман МХХ бўлинмаси томонидан ҳибсга олинган.

Бу шахсларга нисбатан ҳам мамлакат қонунчилигининг порахўрлик ва талон-тарожга оид моддалари билан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Уч нафар фамилиядош амалдорларнинг ўзаро қариндошлиги йўқлиги айтилади.

- Жондорда амалдорларнинг ҳибсга олинишига мамлакат бўйлаб селектр орқали ўтган йиғилишда Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг берган кўрсатмаси сабаб бўлди. Ҳукумат раҳбари туман ҳокимлиги вакилларини дотациядаги маблағларни ўзлаштирганлик, давлат мулкини талон-тарож қилганликда айблади, - дейди маҳаллий фермерлардан бири.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси Бобомурод Раззоқовга кўра, бир муддат аввал туман ҳокими Карим Раҳимовга нисбатан ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган, аммо ҳоким бир пайтнинг ўзида сенатор ҳам бўлгани боис унинг дахлсизлиги туфайли иш тўхтатилган.

Маълумотларга кўра, сенатор ҳоким шу кунда Республика Шошилинч Тез Тиббий Ёрдам марказининг кардиология бўлимида даволанмоқда.
XS
SM
MD
LG