Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:24

“Халқ банки” бошқарувчиси 100 миллионлик камомадда айбланди


“Халқ банки”нинг Марғилон бўлимида ўтказилган текширув натижасида¸ 100 миллион сўм миқдордаги нақд пул камомади аниқланган. Бу ҳақда Озодликка билдирган банк мулозимига кўра¸ нақд пуллар ноқонуний тарзда ҳазинадан олиниб ташқарида айлантирилган (фоизли қарзга берилган¸ бизнесга ëтқизилиб фойда олинган).



Банкдаги камомад 2013 йилнинг 1 март куни Фарғона вилояти Марказий банки ўтказган навбатдан ташқари текширув пайтида аниқланган.

“Халқ банки”нинг Марғилон бўлимида ишловчи мулозима аëл ўз исми шарифи ҳамда эгаллаган вазифасини аниқ айтган ҳолда, банк пулидан ходимларнинг ўз фойдасига ноқонуний фойдаланиш механизми ҳақида Озодликка батафсил мактуб жўнатди.



Респондент истагига кўра, бу мактубни исм шарифдан ҳоли тарзда эътиборингизга ҳавола қиламиз:

"1 март кунги текширув натижасида юз миллион сўмдан ошиқ камомад аниқланди. Бу растратани (камомад-таҳр.) Марғилон Халқ банки бошқарувчиси Манзура Жаҳонова ва бош ҳисобчи Ҳайрулло Ғаниевлар қилишган. Улар банк кассасини ўз чўнтакларига айлантириб олишган¸ хоҳлаганда кассадан пул олиб, ўз эҳтиëжлари учун ишлатишади"¸ дея иддао қилади муштариймиз.

Мактубда камомаднинг фош бўлиш сабаблари ҳам келтирилган:

"Ҳар доим Марказий банк ëки бошқармадан текшириш бўлиши 3 кун олдин маълум бўлар эди. Бу муддат ичида бошқарувчи ва ҳисобчи таниш билишларидан пул олиб камомадни вақтинча бўлса ҳам тўлдириб қўйишар эди. Бу сафар текшириш кутилмаганда бўлди. Ҳамма шокда. Сичқоннинг ини минг танга бўлиб кетди. Турли гаплар юрибди. Камомадни тўлдирса ҳам, бошқарувчи¸ бош ҳисобчи ва касса мудири ишдан кетармиш дейишмоқда. Лекин текширув тугамагани боис аниқ бир нарса деб бўлмайди"¸ деб таъкидланган мактуб сўнгида муаммонинг бости-бости қилиниш эҳтимоли ҳам илгари сурилади:

"Бундан адашмасам 3 йилча олдин “Халқ банки”нинг Фарғона шаҳар бўлимида бир миллиард сўмлик камомад аниқлангани оқибатида бошқарувчи қамалган ва Фарғона шахар "Халк банки" йўк қилиниб тугатилган"¸ дейилади Озодликка Марғилондан келган мактубда.

Бу мактубни ўқиганимиздан кейин “Халқ банки”нинг Марғилон бўлимида тафтиш ўтказган Марказий банкнинг Фарғона бўлими муфаттишларига қўнғироқ қилдик.

Март бошида “Халқ банки”нинг Марғилон бўлимида тафтиш ўтказилганини тасдиқлаган Марказий банкнинг исмини айтмаган мулозими текширув тафсилотлари хизмат сири бўлгани боис матбуотга ошкор қилинмаслигини урғулади.

Мижоз ҳар доим ҳақ

“Халқ банки”нинг марказий бошқарувига қўнғироқ қилиб, мактубда келтирилган фактларни баëн қилдик.

Ўзини Азимжон деб таништирган мулозим бундай фактлар жиддий ўрганилишини урғулади:

- Мижозлар ҳақига ҳиëнат қилишнинг ҳар қандай кўринишга қарши аëвсиз курашмоқдамиз. Кассаларга узлуксиз ишловчи видеокамералар ўрнатганмиз. Нақд пулнинг изнсиз кассадан олиб чиқилиши амалда имконсиздир¸- деб таъкидлаган банк мулозими камомад юз берган ҳолда ҳам мижозлар пули тўлалигича қайтарилишини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон банк тизимида нақд пулни ноқонуний айлантириб, даромад олиш тизими урчиган, дейди омонатчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, маҳкамага мурожаат қилган фаол Шухрат Рустамов.

Тошкентдаги “Шарқ юлдузи” кредит уюшмаси ўз мижозларига оид 3,5 миллион долларни ўзлаштириб юборгани юзасидан Шухрат Рустамов ўтган йили маҳкамага мурожаат қилган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, қисман айбдор бўлган кассир қизлар жазоланиб¸ асосой айбдор "Шарқ юлдузи"нинг ижрочи директори Дилшод Йўлдошев жазосиз қолган.

- "Шарқ юлдузи"нинг ижрочи директори Дилшод Йўлдошев сармоядорларнинг пулини олиб Москвага қочиб кетди. Ўзбекистон ИИВ Бош тергов бошқармасининг Москвадан сўровидан кейин Йўлдошев тезгина Туркияга кетди. Ҳозир срок давности ўтди деб ишни бости-бости қилишмоқчи,- дейди суҳбатдош.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Шухрат Рустамов, мижозлардан ўғирланган пулларни ҳеч ким астойдил қидирмайди, дея ҳисоблайди.

- Агар омонатчиларнинг ўғирланган пуллари, жиддий текширилганида, ипнинг бир учи Марказий банкка бориб тақалганини кўрган бўлишарди, аммо ҳеч ким жиддий текширувдан манфаатдор эмас,- дейди Рустамов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:48 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG