Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:10

Баҳс майдони: Ўзбек тўйига “қистир-қистир” керакми?


Озодликнинг “Баҳс майдони” эшиттиришининг навбатдаги сонида ўзбек тўйларида санъаткорларга пул қистириш тарафдорлари ва бунга қаршилар баҳслашди.



"Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси хонанда, созанда ва санъаткорларга тўйлардаги хизматлар учун доллар ёки бошқа хориж валютаси шаклида ҳисоб-китоб қилишни тақиқлади.

Бу қарордан кейин тўйларда қўшиқчию раққосаларга долларда пул қистиришга ҳам чек қўйилди.

Хоразмлик санъаткорлардан бири Дилором халфа бу қарордан сўнг тўйларда санъаткорларга ўзбек сўми қистириш ҳам тақиқлангани ва у гармонини йиғиштириб қўйгани ҳақида Озодликка гапирган эди.

Ўзбекларнинг тўйларига ҳам ҳукуматнинг турли хил қарорлар билан аралашиши ўзбекистонликлар орасида баҳсу мунозарани келтириб чиқарди.

Озодликнинг “Қўшиқчиларга доллар қистириш тақиқланди” мақоласига шарҳ қолдирган муштарийларнинг бир қисми ҳар бир одам ўзининг тўйига ўзи хўжайин эканлиги ва тўйни қандай ўтказиш унинг шахсий ҳуқуқи бўлиб, ҳукуматнинг ҳар қандай қарорлар билан одамларнинг шахсий ҳаётига аралашишини нотўғри эканлигини айтадилар.

Айни пайтда, бу жуда тўғри қарор эканлиги, ва “артистлар халқни менсимай қўйганди”, “доллар уларни қутуртириб юборганди”, “келишилган хизмат ҳақингни ол, қистир қистирга бало борми” деб фикр билдирувчилар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Хўш, ўзбекистонликлар тўйларида “қистир-қистир”ларни тақиқлаш ҳақидаги қарор тўғрими?

Одамлар санъаткорларнинг санъатига қойил қолиб пул қистирадими ёки пулдор эканлигини кўз-кўз қилиш учун?

Одамлар тўйларни қандай ўтказишига ҳукуматнинг аралашиши тўғрими?


Ана шу мавзуда ўзбекистонлик 28 ёшли Суҳроб Вафоев ва Тожикистондаги собиқ "Дилхирож" ўзбек ансамбли раҳбари, таниқли ўзбек хонандаси 45 ёшли Шавкат Бадалов баҳслашди.

Суҳроб Вафоев: Алишер Навоийнинг "Маҳбубул-қулуб" асарида отарчилар, ҳофизлар ҳақида битта чиройли гап ёзилган. Яъни ҳофизлар бу камолотга етган инсон дейдилар, лекин уларнинг битта камчилиги бор. Уларга кўпроқ берсангиз қадрламайдилар, исроф қиладилар, озроқ берсангиз ерга урадилар, дейди шоир. Тўйларда пул қистириш ва доллар сочиш асосан 90 фоизи камбағал ёки ўртаҳол бўлган ўзбекистонликларнинг ҳамиятига тегади.

Шавкат Бадалов: Энди қанча кўп берса ҳаммага ҳам ёқади. Қолаверса ҳозир пулни исроф қиладиган замон эмас. Санъаткорга қистир қистир бу ихтиёрий, ҳеч ким бировни мажбур қилмайди. Иккинчидан, санъаткор тўйдан олдин тўй эгасининг "қолганини қистир-қистирда оласиз" деган гапи билан шартномани енгил қилади ва оғирлик тўйни эгасига тушмайди. Танишлар, дўстлар, қариндош уруғлар кўтариб юборади у томонини...

Баҳснинг тўлиқ вариантини қуйида тингланг:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:09 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG