Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:04

Ўзбеклар бултур Россиядан $5 693 000 000 жўнатди


Ўзбекистонликлар Россиядан жўнатаётган пул ҳажми 2012 йили қарийб 30 фоизга ортди. Россия Марказий банки маълумотларига қараганда, 2012 йили Ўзбекистонга Россиядан 5 млрд. 693 млн. доллар жўнатилган.

2011 йили эса, бу кўрсаткич 4 млрд. 276 млн. долларни ташкил қилган эди.

Айни муддатда, яъни 2012 йили Ўзбекистондан Россияга 440 млн доллар жўнатилган.

Мухбиримиз мавзуни Россияда меҳнат қилаётган миллионлаб ўзбекдан бирининг топиш-тутиши мисолида ўрганди.




28 яшар андижонлик Темур 2006 йилдан бери Россиянинг Белгород шаҳрида ишлайди. Ундан ўтган йили Ўзбекистонга неча пул жўнатганини сўрадик.

- 3000 доллар,- деди Темур.

Темур қурувчилик қилади. Лекин иш жойи муқим эмас, шунинг учун ҳар ойда топадиган пули миқдори ҳам ҳар-хил.

- Бир тушса 1500 доллар, бир тушса 300 доллар, дам олиб қолсак бўлмайди,- дейди Темур.

Темур уйланган, бир фарзанди бор. Айтишича, бир-икки ой олдин оиласини Белгородга олиб келган.

- Қишда иссиқ жойда ëтсин деб олиб келдик. Биласизларку, Ўзбекистонда свет йўқ, тем более қишлоқларда яшаймиз,- дейди Темур.

Қишлоқда унинг ота-онаси қолган. Темурнинг айтишича, ота-онасининг бошқа даромад манбайи йўқ, улар фақатгина ўғиллари жўнатадиган пулга қараб қолган.

- Бошқа кирим йўқ. Уйимиз 8 сотих. Шу 8 сотихдан рўзғорга озгина картошка, пиëз чиқиб туради. Бошқа кирим йўқ. Бошқа иш йўқ. Пенсия олишмайди. Улар пенсия ëшига етишмади ҳали. Пенсия қанча оларди энди. Давлатда ишлашган. 150 минг олиши мумкин, олса,- дейди Темур.

Суҳбатдошимиздан уйга жўнатадиган пули нималарга сарфланишини ҳам сўрадик.

- Кўпроқ продуктага кетади. Онам операция бўлган бултур. Синглимни чиқарганмиз,- дейди 2006 йилдан бери Россиянинг Белгород шаҳрида ишлаётган 28 яшар андижонлик Темур.

Демак, 2012 йилда Россиядан Ўзбекистонга жўнатилган 5 млрд. 693 млн. доллар таркибида Темурнинг 3 минг доллари ҳам бор.

Қиёслаш учун: 2012 йили Россиядан Тожикистонга 3,651 млрд. доллар, Қирғизистонга 1,859 млрд., Қозоғистонга 461 млн., Туркманистонга 37 млн. доллар ўтказилган.

Ўзбекистонликлар 2012 йили 2011 йилга нисбатан 1 млрд. 417 млн. доллар кўпроқ пул жўнатган ва бундан меҳнат муҳожирларининг иш ҳақи ўсибди, деган фикр пайдо бўлиши мумкин.

Бироқ Россия Марказий банки маълумотларига қараганда, иш ҳақи ўсган эмас, балки меҳнат муҳожирлари сони ортган, дейиш мумкин.

Чунки ўртача битта пул жўнатмаси 2011 йили 526 долларни ташкил қилган бўлса, 2012 йили бу кўрсаткич 466 долларни тузди.

Меҳнат миграцияси муаммоси борлигини Ўзбекистон раҳбарияти жорий йилгача тан олган эмас.

18 январ куни Вазирлар Маҳкамаси мажлисида Президент Каримов Россияда ўлдирилган ўзбек фарроши билан боғлиқ воқеани тилга оларкан, биринчи марта меҳнат миграцияси билан боғлиқ вазиятга муносабат билдирган, "Нега ўзбек бориб Россияда фаррошлик қилади?", дея Ўзбекистон Ички ишлар вазири Баҳодир Матлубовни ўрнидан турғазиб қўйиб, дакки берганди.

- Бир эътибор беринглар. Ҳар қайси вилоятда мана қанча-қанча одам яашяпти. 500 мингдан ошиқ айтайлик болаларимиз коллежларни битираяпти. Уларнинг тақдири нима бўлади эртага? Ялиниш бу умуман халқимизга ярашмайди, деган эди Ислом Каримов ички ишлар вазирини ўрнидан турғазиб қўйиб.

Шундан сўнг маъмурлар меҳнат миграциясига қарши ўзига хос кураш бошлаган бўлди. 17 февралдан бошлаб 2 – 3 кун ўзбек-қозоқ чегарасидаги Ғишткўприк (Черняевка) постидан Қозоғистон ва Россияга ишлашга кетаётган фуқаролар ўтказилмади. Улардан иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномасини кўрсатишни талаб қилишди.

Лавҳамиз қаҳрамони - 2006 йилдан бери Россиянинг Белгород шаҳрида ишлаётган 28 яшар андижонлик Темур билан суҳбатимиз охирида ундан Ўзбекистонга қачон қайтишини сўрадик.

- Шу саволга ҳеч ким жавоб топа олмаяптида. Менинг аëлим ҳам кунига “Неча йилда юрамиз бу ерда? Неча йил юрасиз? Ўзбекистонда ишласангиз бўлмайдими?” деганган ўхшаган саволлар. Ўзбекистонда продуктадан ошмайди. Ўзим ҳам жавобини билмайман ака, дейди Темур.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:20 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG