Линклар

Ўшда ўзбеклар қўрқитилаётгани тўғрисидаги хабарларни маҳаллий милиция рад этди.

Ўш ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари эса, бундай хабарлар учун “асос йўқ”, деди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг баъзилари фикрича, ваҳимали гапларнинг урчиши ортида ҳуқуқ-тартибот органлари сафидаги айрим кучлар турибди.


“Ўшда ўзбекларга таҳдидлар давом этаётгани” тўғрисида февралнинг охири ва мартнинг бошида Россия ва Ғарбдаги 50 дан зиёд нашр ёзган эди. Айтилишича, ўзбеклар яшайдиган маҳаллалар аҳолиси номаълум шахслар ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўрқитилаётган эди.

Ўш вилоят ички ишлар бошқармасига кўра, оммавий ахборот воситалари учун асос бўлган маълумотнома бўлмаган ва уни тарқатгани айтилган Эрнис Шеримкулов исмли шахс мавжуд эмас.



Бошқарма матбуот котиби Жениш Аширбаев Озодлик радиоси қирғиз хизматига бундай деган:

-Ўзини Эрнис Шеримкулов, деб атаган фуқаро Ўш шаҳрида оз сонли миллатларга таҳдидлар қилинаётгани тўғрисида ёзган. Унинг ёзишича, 2013 йилнинг 23 февралидан 24-ига ўтар тунда қирғиз ёшлари оз сонли миллатлар вакиллари яшайдиган маҳаллаларга, одамларнинг уйларига кириб, эшикларини тепган. Қирғиз ёшлари “кўчиб кетларинг, мулкларингни бизга хатлаб бер, акс ҳолда 2010 йилги воқеа такрорланади... деб таҳдид қилган”, деган маълумотни тарқатган ўша Эрнис Шеримкулов, деган шахс. Бу маълумотлар ёлғон. Ҳақиқатга зид. Ўша кунлари милиция байрам муносабати билан кучайтирилган режимда ишлаган, деган Жениш Аширбаев.

Унинг айтишича, Эрнис Шеримкулов исмли шахснинг ўзи ҳам мавжуд эмас.

Ички ишлар бошқармаси вакили фикрича, ваҳима тарқатиш “Қирғизистон ва хусусан Ўшда барқарорлик бўлмаслигини истаётган кучларнинг ишидир”.

Ўш ўзбек миллий-маданий маркази раиси Абдурашид Хўжаевнинг Озодликка 11 март куни билдиришича, ваҳима қилишга асос йўқ.

-Йўқ, бундай гап йўқ. Кеча, мана, санъаткоримиз Сардорбек Аҳмедовнинг концертини ўтказдик. Бундан ташқари ҳар куни Бобурхонлик кечаларини ўтказаяпмиз, деди Абдурашид Хўжаев.

Маҳаллий таҳлилчи Тологон Келдибековнинг фикрича, ваҳимали гапларнинг куз ёки қишда эмас, айнан ҳаво исий бошлаган кунларда пайдо бўлиши бежиз эмас. Бу гаплар Ўш ва Жалолободда бошланган митинглар фонида пайдо бўлгани, таҳлилчи фикрича, мамлакатдан ташқаридаги айрим кучларнинг жонланганидан далолатдир.

Ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, миллати ўзбек Равшан Гапиров эса, ваҳимали миш-мишларни ҳуқуқ-тартибот органларининг ўзлари тарқатаётган бўлиши мумкин, деган фикрни билдирди.

-Ўша маълумотномани органларнинг ўзлари тарқатган, деб ўйлайман. Шанақа ваҳима билан ўзбекларни қўрқитиб қўйиб, кейин қўлга олганда пулни ўзлариёқ қўшқўллаб олиб келиб беради, деган мақсадни кўзлаяпти улар. Исм-фамилияни ўзлари ўйлаб топиб, унинг номидан ёзилган маълумотномани ўзлари тарқатган-қўйган, деган Равшан Гапиров.

Унинг айтишича, оддий халқ – қирғиз – ўзбек бир-бири жанжаллашмай яшамоқда.

Ўзбеклар қўрқитилаётгани тўғрисидаги гапларни инкор этаётган Равшан Гапиров жорий йил 29 январида Ўшда ака-ука имадиновлар: 32 яшар Жаҳонгир ва 30 яшар Фарҳодлар Россиядан қайтганидан икки кун ўтгач милиция ходимлари томонидан ушлаб олиб кетилгани тўғрисида хабар қилган эди.

Гапировга кўра, 29 январ куни имадиновлар хонадонига юзига ниқоб таққан ва бир қисми қуролли бўлган қарийб 20 милиция ходими бостириб кирган. Жаҳонгир ва Фарҳодни автомат қўндоғи билан калтаклаганлар.

Ҳуқуқ ҳимоячиси ўшанда “чет элдан пул ишлаб қайтганлар келиши биланоқ қўлга олиниши, уларга айблов илгари сурилиб, пуллари тортиб олиниши” тўғрисида ёзган эди.

Ўш милицияси эса, ўз вақтида ака-ука имадиновларнинг бири 2010 йил, “июн воқеаларига алоқадорликда гумон қилиниб”, иккинчиси эса, “наркотиклар савдосига алоқадорликда гумон қилиниб, халқаро қидирувда бўлгани” тўғрисида маълумот тарқатган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG