Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:27

Beeline абонентларини сел эҳтимолидан огоҳлантирди


Ўзбекистоннинг баъзи тоғли ҳудудларда сел келиши эҳтимолидан Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати ҳам огоҳлантирган эди.
Ўзбекистоннинг баъзи тоғли ҳудудларда сел келиши эҳтимолидан Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати ҳам огоҳлантирган эди.

Beeline мобил оператори ўзбекистонлик абонентларига 14 март куни тоғли ҳудудларда сел келиши кутилаётгани ҳақидаги хабарни йўллади. 7-8 март кунлари Ўзбекистоннинг турли вилоятларида ёққан қалин қор шу кунларда шитоб билан эримоқда. 6 мартдан 8 мартга қадар -7 даражага тушган ҳаво ҳарорати 9-10 март оралиғида, айрим ҳудудларда +15 даражага қадар кўтарилди.



Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши кутилган ва айрим ҳудудларда сел келиши эҳтимоли тилга олинган эди.

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида сел эҳтимоли мавжуд ҳудудда яшаётган Озодлик тингловчиси Набижон Жўрабоев шу кунлардаги об-ҳаво ва сел хавфи ҳақида тарқатилган хабар ҳақида хабар йўллади.

- Қор ўша айтгандай 7 числодан бошлади. Кечаси билан майдалаб ëғдию эрталаб 11ларда асосий қор бошланди. 8 мартда ҳам кечгача қор ëғди. Шунинг учун қор жуда қалин бўлди. Совуқ энг узоғи 7 градусга борди кечаси.

Озодлик: Қорнинг қалинлиги қанча бўлди?

- 25-30 сантиметр бизнинг районнинг ичида бўлди.

Озодлик: Тоғлардачи:?

- Тоғларда менимча ярим метрга борган бўлса керак. Чунки тоққа қалин тушадида. Машинамнинг устидаги қорни, гаражим устидаги қорни ўзим ўлчадим: 25 сантиметр бўлди. Бунақа қор яқинда ëғмаган. Қишда ҳам ëғмаганда бу нарса. Икки кеча совуқ бўлдию, кеча, бугундан бошлаб қор кечаси билан эрияпти. Анча қор эриб кетаяпти. Чунки чилла чиққандан кейин ерда қор турмайди.

Озодлик: Ҳаво ҳарорати бугун қанча?

- Бизда бугун 15 градусга чиқди. Лекин телевизор 10-12 градус бераяпти.

Озодлик: Сел хавфи борми ҳозир?

- Фақат битта нарсадан хавф, агар қор ҳозир эриб кетса, сел хавфи бўлмайди. Лекин агар ëмғир ëғса, сел хавфи кучли бўлади.

Озодлик: Огоҳлантириш қачон келди сизларга?

- Бугун келди. 14 мартгача сел келади, деган хабар бугун соат 16-17ларда келди.

Озодлик: Уни Билайн компанияси жўнатди тўғрими?

- Ҳа, Билайн компанияси жўнатди. 14 мартгача сел келиш хавфи бор, деб ëзибди,- дейди Набижон Жўрабоев.

Бунга қадар Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати 6-10 март кунлари мамлакатда ҳаво ҳароратининг кескин совуши, тоғли ҳудудларда эса сел келиши ва қор ёғиши кутилаётгани ҳақида маълумот берган эди.

Бу хабар ортидан Озодликка сўзлаган айрим ғаллаоролликлар сел эҳтимолидан аҳоли огоҳлантирилмаганини айтган, аммо туман ҳокимлиги мутасаддилари буни инкор қилган эдилар.

Ўтган йилнинг феврал ойида Ғаллаорол туманининг бир неча тоғли қишлоқлари — Турк, Жарбулоқ, Чўмичли, Жума, Каризқудуқ ва Тошкамар қишлоқлари сув остида қолган эди.

Жумладан, туманнинг Сарбозор қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Қўшсарой қишлоғида истиқомат қилувчи 45 ёшли Ёдгор Шодибоев сел боис 8 хоналик уйи қулаб тушганини сўзлаб берган эди.

Бу оиланинг аҳволидан хабардор Набижон Жўрабоевга кўра, селда уйини йўқотган оилаларнинг айримлари ҳануз чодирларда яшамоқда.
Ўтган йилнинг феврал ойидаги кучли селдан сўнг Ўзбекистон ҳукумати Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида юз берган сел ва сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун 2 миллиард 92 миллион сўм маблағ ажратган эди.

Бу малағ уйини сел олган ёки селдан зарар кўрган 234 та уй эгаларининг имтиёзли нархда қурилиш материаллари харид қилиши учун сарфланиши айтилган эди.

Бироқ, селдан жабр кўрган ғаллаоролликларнинг бу ёрдам ҳозирга қадар тўлалигича уларга етиб келмагани ҳақидаги даъволарини Ғаллаорол тумани ҳокимлиги мутасаддиси инкор қилди.

"Ёрдам пуллари бериляпти. Ёрдам берилаяпти", дея мужмал жавоб берган ҳокимият вакили қарийб 3 миллиардлик ёрдамдан, ҳатто неча дона уй қурилгани ёки таъмирлангани ҳақида ҳам маълумот бермаган.
XS
SM
MD
LG