Линклар

Гулнора Каримова Мўътабар Тожибоева ва Крейг Мюррейни ëзғирди


Гулнора Каримова веб-блог ва ижтимоий тармоқларда ўзининг "шахсий ҳудудига" оид лавҳаларни ҳам эълон қилиб туради. (Twitter саҳифасида эълон қилган расмда Г.К. йога позаларини кўрсатмоқда)

Гулнора Каримова веб-блог ва ижтимоий тармоқларда ўзининг "шахсий ҳудудига" оид лавҳаларни ҳам эълон қилиб туради. (Twitter саҳифасида эълон қилган расмда Г.К. йога позаларини кўрсатмоқда)

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Интернетдаги блогида Bilan журналига берган интервьюсинининг тўлиқ вариантини эълон қилди. Унда Швейцария нашри эълон қилган интервьюга кирмай қолган тафсилотлар бор.



Гулнора Каримова ўзининг Bilan журналига тўла интервьюси деб тақдим қилган матнда, Женевадаги "уйига бостириб борган" Мўътабар Тожибоева ҳамда “стрип-бар раққосасига уйланган” собиқ элчи Крейг Мюррей шаънига дашномлар бор.

Гулнора Каримова ўзининг wordpress.com блогида баҳорнинг илк кунида унинг Швейцариядаги вилласига ташриф буюрган ўзбек фаолларининг ҳаракатларига ҳам баҳо беради.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоева 2 март куни даниялик журналист Майкл Андерсон, Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей ва Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўзбекистон бўйича собиқ вакили Игор Воронцовлар билан бирга Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи, Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Гулнора Каримовага тегишли виллага боришган эди.

– Биз ўзбек халқидан ўғирланган пуллар нимага сарфланганини бир кўриб қўймоқчи эдик ва кўрдик,- дея ўз ҳаракатини изоҳлади Мўътабар Тожибоева Охзодлик билан суҳбатда.

Март босқини

Гулнора Каримова ўзбек фаолларининг кутилмаган ташрифини ўз блогида “март босқини”, дея ифодалайди.

– Масалан, кеча¸ баҳорнинг илк кунида олган пулини оқлашга доим тайëр бўлган¸ на бир қизиқиши ва на бир машғулоти бўлган¸ яхши ойлик тўланадиган иши ҳам бўлмаган навбатдаги “қўллов командаси” уйимга ташриф буюрди. Тасвирчи доҳил бу гуруҳ ичида ўзини энг камида "Club des Coeurs Ardents"нинг (Ўтюраклар клуби-таҳр.) президенти деб биладиган мадам Мўътабар Тожибоева бор эди¸ деб ëзган Гулнора Каримова матн давомида "ўзини ҳуқуқ фаоли деб атайдиган кимсалар" устидан полицияга арз қилишга мажбур бўлганликларини таъкидлаган.

Крейг Мюррей стрип-бар раққосасига уйланган чапани

Ўтган ҳафта Швейцариянинг "Bilan" журналида эълон қилинган суҳбатнинг тўлиқ варианти экани иддао қилинган матнда Гулнора Каримова ўзининг Женевадаги уйига ташриф буюрган фаоллар орасида бўлган Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррейга қарши дашномларни изҳор қилган.

Гулнора Каримова Крейг Мюррейни енгилтак ва чапани ҳаëт кечиришини ëзган ҳолда¸ ҳозир мамлакатни тарк қилган МТС мулозими Беҳзод Аҳмедов билан ҳамтовоқ бўлганини ҳам таъкидлайди.

Гулнора Каримованинг ёзишича, шу йил 9 январи куни Бекзод Аҳмедов ўзининг кўп сонли оиласи аъзолари билан қочқин мақомини олиш учун мурожаат қилган. (Гулнора Каримова Беҳзод Аҳмедов қайси мамлакатдан бошпана сўраганини аниқлаштирмайди-таҳр.)

Машхурлик юки

Собиқ Совет Иттифоқида чоп этилган "Крокодил" ҳажвий журналида 1983 йили эълон қилинган карикатурада машҳур “Ну погоди!” мултфилмидаги олифта бўрининг ўрмондаги оддий бўрилар даврасида тургани тасвирланган. Тасвир остида мана бу ëзув ëзилган эди: "Ҳар куни мени тасвирга олишади. Машҳурликдан чарчадим. Мен ҳам оддий бўрилар каби увиллагим келади".

Гулнора Каримова ўзининг Bilan журналига тўла интервьюси деб тақдим қилган матнда ҳам шунга менгзайдиган сатрлар бор.

– Машҳурлик бу жуда баҳсли ва мунозарали нарса. Қанча exposed ("одамлар назарида" демоқчи-таҳр.) бўлиб ўзингни намоëн қилганинг сайин сенга ва сенинг шахсий ҳудудингга ташланадиганлар кўпаяди¸- деб ëзғирган Гулнора Каримова 2 март куни унинг Женевадаги қасрига кўз ташламоқчи бўлганларни “ҳасадгўй” ва “зараркунандалар”, деб атайди.

Солиқ ҳисобидан маош оладиган оддий мулозима

Каримова хоним 2008 йил сентябр ойидан буён Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ қароргоҳи ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили ҳисобланади.

Лекин Каримова хоним сўнгги ойларда Женевадаги иш ерида кўринмай қолган.

Bilan журнали 2011 йилда Ўзбекистон биринчи қизларининг бойлиги 1 миллиард долларни ташкил этади, дея уларни Швейцариянинг энг бой кишилар рўйхатига киритган эди.

Швейцария матбуоти улар 2009 йилда Женева кўли соҳилида ҳашаматли виллаларни сотиб олганлари ҳақида ёзган.

Bilan журналига кўра, Гулнора Каримова сотиб олган уй нархи 19 миллион АҚШ долларига тенгдир.

Ўзини давлатдан маош олиш ҳисобига яшайдиган давлат мулозими қилиб кўрсатишга уриниб келаëтган Гулнора Каримова, Bilan журналига берган интервьюсида, бу бойликлар юзасидан изоҳ бермаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG