Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:45

МДҲ бош дипломатларининг навбатдаги учрашуви Тошкентда ўтади


Шу йилнинг 5 апрел куни Ўзбекистон пойтахтида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтади.


Вазирлар учрашувида гуманитар, хавфсизликни таъминлаш ҳамда бошқа соҳалардаги давлатлараро ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган 10 та ҳужжат лойиҳаси кўриб чиқилиши режаланган.

МДҲ ижроия қўмитаси маълумотларига кўра, гуманитар соҳадаги ҳамкорликни теранлаштиришга қаратилган энг эътиборли ҳужжат МДҲга аъзо давлатларнинг олий таълим тўғрисидаги ҳужжатларни, яъни дипломларни ўзаро тан олиш ҳақидаги лойиҳа бўйича қарор бўлиб ҳисобланади.

Ташқи ишлар вазирлари кенгаши иштирокчиларининг хавфсизликни таъминлаш соҳасдаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ҳужжат лойиҳаларини ҳам кўриб чиқишлари кутилмоқда.

Хусусан, Тошкентдаги учрашувда вазирлар МДҲга аъзо мамлакатларнинг ахборот технологияларидан фойдаланиш орқали содир этилувчи жиноятларга қарши кураш бўйича ҳамкорлиги концепцияси лойиҳасини, МДҲ ташқи чегараларидаги хавф-хатар бўйича тезкор чоралар кўриш учун чегара хизматлари мутахассисларининг (экспертларининг) қўшма гуруҳларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги битим лойиҳасини, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар солиқ (молиявий) текширув органлари раҳбарлари мувофиқлаштирувчи кенгаши ҳақидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лойиҳасини кўриб чиқишлари режаланган.

Шунингдек, МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ўз салоҳияти доирасида МДҲ доирасидаги ташқи ишлар вазирликлари аро кўп босқичли маслаҳатлашувларнинг 2012 йил учун белгиланган режасининг бажарилиши ва 2013 йил учун режа, МДҲга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирликлари консуллик хизмати раҳбарларининг консултатив кенгаши тўғрисидаги низом, МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлисини ўтказиш ҳақидаги қарор лойиҳаларини кўриб чиқади.
XS
SM
MD
LG