Линклар

Сўнгги кунларда Қирғизистонда учинчи инқилоб бўлиши ҳақида миш-мишлар кўпайди. Қирғизистон ҳукумати, парламенти ва президенти бу миш-мишлар теран таҳлил қилиниб, вазият назорат остида деган хулосага келинганини айтса-да, таҳлилчилар мамлакатдаги сиёсий-ижтимоий аҳвол нобарқарор деган хулосани билдирмоқда.

Қирғизистонда учинчи инқилоб бўлиши тўғрисидаги миш-мишлар баҳорнинг илк кунлари мамлакатнинг турли бурчакларида норозилик митинглари ва сиёсий мухолифат қурилтойлари ўтказилиши муносабати билан пайдо бўлди.

Бу миш-мишлар ортидан ҳукумат, ҳуқуқ-тартибот тузилмлари, президент маъмурияти ва парламент мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятни муҳокама қилди.

Парламентдаги ҳукмрон коалициянинг бу масалада ўтказган ёпиқ эшиклар ортидаги йиғинида Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмлари депутатларни вазият назорат остида эканига, нобарқарорлик кутилмаётганига ишонтирди.

Айни пайтда мухолифатдаги “Ата Журт” партияси 5 мартдан бери Ўш, Жалолобод ва Қоракўл шаҳарларида ўтказиб келаётган норозилик митингларини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди.

Бошида юз киши билан бошланиб, 11 март куни минг кишига етган митинг иштирокчилари ўтган йилнинг 3 октябрида ҳокимиятни куч билан босиб олишга ҳаракат қилганликда айбланиб судланаётган парламент депутатлари Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитовларнинг ҳибсдан озод этилишини талаб қилаётган эди.

Бироқ “Ата Журт” партияси раҳбариятининг митингларни тўхтатиш тўғрисидаги қарори партиянинг оддий аъзолари томонидан қўллаб-қувватланмади.
-Бизни ҳукумат яна алдайди. Шунинг учун биз митингни тўхтатмаймиз. Суд якунлангунига қадар ҳар куни митингга чиқамиз, -деди “Ата Журт” партиясининг Жалолободдаги фаоли Жениш Токторов.

Қирғизистонда турли мухолиф сиёсий кучлар бирин-кетин ўтказаётган халқ қурилтойлари ҳам мамлакатда учинчи инқилобнинг содир этилиши тўғрисидаги миш-мишларни кучайтирмоқда. Масалан, 9 март куни Талас шаҳрида ўзини янги мухолифат деб эълон қилган “Миллий Буюк Бирдамлик” ҳаракати ташкил этилди. 13 март куни эса Бишкекда “Қирғизистонни сақлаш ҳаракати” қурилтойи ўтказилади. Ҳаракат раҳбари Мукар Чўлпўнбаевнинг айтишича, президент саройи олдида ўтадиган қурилтойга 5 минг одам таклиф қилинган.

-Биз ўз расмий қурилтойимизни ўтказамиз. Унга 5 минг киши чақирилган. Ҳукуматга етти талабимиз бор. Бу талабларимизни матбуотда эълон қилганмиз, ҳукумат ва президентга топширганмиз, -деди Мукар Чўлпўнбаев.

Қурилтойда Канада ширкати фойдаланаётган Қумтор олтин конини миллийлаштириш, Қирғизистондаги бошқа конларни ишга туширилишига мораторий эълон қилиш ва парламентни тарқатиш каби масалалар муҳокама қилинади.

Бишкек милициясининг 12 март куни маълум қилишича, қурилтой ўтказиладиган куни шаҳар марказини бир ярим мингга яқин милиция ходими қўриқлайди. Бундан ташқари, зарурат туғилса уч мингга яқин халқ қўшини аъзолари жалб қилинади.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев мухолифларнинг парламентни тарқатиш талабларини рад этиб келмоқда. Президент матбуот хизматининг билдиришича, Алмазбек Атамбаев мухолифатга парламентни тарқатишни талаб қилишни эмас, балки икки йилдан сўнг ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўришни тавсия қилган.

Қирғизистон матбуотида чиқиш қилаётган экспертлар эса мамлакатда вазият ҳақиқатдан ҳам нобарқарор эканини, бироқ халқнинг ҳукуматдан норозилиги оммавий тус олмаганини айтмоқдалар. Экспретлар фикрича, ҳукумат айни пайтда норозиларнинг ижтимоий ва сиёсий талабларига эътибор қаратса, вазият кескинлашувининг олди олинган бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG