Линклар

logo-print

Рус кампирини ўлдирганликда айбланаётган ўзбекистонлик умрбод қамалиши мумкин


Ўзбекистон фуқароси Рустам Нурматов.

Ўзбекистон фуқароси Рустам Нурматов.

Ўтган йилнинг август ойида 72 ёшли рус аёлини ўлдириб, зўрлаганликда айбланаётган 23 ёшли ўзбекистонлик йигит яна камида тўртта жиноятга алоқадорликда гумон қилинмоқда.


2013 йилнинг 28 февралида Москвада қўлга олинган Ўзбекистон фуқаросига ўтган йили шаҳарнинг Битцево паркида мурдаси аниқланган 72 ёшли аёлни ўлдирганлик айблови эълон қилинди.

Москва шаҳар Тергов қўмитаси бош бошқармаси раҳбари муовини Сергей Стукалов берган маълумотга кўра, бу шахс кампирни аввал ўлдириб, кейин унга жинсий тажовуз қилган.

- Терговчилар томонидан аёл қаттиқ калтаклангани ва зўрлангани аниқланди. Олинган жароҳатлардан у ҳодиса жойида жон берган. Пойтахтнинг Жануби-шарқий округи жиноят қидирув бўлими ходимлари терговчилари билан бирга бу жиноятни содир этганликда айбланаётган жиноятчининг шахси аниқланди. У 23 ёшли Ўзбекистон фуқароси Рустам Нурматовдир,- дейди Озодликка Сергей Стукалов.



Тергов қўмитаси мулозимидан олинган маълумотларга кўра, ўтган йилнинг 18 августида Ясенево полиция бўлинмаларидан бирига ўз қариндошини йўқотиб қўйган бир гуруҳ маҳаллий фуқаро мурожаат қилган. Кейинчалик Профсоюзная кўчаси рўпарасидаги ўрмонзордан 1940 йилда туғилган аёлнинг жасади топилган.

Тергов қўмитаси вакили сўзларига кўра, айбланувчи Рустам Нурматов Москвада ҳеч қаерда ишламаган ва қонуний қайддан ўтмаган.

Москва шаҳар полицияси Рустам Нурматовни пойтахтда шу таҳлит содир этилган яна камида тўртта жиноятга алоқадорликда гумон қилинмоқда.

Москва Тергов қўмитаси расмийси Сергей Стукалов ҳозир шаҳар тергов изоляторларидан бирида сақланаётган ва рус тилини мутлақо билмаслигини айтаётган Нурматовга нисбатан Черемушки туман суди қарори билан 1 ой муддатга ҳибсда сақлаш чораси қўлланганини айтди.

Тергов қўмитаси томонидан Россия Жиноят Кодексининг 131-моддаси 1-қисми (зўрлаш), 244-моддаси 1-қисми (ўлган одам жасадини таҳқирлаш) ва 105-моддаси 1-қисми (қотиллик) бўйича жиноий иш очилгани маълум қилинди.

Ҳозирда Москва тергов изоляторида сақланаётган Нурматовни давлат томонидан тайинланган адвокатлар ҳимоя қилмоқда. Москва полицияси ва терговчилари сўзларига кўра, олиб борилган тафтиш давомида ўзбек муҳожири жиноятни содир этганликда ўз айбига иқрор бўлган. Полициячилар Рустамнинг айбини исботловчи бошқа далил-исботлар борлиги, бироқ бу ҳозирча тергов сири эканини гапиришди.

Бундай айбловлар исботини топган тақдирда Рустам Нурматовга умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG