Линклар

logo-print

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг “Интернет душманлари” рўйхатида бу йил Ўзбекистон йўқ. Лекин, ташкилотга кўра, Ўзбекистоннинг бу йил "қора рўйхат"га киритилмагани унинг "Интернет душманлари" сафидан чиқарилганини ангалмайди.


Халқаро ташкилот бу йил “Интернет душманлари” рўйхатига беш давлат - Сурия, Хитой, Эрон, Баҳрайн ва Вьетнамни киритди.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотига кўра, мазкур давлатлардаги репрессив тузумлар Интернетни назорат этиш, кузатув олиб бориш учун барча турдаги чораларни қўлламоқда.

Булар интернет цензурасидан тортиб, ўзгача фикрловчи Интернет фойдаланувчиларини қамоққа ташлаш каби чоралардир.

“Киберцензура 2012”, деб номланган ҳисоботда Эрон ўзининг алоҳида Интернет тизимини яратгани билдирилган. Теҳрон буни мамлакат ядровий иншоотларига киберҳужумлар уюштирилишининг олдини олиш мақсадида қилингани билан изоҳлаган.



Ҳисоботда Россия “ёшларни ҳимоя қилиш” баҳонасида зарарли вебсайтлар “қора рўйхати”ни тузганлик учун танқид қилинган.

Ташкилот ҳисоботида дунёдаги ҳар уч Интернет фойдаланувчисидан бири эркин интернетга кириш имкониятидан маҳрум экани айтилади.

"Чегара билмас мухбирлар" ўзининг янги йиллик ҳисоботини "Интернетда цензурага қарши кураш куни" арафасида эълон қилди.

Ташкилот ҳар йили эълон қиладиган “Интернет душманлари” рўйхатида бу йил Ўзбекистон йўқ.

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими директори Йохан Бир, Озодлик билан суҳбатда, Ўзбекистоннинг бу ҳисоботга киритилмагани мамлакат "Интернет душманлари" рўйхатидан чиқарилганини англатмайди, дейди.

- Ўзбекистон шак-шубҳасиз ҳозир ҳам Интернетнинг ашаддий душманларидан биридир. Бу йил ташкилотимиз Интернетдаги назорат ва кузатувлар масаласига урғу бергани боис асосий эътибор бу борада катта муаммо мавжуд бўлган бешта давлатга қаратилди, Ўзбекистон бу рўйхатга кирмади. Ўзбекистон киберфазода сўз эркинлиги истиқболи қоронғулигича қолаётган мамлакат бўлиб қолмоқда, - дейди Йохан Бихр.

Ўзбекистон беҳаё сайтларни тўсиш, конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган ахборотни тўхтатиш важи билан қатор халқаро оммавий ахборот воситалари веб-сайтларига тўсиқ қўйган ва "Интернет душманлари" рўйхатига киритилган мамлакат ҳисобланади.

"Чегара билмас мухбирлар"га кўра, ҳукуматни танқид қилиш, иқтисодиётнинг ҳақиқий аҳволига оид маълумотлар, инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳолат билан боғлиқ шароит Ўзбекистонда қалтис мавзулар саналади.

Ўзбекистонда Интернет фойдаланувчилари сони бугунга келиб 8 миллиондан ошган.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги берган бу маълумотларга ишонилса Ўзбекистонда ҳар уч одамнинг бири Интернетдан фойдаланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG