Линклар

Россиялик миллиардер Алишер Усмоновга тегишли USM Holdings Ltd. ширкати Mail.ru Интернет-холдингидаги акцияларини сотиш эвазига “ВКонтакте” ва Tele2 мобил алоқа компанияларини тўлиқ сотиб олиши мумкин. Алишер Усмонов интернетдаги ижтимоий тармоқлар энг яхши ривожланаётган инвестиция майдони эканига ишонишини айтгани бунга ишора сифатида кўрилмоқда.

Россиялик миллиардер Алишер Усмоновга тегишли USM Holdings Ltd. ширкати Mail.ru интернет-холдингидаги акцияларини сотиш эвазига “ВКонтакте” ва Tele2 мобил алоқа компанияларини тўлиқ сотиб олиши мумкин. Алишер Усмонов интернетдаги ижтимоий тармоқлар энг яхши ривожланаётган инвестиция майдони эканига ишонишини айтгани бунга ишора сифатида кўрилмоқда.



Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган ва Forbes рўйхатига кўра, Россиянинг энг бадавлат кишиси саналган Алишер Усмоновнинг USM Group ширкати Лондон биржасида Mail.ru Интернет тармоғининг 15,5 миллион дона акциясини сотгани маълум бўлди.

Mail.ru Group ширкатининг 7,4 фоизни ташкил этувчи бу капитални сотганидан кейин Усмонов Россияда энг оммавий саналган бу Интернет-компаниясида жами 17,9 фоиз пакетини сақлаб қолди.

USM Group олдинроқ имзоланган шартномаларга кўра, Mail.ru нинг бошқа акцияларини сотишга ҳаққи йўқ, деди “Вести”га берган интервьюсида USM Advisors Бош директори Иван Стрешинский.

- Биз учун Mail.ru стратегик сармоямиз ҳисобланади. Биз келгуси ярим йилга шартнома асосида lock up, яъни ярим йил давомида сотиш ҳуқуқига эга бўлмасак-да, бу муддат якунланганидан кейин ҳам Mail.ru нинг бошқа акцияларини сотиш ниятида эмасмиз,- деди Иван Стрешинский.

Расман эълон қилинган рақамларга кўра, Лондон биржасида пулланган Mail.ru акциялари Алишер Усмонов 559 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ундирган.

Усмоновнинг Mail.ru тармоғига бўлган қизиқиши сўнмаслигига компания охирги бир неча йил давомида кескин ўсиш кўрсатаётгани ва жорий йилнинг 28 мартида ўз акциядорларига 899 миллион доллар ҳажмида дивидендлар тўланиши сабаб бўлаётгани айтилмоқда. 2012 йил натижаларига биноан, Mail.ru Groupнинг соф даромади бир йилда 37 фоизга ўсган.

1998 йилда ташкил этилган Mail.ru Group, Интернетнинг рус тилида сўзлашувчи сегментида етакчилик қилиб келади. Ҳозирда компания лойиҳалари, айрим манбаларга кўра, Россиянинг 85 фоиз Интернет аудиториясини қамраб олмоқда.
Шунга қарамасдан, ўзининг асосий активларини кончилик ва металл ишлаб чиқариш соҳасида кўпайтирган Алишер Усмонов, сўнгги пайтларда “ВКонтакте” ижтимоий тармоғига катта қизиқиш билдираётганини яширмаётир.

Сўнгги интервьюларидан бирида, Алишер Усмонов “ВКонтакте” асосчиси бизнесмен Павел Дуровни “Россиянинг бойлиги” деб атаб, бу компаниядаги сармоялари ҳажмини кўпайтириш ниятида эканини маълум қилди.

- Мен сармояларни оширишни режалаштиряпман, агарда бунга оқилона ва бозорга мос имконият яратилса. Бу ҳақда, айрим танаффуслар билан, тинимсиз музокаралар олиб борилмоқда. Ўйлайманки, шу йили биз натижага эришамиз. Мен бу компанияга ва унинг Россия Интернетининг феноменига айланишига ишонаман,- дея билдирди Алишер Усмонов.

Айтиш жойизки, бундан илгарироқ Mail.ru асосчиси ва раҳбари Дмитрий Гришин “ВКонтакте” ва “Одноклассники” тармоқларини бирлаштириш режалари борлигини эълон қилиши Павел Дуровнинг кескин эътирози ва иккита тармоқ раҳбарларининг очиқчасига тўқнашувига олиб келган.

Муаммо Алишер Усмоновнинг ўртага тушиши ва Mail.ru раҳбарларини “ВКонтакте” ижтимоий тармоғини ўзига қўшиб олиш ниятидан қайтаргани туфайли бартараф этилди. Ҳозирда Mail.ru “Одноклассники” ижтимоий тармоғи акциларининг 100 фоизи ва "ВКонтакте” нинг 39,9 фоизини эгаллаши маълум.

Айни пайтда, Усмонов бошқараётган бирлашма “Мегафон”, “Норильский никель”, “Металлоинвест” каби бошқа компаниялардан йирик дивидендлар олиш арафасида экани маълум бўлди. Айрим кузатувчилар фикрича, бу каби катта миқдорда “ортиқча” маблағ нафақат “ВКонтакте”, балки Россия мобил алоқа операторлари орасида катталиги жиҳатидан тўртинчи ўринни эгаллаб келаётган Tele2 ширкатини сотиб олишга сарфланиши мумкин.

Усмонов менежерлари бу миш-мишларни расман тасдиқламаётган бўлса-да, Tele2 активларининг сотиб олиниши Россияда “Мегафон” компаниясининг нуфузини кескин ошириб юбориши мумкинлиги айтилмоқда.

Алишер Усмонов россиялик ҳамкори Юрий Милнер билан бирга дунёнинг энг йирик ижтимоий тармоғи саналган Facebook нинг 10 фоиз ҳиссасини сотиб олган.

У асос солган "Металлоинвест" ширкати Россиянинг энг йирик хом ашё ишлаб чиқарувчи корхонаси ҳисобланади.

Усмоновга Digital Sky Technologies (DST) ширкатининг 80 фоизи, Россиянинг Mail.ru Интернет ширкатида 26,9 фоизлик акциялари, Муз-ТВ канали акцияларининг 75 фоизи, Лондоннинг "Арсенал" футбол клубининг 27 фоизи тегишлидир.

2013 йил март бошларида эълон қилинган Forbes рўйхатида келтирилган дунёнинг энг бадавлат 1426 кишиси орасида бойлиги 18,1 миллиард доллар деб баҳоланган Алишер Усмонов 34 ўринга қўйилган.

Аммо, Bloomberg агентлиги тахминича, тадбиркорнинг бойлиги 20 миллиард 100 миллион АҚШ доллари атрофидадир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG