Линклар

Озодлик радиоси илк бор эфирга чиққанига 60 йил тўлиши муносабати билан радио тарихига оид туркум эшиттиришларни ҳозирладик. Бу лавҳамиз радио ëйинлана бошланган илк йилларга оид кузатишлардир.


Бундан 60 йил олдин, 1953 йилнинг 18 март куни Германиянинг Мюнхен шаҳридаги радиостанциядан ўзбек тилидаги илк эшиттириш янгради:

- Озодлик радиосидан гапирамиз! Озодликдан гапирамиз! Ассалому алайкум.

Совет Иттифоқидаги ўзбеклар учун ҳозирланган илк дастур Озодлик номи билан эфирга узатилди ва биринчи эшиттиришидан ҳозирга қадар ўз номини ўзгартирмай келаëтир. Бу ном ўтган 60 йил ичида бутун дунё ўзбеклари биладиган таниқли брэндга айланди. (Радионинг рус хизмати аввалига "Освобождение" номи билан иш бошлаб¸ кейинроқ "Свобода"га айланган эди.)

Татар-Бошқирт хизмати собиқ директорлари Гариф Султон (чапдан иккинчи) ва Фарид Ағи (ўнгдан иккинчи). Мюнхен, Германия. Сана аниқ эмас.

Татар-Бошқирт хизмати собиқ директорлари Гариф Султон (чапдан иккинчи) ва Фарид Ағи (ўнгдан иккинчи). Мюнхен, Германия. Сана аниқ эмас.

Озодликнинг ўзбек хизмати илк эшиттиришларида 1937 йилги Сталин қатлиомидан омон қолиб¸ Европадан бошпана топган ўзбек ойдинлари – Туркистон легиони ташаббусчи ва етакчиларига таянди.

Ҳаракат етакчилари Доктор Боймирза Ҳайит ва Вали Қаюмхонлар ўз асосий ишлари баробарида Озодлик радиоси билан ҳамкорлик қилишди.

Озодликнинг илк ходими сифатида Вали Зуннун тахаллуси билан эфирга чиққан собиқ Туркистон легионери Абдулла Тўлаган тилга олинади. Ўша пайтда Туркистон редакцияси деб юритилган Озодликнинг таҳририят ҳужжатларидан 1972 йилга оид қисмида ҳам Вали Зуннун имзосини кўрдик.

Озодликнинг илк йилларида Қосим Иноятий¸ Омон Бердимурод¸ Абдуваҳоб Қора каби журналистлар ишлашган.

1976 йилда Вали Зуннун оламдан ўтганидан кейин Озодлик радиосига раҳбарлик қилган Ҳусайн Икром эфирга узатилаëтган лавҳа ва хабарларнинг Ғарб журналистикаси қоидаларига уйғун тарзда холис ва тезкор бўлишини таъминлашга ҳаракат қилди.

Кейинчалик улар сафига Туркистонлик Жомбой¸ Чиғатой Кўчар¸ Раъно Ҳабиб¸Темир Хўжа ўғли¸ Анваржон¸ Ëқуб Турон каби мамлакат ташқарисида истиқомат қилаëтган ойдинлар қўшилди.



Темир пардани йиртган овоз

Тарих чиғириқларидан омон чиққан Туркистон ойдинлари ўзларининг эрк¸ ҳуррият ва инсон ҳақлари ҳақидаги тушунчаларини радиода ишлаган илк кунлариданоқ имкон қадар қоғозга ëзиб¸ Озодлик микрофони олдида ўқишди.

Ўша пайтда темир парда ортида бўлган Совет Иттифоқида бу дастурларнинг ким ва қандай эшитаëтганини аниқлаш қийин эди.

АҚШнинг Москва марказидаги элчихона биносига совет дўконларидан сотиб олинган радиоприëмниклар олиб келиниб, Озодлик дастурларининг эшитилиш сифати текширилди.

Элчихона мутахассислари дастурнинг техник сифатидан қониқишди.

Совет Иттифоқи ҳудудига ўрнатилган тўлқин тўсувчи ускуналар тўридан бўғилароқ ўтган Озодлик дастурларини 1953 йилда ўзбекистонликлар қандай эшитгани ҳақида маълумот деярли йўқ.

Ўша пайтда 23 ëшда бўлган тарихчи олим Гога Ҳидоятов Озодлик дастурларини илк бора эшитган ўзбеклардан бири.

Ҳозир 83 ëшда бўлган профессор Гога Ҳидоятов аввалига рус тилидаги дастурларни эшита бошлаганини, кейинроқ эса ўзбекча эшиттиришларни тинглаганини айтади:

- 1959 йилдан бошлаб эшитганман. Ўзимда радиога қўйиладиган приставка бор эди. Ўзи хавфли эди-да, эшитиш. Менга битта рус муҳандиси тўғрилаб берганди приставкани. Бемалол эшитгандим.

Озодлик: Мавзулар нима эди? Нима ҳақда гапиришган?

- Биринчидан, ахборот. Бизда совет даврида ташвиқот, ахборот бир томонли бўлганди. Шунинг учун ахборотга жуда қизиққандим. Чунки, биринчидан, бошқа бир манбадан берилган ва бошқа маънода берилган. Шунинг учун, менимча, 90 фоиз одамлар эшитганди ўшанда. Озодлик радиосими, бошқа радиоларми аҳамияти жуда катта эди. Чунки ўзимизга¸ ўз муаммоларимиз ва илдизимизга қарагандик ўшанда. Бу ëқда бунақа гаплар бўлса, совет газета, радиоларда бунақа бўлса, дунëда бутунлай бошқача жараëнлар кетаëтгани бу жуда катта гап эди. Шунинг учун совет даврида совет халқида кайфият ўзгаришида жуда катта рол ўйнаган эди. Менимча, 60-йилларда мен эшитган бўлсам, 80-йилларда бутун Совет Иттифоқи эшитган эди.

Озодлик: Аниқ бир мавзуни эслайсизми?

- Биринчидан, Чернобил. Чернобилда бўлган воқеаларни совет ташвиқот манбалари бир ҳафта ҳеч нарса демаган. Биз фақат Озодликдан билгандик. Озодлик ҳар куни айтиб берарди шуни. Ўшанда, биринчи навбатда, совет манбаларига шубҳа туғилди. Демак, нафақат сукунат, балки бузиб бераëтгани ахборотни. Иккинчидан, албатта Афғонистон. Афғон воқеаларини биз совет манбаларидан билиб, у ëқдаги воқеаларни, у ëқдаги бўлган жараëнларни кўпроқ асосан Озодлик¸ Свобода, Би-би-си, Америка овозидан билгандик. Шунинг учун ўшанда бизнинг совет халқида бу алтернатив жараëн бўлганини тасдиқлаб берган. Бунинг аҳамияти жуда катта эди. Бу ëқда сохталаш, бунақа нарса йўқ эди. Фақат информация берарди, дея эслайди тарихчи олим.

Озодлик тезкор ахборот манбаи


Тарихчи Гога Ҳидоятов Озодлик радиосини 1959 йилдан бери эшита бошлаган бўлса¸ 75 ёшли математик олим, профессор Отаназар Орипов Озодлик дастурини 1965 йилдан бошлаб эшитганини айтиш баробарида, бир жиҳатга эътибор қаратди:

- 1965 йилда Тошкентда бир автобус жарга қулаб кетганда ўшанинг эртасига “Озодликда айтибди шу воқеани”, деб айтишди. Иккинчи кўприкнинг олдида жар бор. Сув тўла бўларди кўпроқ. Қиш пайти ўзи. Сирпанчиқ пайти. Мясокомбинат ишчилари экан. Ўртаовулда мясокомбинатга кетаëтган ишчилар бир автобус жарга қулаб тушган. Шундан биттами, иккитами одам қутилиб қолган. Бошқа ҳаммаси нобуд бўлган воқеа бу. Шунақа воқеалар, ҳодисалар кўп бўларди. Биз билмасдик қаердан олиб айтади. Мана шу шаҳарда бўлиб кўра олмай, эшита олмай қоламиз. Политехника институтида ишлаб юрган вақтларим. ВУЗгородокда олимлар, студентлар ўртасида “Озодлик эшитасанми?” деб сўрашарди бир-биридан. Эшитиш керак, эшитмасанг сен зиëли эмас экансан, деган гапларни эшитганмиз. Миллатимизнинг келажагини ўйлаш учун, фикрлаш учун, хизмат қилиш учун Озодлик радиосини эшитмасанг, сен зиëли бўла олмайсан, деган гапларни эшитганмиз. Шундан кейин эшитадиганлар жуда кўпайган.

Совуқ уруш маҳсули


Иккинчи Жаҳон уруши асоратлари битиб¸ капиталистик ва коммунистик мафкурани ўзига дастуриламал қилиб белгилаган икки қутблик дунëда Совуқ уруш шамоллари эса бошлади. Бу урушнинг асосий жабҳаларидан бири ахборот ва пропаганда деб топилди.

Радионинг Мюнхендаги студияларидан бири.

Радионинг Мюнхендаги студияларидан бири.

1950 йилда АҚШ Давлат департаменти ва ўшандаги Сиëсий мувофиқлаштириш идораси (кейинчалик Марказий разведка бошқармаси)нинг етакчи мулозимлари СССР ва Шарқий Европадан қочган сиëсий диссидентлар истеъдод ва билимидан Америка ташқи сиëсатини бу ҳудудларда ëйиш мақсадида фойдаланишга имкон берувчи иккита алоҳида радио тузишга қарор қилдилар.

Шу тарзда 1950 йилда Болгария¸ Чехославакия¸ Венгрия¸ Полша ва Руминияга маҳаллий тилларда радиоэшитттириш узатувчи Озод Европа¸ 1953 йилда эса¸ СССР ҳудудига рус ва яна 15 миллий тилда янгилик тарқатувчи Озодлик радиостанциялари иш бошлади.

Иккала радио фаолияти ҳам аввалига АҚШ Конгресси орқали Марказий разведка бошқармаси томонидан молиялаштириладиган бўлди.

1971 йилда АҚШ Марказий разведка бошқармасининг радиолар фаолиятидаги роли тугатилди ва радиостанциялар тўғридан-тўғри Конгресс томонидан молияланадиган бўлди.

1976 йилдан бошлаб битта ташкилотга бирлаштирилган Озод Европа/Озодлик радиостанциси фаолияти Халқаро эшиттиришлар бошқарув кенгаши томонидан назорат қилинади.

Коммунист режимлар илк кунлариданоқ бу радио овозини ўчириш¸ мухбирларини қўрқитиш ва террор қилишни бошладилар; 1981 йилда радионинг Мюнхендаги бош қароргоҳида Руминия махфий хизматлари томонидан қўйилган бомба портлади.

Аммо орадан атиги 4 йил ўтиб Совет Иттифоқида иқтидорга келган Михаил Горбачевнинг ошкоралик сиëсати коммунизм инқирозини яқинлаштирган бомба каби бўлди.

Навбатдаги лавҳамиз Озодлик учун янги имкониятлар олиб келган Горбачев давридаги фаолиятимизга оид ҳикоялардан иборат.

Радионинг Мюнхендаги бош қароргоҳида 1972-76 йилларда ишлаган Чехославакия разведкаси жосуси Павел Мираник ҳужжати.

Радионинг Мюнхендаги бош қароргоҳида 1972-76 йилларда ишлаган Чехославакия разведкаси жосуси Павел Мираник ҳужжати.



Радионинг Мюнхендаги қаророгоҳи биносида 1981 йилда коммунист режимлар уюштирган бомба ҳужуми амалга оширилди.

Радионинг Мюнхендаги қаророгоҳи биносида 1981 йилда коммунист режимлар уюштирган бомба ҳужуми амалга оширилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG