Линклар

logo-print

Рим Папасини сайлаш маросими чоршанба куни давом этади


 “Сикстин капелласи” мўрисидан чиқаётган қора тутун. Ватикан, 12 март 2013 йил.

“Сикстин капелласи” мўрисидан чиқаётган қора тутун. Ватикан, 12 март 2013 йил.

Католик черковининг 266-чи Папасини сайлаш маросими чоршанба куни давом этади.

Янги Рим Папасини сайлаш учун дунёнинг ҳар четидан келган 115 Кардинал сешанба куни қадимий анъанага кўра Ватикандаги “Сикстин капелласи” черковига киришган эди.

Бироқ конклавнинг биринчи кунида черков мўрисидан чиққан қора тутун авлиё Пётр майдонига йиғилганларга ҳеч қайси номзод етарлича овоз олмаганига ишора этди.

Рим католик черковига янги олий руҳоний бўлиб сайланиш учун номзодлар 77 ёки ундан кўпроқ овоз тўплаши керак.

Анъанага кўра, Ватикандаги авлиё Пётр майдонига йиғилган минглаб зиёратчилар ва журналистлар янги Папа сайланганини “Сикстин капелласи” черкови мўрисидан чиқадиган тутун орқали билиб олишади.

Қора тутун сайлов натижасиз якунлангани, оқ тутун эса янги Папа сайланганини англатади.

Шу тариқа, янги Папани сайлаш жараёни бир неча кунга чўзилиши мумкин.

Эслатамиз, феврал ойи оҳирида Рим Папаси Бенедикт XVI расман папаликдан истеъфо бериб, католик черковининг кейинги 600 йиллик тарихида рутбадан ўз ихтиёри билан воз кечган илк папа бўлди.

85 ёшга кирган папа истеъфо сабабларини соғлиги оғирлашгани билан изоҳлаган.

Аммо, халқаро ахборот воситаларида Ватикан руҳонийлари орасида "бесоқолбозлик"ни қўллаган ички лоббичилар гуруҳи борлигига оид иддаолар Бенедикт XVI нинг кетишига асл сабаб экани ҳақидаги мақолалар чоп этилмоқда.
XS
SM
MD
LG