Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:39

Россияда чақалоқфуруш ўзбек аёли судланади


Ватанга қайтиб кетишга чипта олиш учун 8 ойлик чақалоғини сотишга уринган ўзбекистонлик Нигора Солаева Волгоград вилоят суди қаршисига чиқарилади.

Россия Тергов қўмитаси Волгоград вилояти бўйича тергов қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, шу кунларда Ўзбекистон фуқароси бўлган 24 ёшли Солаевага нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ниҳоясига етиб, судга оширилган.

Аёл Россия Федерацияси Жиноят кодекси 127-моддаси 2-қисмининг “б” банди (вояга етмаган шахсни сотиш) бўйича айбланмоқда.

Маълум бўлишича, Нигора Солаева Волгоград вилоятига 2010 йилда ишлаш учун келган. Ёнида онаси 4 ёшли ўғли ва 8 ойли қизи билан Биково посёлкасида ерлашган аёл маҳаллий фермерлардан бирига қарашли далада ишлай бошлаган.

Ўтган йил ёзида молиявий аҳволи оғир бўлгани туфайли оила ватанга қайтишга қарор қилган, бироқ иш берувчи фермер 20 минг рубллик қарз туфайли аёлнинг паспортини олиб қўйган.

Ҳужжатларини қайтариб олиш ва Ўзбекистонга чипта харид қилиш учун Солаева қизалоғини сотишга қарор қилган.

Тергов маълумотларига кўра, аёл қизига харидорни меҳнат муҳожирлари орасидан қидирган.

Солаеванинг бу ниятидан хабар топган маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўзбекистон аёлни кузата бошлаганлар.

Аёл 2012 йилнинг 1 ноябр куни харидордан 30 минг рубл олиб, унга чақалоқни топшираётган пайтда қўлга олинган.

Мазкур ҳодиса бўйича етарлича далиллар йиғилганини билдирган россиялик терговчилар жиноят иши вилоят прокуратураси томонидан тасдиқланган айблов хулосаси билан судга юборилганини маълум қилганлар.

Нигора Солаева иши бўйича маҳкама қачон бошланиши ҳозирча маълум эмас.

Россияда ўзбек муҳожирларнинг ўз фарзандини пуллашга уриниши биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Бу ҳақда Озодлик ҳам бир неча бор хабар қилган.
XS
SM
MD
LG