Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:49

Остона яна бир қочқинни Тошкентга топширди


Қозоғистон расмийлари ўзбекистонлик бошпана изловчи Хайрулло Турсуновни бугун эрталаб ватанига экстрадиция қилди.


Бу ҳақда “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти нашри бўлган jarayon.com сайти хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, 11 ойдан буён Қозоғистон ҳибсхоналарида ушлаб турилган Хайрулло Турсунов 13 март куни Олмаотадан Тошкентга кетаётган учоқда Ўзбекистонга бериб юборилган.

Эслатиб ўтамиз, 18 январ куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоят жиноий ишлар бўйича суди асли қашқадарёлик бўлган 38 ёшли Турсуновни Ўзбекистонга экстрадицияга қилиш борасидаги Қозоғистон Бош прокуратураси қарорини ўз кучида қолдириш ҳақида ҳукм чиқарганди.

Хайрулло Турсунов ўтган йилнинг апрел ойида Ақтўбе орқали Россияга чиқиб кетаётганда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланиб, ҳибсга олинган. Кейинчалик полиция унга нисбатан Ўзбекистон томонидан экстрадиция қилиш борасида сўров борлигини аниқлаган. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Турсуновни конституциявий тузумга тажовуз ва диний-экстремистик ташкилотларга аъзоликда айблаган.

Хайрулло Турсуновнинг адвокати Кенес Жусуповга кўра, унинг ҳимоясида бўлган шахс Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзоликда ҳам айбланган.

10 ой мобайнида Ақтўбедаги тергов ҳибсхонасида ушлаб турилган Турсунов шу йил февралида Олмаотага этап қилинган.

Ўзбек қочқинининг Тошкентга экстрадиция қилиниши юзасидан қозоқ расмийларидан изоҳ олишга ҳозирча имкон бўлгани йўқ.

Хайрулло Турсунов муқаддам Қарши шаҳрида 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва шартли равишда озодликка чиққан. Кейин Қозоғистонга келиб, қочқинлик мақомини сўраган.

Аввалроқ БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги Қозоғистон расмийларидан Хайрулло Турсуновни ватанига экстрадиция қилмай туришни сўраган эди. БМТ вакиллари томонидан Остонага юборилган мактубда ўзбек қочқинининг иши айни пайтда Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлик томонидан кўриб чиқилаётгани, бу иш 6 ой давом этиши, шу вақт оралиғида Турсуновни Ўзбекистонга топшириб юбормаслик сўралганди. Маълумотларга кўра, қозоқ расмийлари бу мактубни ҳам эътиборсиз қолдирган.

Турсунов Қозоғистон расмийлари томонидан Ўзбекистонга бериб юборилган ўзбек қочқинларининг биринчиси эмас.

2010 йилнинг июн ойида Қозоғистон Бош прокуратураси Ўзбекистон Бош прокуратурасининг сўровига асосан 29 нафар бошпана изловчини ҳибсга олган ва бир йил ўтиб уларни Ўзбекистонга экстрадиция қилган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 29 қочқинга нисбатан "диний-экстремистик ташкилотларга аъзолик ва конституциявий тузумга тажовуз қилиш қилганлик" каби айбловларни илгари сурганди.

Ўзбекистонга экстрадиция этилган барча қочқинлар турли муддатга озодликдан маҳрум этилдилар.
XS
SM
MD
LG