Линклар

Горбачев даври - Озодликка янги мухбирлар олиб келди


АҚШ ва СССР етакчилари Жорж Буш ва Михаил Горбачевнинг 1989 йил 3 декбрда Малтадаги учрашуви Совуқ уруш якунланган сана ҳисобланади.

АҚШ ва СССР етакчилари Жорж Буш ва Михаил Горбачевнинг 1989 йил 3 декбрда Малтадаги учрашуви Совуқ уруш якунланган сана ҳисобланади.

Озодлик радиоси илк бор эфирга чиққанига 60 йил тўлиши муносабати билан радио тарихига оид туркум эшиттиришларни ҳозирладик. Бу лавҳамиз радио тарихидаги муҳим давр Михаил Горбачевнинг ошкоралик йиллари яратган имконлар ҳақида.



1985 йилда Совет Иттифоқи раҳбарлигига келган Михаил Горбачев эълон қилган қайта қуриш ва ошкоралик тафаккури Озодлик радиоси фаолиятига ўз ижобий таъсирини кўрсата бошлади.

Айнан Горбачев даврида Озодликни техник воситалар билан бўғишга барҳам берилди.

1988 йилда Тошкент яқинидаги Озодликни бўғишга қаратилган антенналар мажмуи электр токидан узилиб фолияти тўхтатилди.

Ўша пайтда Ўзбекистон Комфирқа котиби бўлган Раъно Абдуллаева Озодлик билан суҳбатда бу амалиëт СССР давлат ҳавфсизлик қўмитаси (КГБ) тарафидан амалга оширилганини айтди.

- 1988 йилга келиб чет эл овозларини техникавий тўсишга барҳам берилди. Лекин мажлисларда чет эл овозларининг ноҳолислиги ҳақида ëшларга тушунтириш ишлари олиб бориш тавсияси кучда қолган эди¸- деб эслайди Раъно Абдуллаева.

Айнан Горбачев даврида Озодлик радиосининг Ўзбекистонда мухбири иш бошлади. Айнан Горбачев даврида Ўзбекистонда туғилиб ўсган журналистлар Озодлик радиосининг Мюнхендаги қароргоҳида ишлай бошлади.

1990 йил 22 майдан бошлаб Озодлик радиоси шўбаларига Совет Иттифоқидан мухбирлар олишга расман изн берилди.

Бугун АҚШда истиқомат қилаëтган 54 яшар Дилдора Музаффарий Озодликнинг Мюнхен қароргоҳига Ўзбекистондан келиб ишлаган илк журналистлардан бири бўлди.

Дилдора Музаффарийдан олдин АҚШ разведкаси зобитлари тарафидан Афғонистондаги асирликдан озод қилинган собиқ совет аскари Акрам Файзулло ва Ҳиндистонга турмушга чиққан рассом Раъно Ҳабиб Озодлик радиосида фаолият олиб борган эди.

Дилдоранинг Озодликка йўли


Дилдора Музаффарий Озодликнинг Мюнхен қароргоҳида ишлаган асли ўзбекистонлик илк журналист бўлди.

Дилдора Музаффарий Озодликнинг Мюнхен қароргоҳида ишлаган асли ўзбекистонлик илк журналист бўлди.

Тошкентда туғилиб Москвада таҳсил олган Дилдора Музаффарий ГДРлик курсдошига турмушга чиқиб, Германия Демократик Республикасида яшай бошлади.

Аммо бу байналмилал жуфтлик Социалистик давлатнинг тор қобиғидан қочиш орзуси билан яшади. Ниҳоят бу орзумизга эришдик, мамлакатдан қочдик, дея ҳикоя қилади суҳбатдош:

- Хўжайиним Шарқий Германиядан эди. Бизлар 1989 йил сентябрда Венгрия, Австрия орқали Ғарбий Германияга қочиб борганмиз. Кейин Мюнхенга келганмиз. Ўшанда мен Озодлик радиосига иш сўраб, мурожаат қилганман. Кейин ишлай бошладим. Биринчи марта радио шўъбасига келганимда умуман ҳеч ким Ўзбекистондан бўлмаган. Асосан ўзбекча гапиришни билган туркиялик, афғонистонлик одамлар эди. Улар мен учун жуда қизиқ одамлар эди. Улар ҳеч қачон Ўзбекистонда бўлмаган. Уларнинг Ўзбекистон ҳақидаги таассуроти бутунлай бошқача эди. Мен биринчи аëл бўлганман. Ўзбекистондан келган аëлман. Улар жуда қойил қолишган. Ўзбек аëлини бутунлай бошқача тасаввур қилишган эди. Мен университет битказганман, магистрлик унвоним бўлгани учун, кўп тилда гаплашганим учун улар мени жуда ҳурмат қилишган. Турон, Темур Хўжа, Чиғатой, Усмон Мурод, Азизулло акаларни эслайман.

Улар Ўзбекистондан бўлмаса ҳам, севгиси шунақа катта эди. Мени жуда ҳам қойил қолдирган. Мен жуда ҳурмат қилганман бу инсонларни Ўзбекистонда туғилган бўлмаса ҳам. Ўзбекистон учун, Ўзбекистон халқи учун куйиб ишлашарди.

Озодлик: Қанақа мавзуларни ëритгансизлар ўша пайтда?

- Мен жуда кўп мавзуларни ëзганман. Аëл ва Ислом мавзуси, кейин иқтисодий программалар, Ўзбекистондаги социал аҳвол, аëлнинг жамиятдаги вазияти, Германиянинг социал иқтисодий системаси борасидаги лавҳаларни ўзбек тингловчиларига тақдим этганмиз. Энг қизиқ давр эди ўзбек шўъбасида. Жуда кўп ўзгаришлар бошланган, мустақилликка ўтаëтган жараëн бўлгани учун жуда кўп оппозицион партиялар ташкил қилинган. Мен улар билан алоқада бўлганман. Уларга жуда кўп имкон берганман бизнинг радио орқали ўзбек тингловчиларига ўзларининг ҳаракатларини тақдим этиш учун. Жуда қизиқ давр эди. Ўзбекистондаги ўзгаришларга ўзбек хизматининг ҳиссаси жуда катта. Нега десангиз, демократияга ўтиш жуда узоқ жараëн. Мен ишлаган даврда радио шўъбаси бутунлай бошқача бўлган. Ўзбек жамиятига таъсири жуда катта бўлган. Нега десангиз, ўзбек тингловчиси жуда қизиқиб эшитар эди. У пайтда совет матбуотида унақа эркинлик йўқ эди.

Озодлик: Сиз у пайтда ўз тингловчиларингиз билан алоқада бўлганмисиз?

- Алоқада бўлгаман. Биринчидан, бутун дунë бўйича алоқада бўлганман ўзбек журналистлари билан. Жуда ҳам кўп ўзбек оппозицияси билан ишлаганман. У пайтда Интернет, электрон почта бўлмаган бўлса ҳам хатлар келарди. Хатлар келганда мен улар билан алоқа қилардим. Бемалол Ўзбекистонга бориб келардим. Одамлар мен билан учрашишни истарди кўчаларда, бозорда. Бир хил пайтда менинг овозимни танишарди. Шунинг учун мен жуда ҳам кенг алоқада бўлганман ўзбек тингловчилари билан¸- дейди ҳамкасбимиз.

Дилдора Музаффарий бугун АҚШда истиқомат қилади. Ўқитувчилик қилаëтгани ва радио тарихи ҳақида китоб ëзаëтганини айтган Дилдора Музаффарий ўз тингловчиларини унутмаганини ҳам айтади.

- Умуман, Ўзбекистондан кетганимга 35 йилдан кўп бўлган бўлса ҳам, менинг кўнглим, юрагим бу халқ, бу миллат ва бу мамлакат билан. Шунинг учун ўзбек тингловчиларига келажакда кўпроқ демократик ўзгаришларга ҳаракат қилишларини тилайман. Ўзбек тингловчиларига Ўзбекистон бутунлай эркин бўлишини тилардим¸- дейди Горбачев даврида Озодликда ишлаган Дилдора Музаффарий.
XS
SM
MD
LG