Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:40

Сургутда мусулмонлар соқолини ким кесди?


Омончилар соқолларини олган меҳнат муҳожирлари ўз ҳақлари учун курашишини айтмоқда.
Омончилар соқолларини олган меҳнат муҳожирлари ўз ҳақлари учун курашишини айтмоқда.

Ханти-Мансийск ўлкасининг Сургут шаҳрида маҳаллий кафелардан бирида рейд ўтказган ОМОН ходимлари мусулмонларнинг соқолларини олиб ташлашга мажбур қилди. Шаҳар полиция бошқармаси муҳожирлар соқолларини ўзлари олиб, туҳмат қилаётган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.


Сургутда "сартарош-омончилар" пайдо бўлди

Ҳодиса 2013 йилнинг 3 март куни Сургутдаги асосан мусулмонлар ва марказий-осиёлик меҳнат муҳожирлари овқатланадиган “Ҳалол” кафесида содир бўлган.

Полициянинг махсус бўлинмаси ходимлари томонидан соқоли олинган душанбелик 36 ёшли Аҳмаджон Саидов Озодлик радиосига ўша куни дўстлари билан овқатлангани кирганини айтади.

- 3 март куни эди, биз уч киши ҳуфтон намозини ўқиб, шаҳардаги янона ҳалол чойхонага овқатлангани келдик. У чойхонанинг номи ҳам “Ҳалол”, бизнинг завтрак, обед, ужинимиз (нонушта, тушлик ва кечки овқат, демоқчи-таҳр.) доимо ўша ерда. Кириб чой ичиб турган эдик, хонада битта доғистонлик, битта озарбайжон, ўзбек йигитлари бор эди. Шу ердагилардан бири бир машина ОМОН ходимлари келганини айтди, биз кулдик, “Ана, бизни олиб кетишга автобус ҳам келди”, деб. Шу пайт, маскада, формаси-кийимида ОМОН ёзилган калта автоматларни кўтарган омончилар кафега кирди. Улардан биттаси электрошокер билан эди.

Ҳаммамизга ётишни буюрди. Официант боллар ҳам ётди, улардан биттаси қўл билан ушлаб бўладиган узунроқ соқол бор экан. Фамилиясини сўради, Абдураҳим деган йигит фамилиясини айтди, иккинчисини исмини сўради. “Менда соқолим йўқ!”, деди омончи. Мени шерикларимдан бири – хўжандлик Каримжонов Фурқат олдига келиб, соқолига зажигалка тиради ва “Чё, будем бриться, или поджигать эту бороду?” (Ёндирайми ёки соқолни оламизми?-таҳр.), деди. Нега соқол қўйишимизни сўраган эди, Фурқат “мусулмонмиз, тартибимиз шунақа”, деган жавобига у зўрлик қилди. Кейин у стол устидаги пичоқни олиб соқолини кесишни бошлади, лекин қўли оғриб кетди шекилли, официантлардан бирига қайчи олиб келишни буюрди, дейди Аҳмаджон.




Унинг сўзларига кўра, полиция ходимларининг ноқонуний амалларига хонада ётган 11 нафар чойхона мижози гувоҳ бўлган. Ҳодиса гувоҳларига кўра, 15 нафарга яқин полициячи тўртта машинада келган.

Официант келтирган қайчини полициячи Фурқатнинг қўлига тутказиб “Ўзинг қирқасанми, қирқайми?”, дея шарт қўйди, дея давом этади Аҳмаджон.

- У “Ҳа, ўзим оламан” деди-да, ўзи соқолини қирқди, улардан иккитаси буни телефонга съёмка қилди. Аммо улар ҳеч қанақасига ўзини таништирмади, фақат орқасига “ОМОН”, деб ёзилган эди. Уни таҳқирлаб бўлишганидан кейин, Исмоил деган йигитнинг олдига келишди. Бу йигитларнинг иккаласи “вид на жительство”га эга. Улар бирор ҳужжат сўрагани йўқ. Кейин, Исмоилни оёқларидан латтага ўхшатиб тортиб, тиззага чўктириб, уни ҳам соқолини олдиришди. Кейин мени олдимга келишди, “Старина, вставай!”, деди. Мени соқолларимга оқ тушган, шунга у мени тиззага чўктириб “Ҳозир оқ соқолларни оламиз!”, дея кулди. Шунда мен “Издеваться қилма, қайчини бер – ўзим оламан!”, дедим. У “Айфон 4” телефонини олиб, видеога олишни бошлади ва “Давай!”, деди. Мен кам-кам олган эдим, “Нима, сен парикмахермисан?! Ол ҳаммасини!”, деб ўшқирди ва мен ён атрофлардан ҳам соқолларимни олдим, дейди соқолини олишга мажбурланган Аҳмаджон Саидов.

Жабрдийданинг сўзларига кўра, полициячилар марказий-осиёлик йигитларни таҳқирлашни видеога олиб бўлганидан кейин, улар Сургут шаҳар 2-сонли полиция бўлимига автобусда олиб келинган ва ҳужжатлари жойида бўлгани боис ҳеч қандай тушунтиришларсиз қўйиб юборилган.

Россияга шу ой бошида Тожикистондан келганини гапирган Аҳмаджон, кафеда ўтирганларнинг ҳаммаси ҳужжати жойида бўлгани, бўлимдаги полициячилар ўзлари “Сенларни нега бу ерга олиб келишди?”, дея таажубланганини қўшимча қилди.

Тожиклар диаспораси мусулмонларни ҳимоясига олди

Полициядан чиққан Аҳмаджон Саидов соқоллари олинган яна икки нафар биродарлари билан Сургут шаҳридаги тожиклар диаспорасига мурожаат қилган.

Озодлик билан суҳбатда, маҳаллий тожиклар автономияси раҳбари Файзулло Аминов бу ҳодиса юзасидан полиция раҳбариятига мурожаат қилгани, бироқ Ханти-Мансийск округи бўйича Ички ишлар бошқармаси раҳбари Александр Ерохин ўз ходимларининг “шўхлиги” учун кечирим сўраб, шу билан муаммо бартараф этилди, деб ҳисоблаётганини айтади. Лекин, полиция раҳбарининг кечиримидан қониқмаган Аминов Тожикистон элчихонасига махсус мурожаатнома юбориб, вазиятни кузатиб боришни сўраган.

Файзулло Аминов эндигина Сургут шаҳар прокуратурасидан чиқиб келаётгани ва у ерда уччала жабрланган – Ташрипов Исфандиёр, Исмоилов Фурқат ва Саидов Аҳмадлар томонидан ариза ёзиб топширилганини маълум қилди.

Шунга қарамасдан, тожиклар жамияти раҳбари текшириш якунланмасидан ва “маски-шоу” иштирокчилари ким бўлгани аниқланишидан олдин хулоса чиқариш эрта, дейди.

- Ҳозирча бу одамлар маскада бўлгани сабабли мен ҳаммага “Маскада, ОМОН формасини кийган одамлар кириб, шу ишни қилди”, деб айтаяпман. Лекин билишимча, Сургут шаҳримизда бундай омончилар гуруҳи йўқлиги аниқ. Сургут ўзи ёш шаҳар, бу ерда арзон ишчи кучига маҳаллий иш берувчиларнинг эҳтиёжи жуда катта. Муҳожирларимиз асосан сезон пайтида бу ерда қурилиш ишлари билан шуғулланади. Ҳаммаси ҳалол меҳнат қилади, ҳеч қанақа террорчи-экстремист эмас,- деди Сургут тожиклари жамияти раиси Файзулло Аминов.

Маҳаллий “СургутинформТВ” телеканали бу можаро ҳақида махсус кўрсатув тайёрлаб, ўз сайтида “Мигрантларга нисбатан қаттиқ чораларга қўллаш мумкинми?” деган мавзуни кўтарди.

Ҳодиса юзасидан полиция расмий жавоби

Озодликнинг расмий мурожаатига Югра Ички ишлар бошқармаси матбуот вакили Тамар Муравченко “Ҳалол” кафесида ҳақиқатан полиция ходимлари текширув ўтказгани ва текширув натижасида “катта миқдорда қурол-яроқ топилгани”ни маълум қилди.

- У ердаги ҳодиса ҳозирча ҳеч ким томонидан исботлангани ҳам йўқ, инкор ҳам этилгани йўқ. Ҳодиса ҳақиқатан рўй берганми, буни текшириш керак. Кеча хизмат текшируви бошланди ва олиб бориляпти. Қурол тўғрисида ҳам айтишим мумкин. У еарда катта миқдорда ўқотар қурол мусодара қилинди, деди Озодликка қурол-аслаҳа айнан кимдан мусодара қилинганини аниқлаштирмаган Ханти-Мансийск мухтор округи бўйича Ички ишлар бошқармаси матбуот маркази раҳбари Тамара Муравченко.

Бошқарма расмий сайтида суҳбатимиздан кейин пайдо бўлган расмий хабарда, шаҳарнинг бир нечта объектида битта травматик пистолет, “жиноий мақсадда ишлатиш учун” қайта ишланган ов милтиғи мусодара қилингани айтилади.

Бироқ, хабарда бу текширишлар ва “ўқотар қуроллар”нинг мусодара қилиниши соқол қўйган мусулмон ишчиларга қанақа алоқаси борлиги тўғрисида лом-мим дейилмаган.

“Агарда полиция ходимлари томонидан ноқонуний ҳаракатлар содир этилгани ўз тасдиғини топса, Ички ишлар бошқармаси кечирим сўрашга тайёр, айбдорлар эса интизомий жавобгарликка тортилади”, дейилади расмий хабарномада.

Сургут полицияси вакиллари шох Пётр 1 давридаги рус боярларининг соқолини олиш ҳодисасини эслатган ва ҳозирча номаълумлигича қолаётган “ОМОН” гуруҳи ходимларини қидираётгани ва текшириш натижалари асосида албатта ҳисобот беришларини ваъда қилишди.

Полициячилар жавобгарликка тортилишига шубҳа билан қараётган жабрдийда Аҳмаджон Саидов, шунга қарамасдан ўз ҳуқуқлари учун курашишни давом этиши ва ҳозир ҳам кесилган соқолини олмасдан юрганини айтди.
XS
SM
MD
LG