Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:32

Хорижга чиқаётганлар ҳақида энди чиптафурушлар маълумот йиғмоқда


Хорижга чиқмоқчи бўлиб, Ўзбекистон темир йўллари кассаларидан чипта олаётган шахслар ҳақидаги маълумот ички ишлар бўлимларига топширилмоқда. Бу ҳақда хабар берган Озодлик тингловчиларига кўра, чипта харид қилаётган шахснинг хорижга қандай мақсадда кетаётганлиги ҳам сўраляпти.


Ўзбекистон темир йўллари кассаларидан Россияга бориш учун чипта олаётган шахслар ҳақидаги маълумот чиптафурушлар томонидан ёзиб олинмоқда, дея хабар қилди чоршанба куни Озодлик тингловчилари.

Хоразмнинг Шовот тумнидан бўлган Матниёз бу ҳақда темир йўл вокзалида ишлайдиган танишидан олганлигини айтади:

- Шовот темир йўл вокзалида ишлайдиган танишимни машинага миндирган эдим. У ўша ердаги раҳбарлардан бири. “Ҳаммаси жонга тегиб кетди. Асосан, четга чиқаётган одамларнинг полний даннисини УВДга беришимиз керак экан. Даже билетни сотаётганда нима сабабдан кетаётганлигини ҳам сўрашимиз керак экан. Полний паспортни даннийсини ҳам олишимиз керак экан”, деб шикоят қилди у,- дейди шовотлик Матниёз.

Матниёзнинг бу гапини Шовот тумани вокзалида ишлайдиган, исми сир қолиш шарти билан гапирган ходимлардан бири ҳам тасдиқлади:

- Энди битта махсус журнал қилинган. Чет элга чиқмоқчи бўлган шахсларнинг чипта олаётган пайтда қаерда пропискада туриши, қаерга ва нима мақсадда бориши ҳақидаги маълумотлар полний ёзиб олиняпти. Бу маълумотлар ички ишлар идораларига тақдим қилинади. Бу ҳақдаги буйруқ юқоридаги идорамиздан хат бўлиб келган,- дейди Шовот тумани вокзали ходими.

Хорижга чиқаётган йўловчилар ҳақидаги маълумот ички ишлар идораларига топширилиши ҳақидаги буйруқ барча темир йўл вокзалларига ҳам тарқатилган кўринади.

Жиззах шаҳри темир йўл вокзалининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, юқридан туширилган кўрсатма вокзал ишчиларига ортиқча ташвиш келтирган:

- Тўғри, бу бор нарса. Ҳар бир четга чиқаётган одам ҳақидаги маълумотлар регистрациядан ўтказилади. Бу линейний ички ишлар бўлимлари томонидан амалга ошириляпти,- дейди Жиззах шаҳар темир йўл вокзали ходими.

Таклифномасиз самолётга чипта сотилмайди

Айни пайтда самолёт чиптаси харид қилмоқчи бўлган йўловчиларга ҳам янги талаблар қўйилаётгани айтилади.

Урганч шаҳрида истиқомат қиладиган, исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган тингловчига кўра, у Европа давлатларидан бирига чипта харид қилиш учун авиакассага борганда, биринчи бор унга янги талаб қўйилган:

- Мен Европа давлатларининг бирига учмоқчи эдим. Эртароқ чипта харид қилиб қўймоқчи бўлдим. Лекин мендан таклифнома қоғозини талаб қилишди. Мен илгари ҳам бир неча бор Европага борганман. Лекин ҳеч қачон авиакассада таклифнома сўрашмаган эди. Янги қилиқ ўйлаб топишибди, булар,- деди урганчлик аёл.

Бироқ,Тошкентдаги "APPLE TOUR" масъулияти чекланган жамиятга қарашли авиакассалардан бирининг ўзини таништирмаган ходими чипта харид қилиш учун таклифнома эмас, балки борадиган давлат элчихонасининг визасини кўрсатиш талаб қилинишини айтди:

- Биз элчихонадан виза олиш учун айтилган кунга самолёт чиптаси бронини берамиз. Ўша бронга асосан йўловчи виза олади. Биз визани кўргандан кейин, чипта сотамиз, визасиз сотолмаймиз. Акс ҳолда бизни катта жаримага тортишади,- дейди авиакасса ходими.

Ўзбекистонда сўнгги пайтларда хорижга чиқаётган фуқароларни устидан ҳар томонлама назорат ўрнатиш ва рўйхатга олиш ишлари авж олган.

Жорий йилнинг 18 февралидан бошлаб Андижон вилоятидаги меҳнат муҳожирларини рўйхатга олиш тадбирини амалга ошириш учун маҳалла қўмиталарида махсус ишчи гуруҳлар тузилди.

18-19 феврал кунлари Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан чет элга ишлашга кетаётган фуқаролар йўли тўсилиб, қўлида хорижлик иш берувчи билан меҳнат шартномаси бўлмаганлар ортга қайтарилди.

Меҳнат муҳожирларига нисбатан назоратнинг кучайтирилиши жорий йилнинг 18 январ куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган мажлисда президент Ислом Каримовнинг ўзбекистонликлар Россияда мардикорлик қилаётгани юзасидан Ички ишлар вазири Баҳодир Матлубов ва бош прокурор Рашид Қодировни кескин танқид қилгани билан боғланмоқда.
XS
SM
MD
LG