Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:33

Андижонликлар Ўшда ўғирлик қилганликда айбланмоқда


Бу борада Озодликка Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси маълум қилди. Айтилишича, йигитлар Ўш шаҳри марказидаги “Плаза” дўконига кириб 7 минг қирғиз сўми ёки қарийб 150 долларлик мол ўғирлашган. Ҳозирда мазкур ҳол юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Маълумотларга қараганда андижонлик 24 ҳамда 25 ёшли йигит бундан уч кун аввал соат 17.30ларда Ўш шаҳри марказий кўчаларидан бирида жойлашган “Плаза” дўконида ўғирлик содир этганликда айбланиб қўлга олинган:

-Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан одамни тўнаш ҳолати бўйича Ўзбекистон Республикаси Андижон шаҳрида яшовчи икки фуқаро қўлга олинди. Улар бундан уч кун аввал Ўш шаҳри Қорасув кўчасидаги “Плаза” дўконига кириб, савдогар аёлни қўрқитган. Унинг оғзини қўллари билан беркитиб, 7 минг сўмлик буюмларини олиб кетишган, - деди Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиков.

Унга кўра, айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Республикаси Жиноий кодексининг 168 -моддаси (қароқчилик) бўйича жиноий иш қўзғатилган. Қўлга олинган шахслар Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармасининг вақтинча сақлаш изоляторида сақланмоқда. Уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги ҳам текширилмоқда.

Замир Сидиковга кўра, Ўшда турли жиноятлар содир этганлиги учун нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлат фуқаролари ҳам қўлга олинган:

-Жиноятчиликда чегара, миллат бўлмайди, жиноятчини сенинг ким эканинг, қайси миллатдан эканинг қизиқтирмайди. Улар фақат ўз фойдасини ўйлашади. Бизда Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан ташқари Тожикистон, Туркия, Покистон Ислом Республикаси фуқаролари томонидан турли жиноятлар содир этилиб, жиноий жавобгарчиликка тортилган ҳолатлар бўлган, - дер экан Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиков қўшни Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаси ҳудудида жиноят содир этганлиги учун бир қатор ўшликлар ҳам қўлга олинганларини ҳам қўшимча қилди.

Замир Сидиков қўшни давлатлар куч тизими ходимлари билан самарали ҳамкорликлар ҳам бўлганини айтар экан, қўшни давлат куч тизими ходимлари билан ҳамкорликда қилиниши керак бўлган ишлар талайгина эканини ҳам қўшимча қилиди.
XS
SM
MD
LG