Линклар

Аmnesty International халқаро ташкилоти ўзбекистонлик Азаматжон Эрмаков Россиядан Ўзбекистонга ўғирлаб кетилгани ва ўз ватанида қийноқларга солинишидан ташвиш билдирди. Ташкилот ҳисоботида Азаматжон Эрмаков шу кунларда Андижон ҳибсхонасида сақланаётгани таҳмин қилинаётгани айтилади.

Ташкилотнинг 13 март куни ёйинланган баёнотида айтилишича, Азаматжон Эрмаков Россияда қамоқдан озод этилгач Москва аэропортига мажбуран олиб келиниб, ўғирлаб кетилганини тасдиқловчи билвосита гувоҳликлар бор.

“Тахминан, айни пайтда у Андижондаги ҳибсхонада сақланмоқда”, дейилади баёнотда.

Россия тергов қўмитасининг Нижний Новгород бўлими Amnesty International сўровига юборган жавобида Азаматжон Эрмаков Ўзбекистонда эканини тасдиқлаган. Тергов қўмитаси Эрмаков 2012 йилнинг 2 ноябрида ўз ихтиёри билан Ўзбекистонга қайтганини билдирган. Amnesty International эса бунга шубҳа қилмоқда.

“Бундан ташқари, Азаматжон Эрмаков ҳибсдан озод этилганида унинг пули бўлмаган, у фақат ягона ҳужжат – паспортга эга бўлган, холос. Унинг, шунингдек, совуқлардан асровчи иссиқ кийими ҳам бўлмаган. Ушбу омиллар ва рус тилида мутлақо сўзлаша билмаслиги ҳам унинг Ўзбекистонга қайтиш учун чипта сотиб олишига тўсқинлик қилган бўлур эди.

2012 йилнинг 2 ноябрида Азаматжон Эрматовнинг адвокати Нижний Новгороддаги ҳибсхонага ўз ҳимоясидаги одам билан учрашиш учун келган, аммо адвокатга учрашиш учун рухсат берилмаган. Адвокат 5 ноябр куни яна ҳибсхонага келган, унга Азаматжон Эрмаков 2 ноябр куни озод қилинганини айтишган. Азаматжон Эрмаков Ўзбекистонда пайдо бўлмагунича унинг қаерда экани номаълумлигича қолган”, дейилади Amnesty International баёнотида.

Баёнот Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин ва Ўзбекистон Ички ишлар вазири Баҳодир Матлюбов номига жўнатилган. Халқаро ташкилот Россия расмийсидан ўзбекистонлик қочқиннинг ўғирланиши юзасидан холис ва тезкор текширув ўтказишни илтимос қилган. Ўзбекистон томонини эса Азаматжон Эрмаковни қамоқда қийноқларга солмасликка ва унинг адолатли судлов ҳуқуқини таъминлашга даъват этган.

Азаматжон Эрмаков 2011 йилнинг 1 июлида Нижний Новгород шаҳрида қўлга олинган: ўшанда полиция кўчада кетаётган қочқин Азаматжон Эрмаковнинг шими орқа чўнтагидан жанговар граната топилганини иддао қилган эди.

Нижний Новгород шаҳар Канавинский туман суди Эрмаковнинг граната унга полиция ходими томонидан полиция бўлимида солиб қўйилгани ҳақидаги иддаоларини инобатга олмасдан, Эрмаковни 1 йилу 4 ойлик қамоқ жазосига маҳкум этди.

Асли Андижоннинг Жалолқудуғидан бўлган Азаматжон Эрмаков Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ҳуқуқ ҳимояси марказига берган маълумотида 1995 йилдан буён намоз ўқиши, ҳеч қандай сиёсий ёки бошқа жамоат ташкилотлари, шу жумладан, террорчилик ёки экстремистик ташкилотларга аъзолик қилмаганини билдирган.

У Андижон вилоят Терроризмга қарши кураш бўлими томонидан 2009 йилнинг октябридан буён қидирувда бўлган. Ўзбекистонда Азаматжон Эрмаковга Конституциявий тузумга тажовуз қилиш, жиноий гуруҳ ташкил этиш, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатиш, диний экстремистик, айирмачилик, фундаменталистлик ва бошқа таъқиқланган ташкилотларни ташкил этиш, раҳбарлик қилиш ҳамда аъзо бўлиш каби моддалар асосида айблов эълон қилинган.

Биринчи маротаба Эрмаков Нижний Новгородда 2009 йил 14 ноябрида ҳибсга олинган. 2010 йилнинг 22 сентябрида Россия Бош прокуратураси Нижний Новгород судининг қочқинлик мақомини олиш арафасида турган Эрмаковни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарорини маъқуллаган. Аммо ўша куни Европа суди Эрмаковнинг экстрадициясини тўхтатиш тўғрисида ўз йўриқномасини эълон қилган.

2011 йилнинг 13 майида 18 ойлик қамоқ муддатини ўтагач¸ халқаро босим остида Эрмаков маҳаллий тергов изоляторидан чиқариб юборилган эди.

Лекин 2011 йилнинг 1 июлида Азаматжон Эрмаков Нижний Новгород шаҳрида яна бир маротаба қўлга олиниб, чўнтагидан чиққани иддао қилинган граната учун 1 йилу 4 ойлик қамоқ жазосига маҳкум этилади. 2012 йилнинг 2 ноябрида ҳибсдан озод қилингани айтилаётган Эрмаков ўшандан бери бедарак кетган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG