Линклар

Россия Ўзбекистон билан виза тартибини жорий қилиши мумкин


Москва ва Тошкент ўзаро виза жорий этгудек бўлса, миллионлаган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россияга бориши ва у ерда ишлаши қийинлашади.

Москва ва Тошкент ўзаро виза жорий этгудек бўлса, миллионлаган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россияга бориши ва у ерда ишлаши қийинлашади.

Россия ҳукумати яқин йиллар ичида Ўзбекистон билан виза тартибини жорий қилишни режаламоқда.


Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Анвар Азимов 13 март куни “Дождь” телеканали эфири орқали маълум қилди.

Россиялик дипломатга кўра, Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон билан виза тартиби жорий этилиши мумкинлиги ҳақида билдирган.

- 2015 йилда ёки балки бироз кейинроқ бу жараён, афтидан, амалга оширилса керак, - дея хабар қилади “Интерфакс” ахборот агентлиги Анвар Азимовга иқтибосан.

Махсус элчи ўзбекистонликлар, шу билан бирга, эҳтимол, тожикистонликлар ва қирғизистонликлар учун ҳам виза тартибининг жорий этилиши Европа Иттифоқи расмийлари талаби билан амалга оширилаётганини қайд этди.

Азимовга кўра, Россия ва Европа Иттифоқи вакиллари Брюсселда ўзаро виза тартибини бекор қилиш ҳақида музокара олиб борган пайтларида европаликлар виза бекор қилинганидан сўнг Россиядаги ўзбекистонликлар, тожикистонликлар ва қирғизистонликлар Европага ёпирилиб келишлари мумкинлигидан ташвиш изҳор қилганлар.

- Биз уларга бу одамларнинг Россия Федерацияси фуқаролари эмаслигини, РФ фуқаролигини олиш жуда қийин, ўта оғир жараён эканини тушуртирдик, - дер экан элчи айни пайтда келтирилган бу далил-важлар Брюсселни қониқтирмаётганини қўшимча қилди.

Россия ва Ўзбекистон ўртасида виза тартибини жорий этиш масаласи ва бунга оид муҳтамал сана Москва расмийси томонидан илк бор янграмоқда.

Бунгача Россия Давлат думасининг айрим депутатлари банг моддалари трафигини қисқартириш учун Марказий Осиё мамлакатлари билан виза тартибини жорий этиш зарурлиги ҳақида бир неча бор чиқиш қилганлар.

Аммо, афтидан, Россия ҳукумати расмийлари бу ҳақда Тошкент 2012 йил ёзида КХШТ таркибидан чиқишга қарор қилганидан ҳамда МТС уяли алоқа ширкати Ўзбекистон бозоридан сиқиб чиқариб юборилганидан кейин жиддийроқ бош қотираётганга ўхшайдилар.

Россия Федерал миграция хизмати келтирган расмий маълумотларга кўра, ўтган йили Россияда яшаб-ишлаётган 2 миллион 333 минг 244 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири рўйхатга олинган. Норасмий манбалар эса бу рақам бир неча баробар кўп бўлиши мумкинлигини таъкидлайдилар. Бу кишилар мунтазам равишда Ўзбекистонга муайян миқдорда пул юбориб турадилар.

Россия Марказий банки маълумотларига қараганда, 2012 йили Ўзбекистонга Россиядан 5 миллиард 693 миллион доллар жўнатилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG