Линклар

Католик черковига янги Папа сайланди


Хорхе Марио Берголио папалик ëпинчиғини киймоқда.

Хорхе Марио Берголио папалик ëпинчиғини киймоқда.

Аргентина кардинали Хорхе Марио Берголио янги Рим Папаси этиб сайланди. Бундан сўнг Францис I номини ташувчи Берголио¸ Лотин Америкасидан Ватикан олий руҳонийлигига сайланган илк кардинал бўлди.

Ватиканда икки кун давом этиб¸ чоршанба куни кечқурун якунланган Папа сайловида 115 кардинал яширин овоз берди. Янги Папа сайланишидан дарак берувчи оқ тутунни кутган ўн минглаб католиклар Ватикандаги Авлиё Петр майдонида Берголио номини олқишлар билан қарши олдилар.

Айни пайтда¸ кузатувчилар¸ Аргентина кардиналининг Ватикан раҳбарлигига сайланишини кўпчилик учун кутилмаган воқеа сифатида баҳоламоқдалар.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Yale университети қошидаги Илоҳиëт факултети профессори Тереза Бергер Берголионинг илк бор Авлиë Пëтр майдонига қараган балконда кўриниш бериши¸ кўпчиликни ҳайратга солганини айтади:

Бергер: Менимча¸ бу оний ҳайрат эди. Янги сайланган Папанинг номи дастлаб лотин тилида эълон қилинганида сайланиш эҳтимоли баланд бўлган Ватикан кардиналлари билан яхши таниш биз кабилар “Улар орасида Хорхе дегани бормиди? Ким бўлди экан бу?” деб ҳайрон бўлдик. Расмий эълон ўқиб эшиттилгач¸ кўпчилигимиз¸ “Шошма-шошма¸ ким бу ўзи?” деб ўйладик.

Озодлик: Берголио кардинал сифатида нимаси билан танилган? Унинг асосий қизиқишлари қандай?

Бергер: Берголио анчагина камтар бир одам¸ асосан атроф-муҳит муаммоларига қизиқади. У жўн кардинал эмас¸ теология бўйича фан доктори. У Авлиë Пëтр майдонига қараган балконда кўриниш берганида¸ унинг муҳаббатга сазовор бўла оладиган¸ айни пайтда¸ уятчан одам сифатида кўрдим. Менга бу кўрганим ëқди.

Озодлик: Янги Папа қашшоқ ва камбағалларга ëрдам бериш борасида қарори қатъий экани ҳақида гапирди.

Бергер: Лотин Америкасидан чиққан католик руҳонийсининг¸ айнан қашшоқлик муаммосига диққат қаратиши жоиз бир ишдир.

Озодлик: Янги Рим Папаси Францис I аввалги папа Бенедикт XVIдан қандай фарқланади¸ деб ўйлайсиз?

Бергер: Бу ҳақда гапиришга ҳали эрта. Шундай бўлса-да¸ унинг илк кўринишига қараб¸ бу тавофутни тахмин қилиш мумкин. Масалан¸ янги Папа сифатида илк кўриниш берган Берголио¸ фақат оппоқ папалик либосида чиқди ва паталик ëпинчиғини ҳам биринчи дуони қилишдан аввал кийди¸ холос.

Шунингдек¸ мени жуда тўлқинлантирган нарса¸ Берголио биринчи папалик дуосини бошлашдан аввал¸ Авлиë Пëтр майдонига тўпланганлардан ўзи учун дуо қилишларини сўради. Биринчи ибодатда бошини эгиб¸ сукут билан юриш қилди. Католик рамзларидан келиб чиқилса¸ унинг бу ҳаракатлари хокисорлик ва соддалик¸ айни пайтда ибодатдаги топағонлигидан дарадир.

Озодлик: Янги Папа Ватикан черковининг 1000 йилдан ошиқроқ тарихида Лотин Америкасидан сайланган биринчи шахсдир. Рим Папасининг 400 миллиондан кўпроқ католик яшовчи бу қитъадан сайланиши нақадар аҳамиятли ҳодиса?

Бергер: Бу улкан аҳамиятга эга воқеа. Мен 2005 йилги конклавда янги Папанинг айнан шу қитъадан бўлишини орзу қилган эдим. Бу католик черковининг ўз қалбига яқинлашувидан берилган ажойиб муждадир.
XS
SM
MD
LG