Линклар

logo-print
Ярим расмий Ўзбекистон нашрларининг хабар қилишича¸ Тошкент шаҳар Сергели туман Жиноят ишлари бўйича судида одам савдоси билан шуғулланганликда айбланган тўрт аëл устидан ҳукм ўқилди.

Элбира Бекмуратова ва унинг қизи Хумора¸ шунингдек Динара Эгамбердиева ва Гулбаҳор Казаковалар 8 йилга озодликдан маҳрум этилдилар.

Маҳкама давомида¸ тўртала аëл ўзбекистонлик қизларни Қозоғистон орқали Туркияга фоҳишалик қилиш учун олиб чиқиш билан шуғулланиб келганликда айбланган.

“Қизлар Истанбулга келиши билан¸ бу жиноятчилар уларнинг паспортларини олиб қўйиб¸ уларни фоҳишалик қилишга мажбурлаган”¸ деб иқтибос келтиради 12.уз ахборот сайти Сергели туман суди расмийсидан.

Озодлик манбалари ўтган йил 15 ноябр куни Ўзбекистон хавфсизлик кучлари Тошкентнинг Шайҳонтоҳур туманида ўтказган рейд натижасида одам савдосида гумонланаётган уч аёл ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди.

Ҳозирча Сергели туман судида ҳукм ўқилган аëлларнинг Шайҳонтоҳурда қўлга олинган аëллар эканини тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Ушбу амалиёт гувоҳларининг Озодликка айтишича, кундуз соат 12 да Қоратош маҳалласидаги беш қаватли уйлардан бирини фуқаролик кийимида бўлган 15 нафарча "барзанги" кишилар ўраб олган.

Гувоҳларга кўра, ўзларини Террорчиликка қарши кураш корпуси (Ўзбекистон қуролли кучларига қарашли махсус отряд) ходимлари деб таништирган бу кишилар иккинчи қаватдаги квартира эшигини тақиллатганида ичкаридан эшикни ҳеч ким очмаган.

Хавфсизлик ходимларидан бири уйнинг ичкарисига нарвон ёрдамида ойнадан кирган ва кўп ўтмай ушбу квартирадан ёшлари 30-35 ëш атрофида бўлган уч аёл олиб чиқилган. "Аёллардан бирининг қўлида гўдак боласи ҳам бор эди"¸ дейди Тошкентдаги Озодлик манбаси.

Хавфсизлик ходимларининг айтишларича, учала аёл одам савдоси, хусусан ўзбекистонлик қизларни Дубайга олиб чиқиб фоҳишалик учун сотганликда гумонланиб қидирувга берилган.

Ўтган декабр ойида ҳам Тошкент шаҳар Сергели туман суди ўзбекистонлик қизларни алдов йўли билан Малайзияга жўнатган тўрт аёлни одам савдосида айблаб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган эди.

Ўзбекистонда одам савдосига қарши кураш сусаймаётган эса-да, одам савдоси қурбонлари ҳақидаги хабарлар ҳам камаймаётир.

Айни пайтда оммавий ахборот воситаларида, мамлакат вокзал ва аэропортларида одам савдосидан огоҳлантирувчи рекламалар кўпайган.

Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари одам савдоси кўлами ва бу иллатга қарши кураш сарҳисобларини жамоатчиликка кўп ҳам ошкор қилмайди.

Айнан шу туфайли АҚШ Давлат департаментининг одам савдоси бўйича 2012 йилги ҳисоботида Ўзбекистон одам савдосига қарши кураш бўйича минимал талабларни бажармаган давлатлар қаторига қўйилган.

Ҳисоботга кўра, Қозоғистон, Россия ва Украинага кетган ўзбек эркаклари ва аёллари оғир меҳнатга мажбурланишлари мумкин.

Одам савдогарлари қўлига тушган аёллар эса¸ аксар ҳолатларда¸ БАА, Ҳиндистон, Таиланд, Россия, Қозоғистон, Хитой, Корея, Малайзия ва Индонезияда жинсий хизмат кўрсатишга мажбур қилинмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG