Линклар

logo-print

Бишкекда минтақа интеграциясига оид анжуман ўтди


Бишкекдаги анжуман иштирокчилари.

Бишкекдаги анжуман иштирокчилари.

14 март куни Қирғизистон пойтахтида “Марказий Осиё мамлакатлари сиёсий ва иқтисодий интеграциясининг замонавий истиқболлари” номли конференция ўтказилди.


Анжуман ташкилотчиларидан бири, “Озод деҳқонлар” партияси раҳбари Нигора Ҳидоятовага кўра, Марказий Осиё интеграцияси борасида минтақанинг иқтидордаги сиёсатчилари реал қадамларни амалга оширмаяпти, шу важдан уюштирувчилар бу ишга фуқаролик жамиятини жалб қилиш ва уларга минтақа учун интеграциянинг нақадар муҳим эканини етказишни мақсад қилганлар.

Анжуманнинг бошқа бир ташкилотчиси, “МК Азия” газетаси бош муҳаррири Улуғбек Бобоқулов бу тадбирни уюштириш учун бирор-бир халқаро ташкилотдан маблағ олинмаганини, балки у интеграция жараёнига қизиққан бир гуруҳ маҳаллий тадбиркорлар ҳисобидан ўтказилаётганини, бу гал ташаббус қуйидан юқорига чиқаётганини қайд этди.

Конференцияда қатнашган ўзбекистонлик, тожикистонлик, қирғизистонлик ва қозоғистонлик экспертлар минтақа интеграцияси бўйича мавжуд лойиҳалар, бу жараёнга халақит бераётган муаммолар, хусусан, сиёсий ва иқтисодий (масалан, сув-энергетика) масалалар ҳақида сўз юритдилар.

Гарчи анжуман иштирокчиларининг барчаси Марказий Осиё интеграцияси минтақа учун нақадар муҳим жараён эканини таъкидласалар-да, бу ишни амалга ошириш тез ва осон кечмаслигини ҳам урғулашди.

Жумладан, Қирғизистон парламентининг собиқ депутати Алишер Мамасалиевга кўра, минтақада чинакам интеграция жараёни бошланиши учун камида икки авлод алмашиши керак.

- Биринчидан, бунинг иқтисодий асоси бўлиши керак, чунки иқтисодий мотивацияси бўлмаса, ҳар қандай уюшувнинг истиқболи бўлмайди. Бундан ташқари, интеграция учун сиёсийчиларнинг иродаси керак, - дейди Алишер Мамасалиев.

Айни пайтда ҳозирги кунда дунё тез ўзгараётганини қайд этган собиқ депутат мамлакатдаги сиёсий тизим бир кишининг иродасига боғлиқ бўлган Марказий Осиё давлатларида лидернинг иқтидордан кетиши ўша давлатда тез орада катта ўзгаришлар юз беришига сабаб бўлиши мумкинлигини ҳам эҳтимолдан соқит қилмади.

Қирғиз депутатининг минтақада интеграция жараёни тез кечмаслиги юзасидан фикрини қувватлаган тожикистонлик эксперт Хайрулло Мирсаидов эса кичикроқ интеграцион жараёнлар Ўзбекистонда ҳокимият алмашиши биланоқ бошланади, деган фикрда.

- Бу бутун Марказий Осиёдаги интеграция жараёни учун асосий омилдир. Бу жараён Ислом Каримов шунақа “ёмон одам” бўлгани учун эмас, балки Ўзбекистон Марказий Осиёнинг ўртасида жойлашгани ҳамда Ўзбекистон сиёсатининг интеграцион жараёнларга унчалик мойил бўлмагани сабабли тўхтаб турибди, - дейди тожикистонлик эксперт.

Анжуман якунида иштирокчилар Марказий Осиёда интеграция жараёнига халақит бераётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича амалий қадамлар қўйиш, сув, энергетика, савдо-сотиқ ва шу каби бошқа соҳалар бўйича мавжуд муаммоларни ҳал қилиш истаги билан минтақа сиёсий раҳбарларига мурожаат қилиб, резолюция қабул қилдилар.

- Бу ишнинг бошланиши, холос. Агар минтақа раҳбарлари ҳадеб глобал ўйинчилар раъйига қарайвермай, интеграция жараёнларини бошлаб юборсалар, биз – фуқаролик жамияти вакиллари бу ишда уларга бажонидил кўмакдош бўламиз, - деди анжуман ташкилотчиларидан бири Нигора Ҳидоятова.
XS
SM
MD
LG