Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:08

Истеъмолчи ўз ҳуқуқини ҳимоя қила оладими?


Кузатувчилар ўзбек истеъмолчиси ўз ҳуқуқни билиб олган, лекин доим ҳам уни ҳимоя қилиш имконига эга эмас, демоқда.
Кузатувчилар ўзбек истеъмолчиси ўз ҳуқуқни билиб олган, лекин доим ҳам уни ҳимоя қилиш имконига эга эмас, демоқда.

15 март- истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро куни сифатида нишонланади. Ўзбекистонлик истеъмолчи ўз ҳуқуқларини қанчалик билади ва бу ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қодирми?


Расмий маълумотларга кўра, 2012 йилда республика бўйича истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига истеъмолчилардан 10 мингдан ортиқ ариза келиб тушган.

Бироқ бу аризаларнинг қанчаси ижобий ҳал қилингани тўғрисида маълумот йўқ.

Фарғона вилоятининг Қўштепа тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг мониторинг бўлими мутахассиси Маъмурахон Умарованинг айтишича, ўзбек истеъмолчиси ўз ҳуқуқларини яхши ўрганиб олган:

- Исьтеъмолчилар бугун ўз ҳуқуқларини жуда яхши билади. Ҳозир мана қўлимда Лойсон қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 90 киши номидан ариза тушган. Улар “Водийгазтаъминот” устидан ариза ёзишган. Аҳолини газ тармоғидан узишгану лекин яна қарздор қилиб қўйган. Аҳолига нореал қарздорлик қўйилгани ўз тасдиғини топди. Ҳозир шуни ўрганяпмиз. Бундан ташқари пластик карточкалар бўйича шикоятлар кўп бўлиб туради,- дейди Маъмурахон Умарова.

Бироқ, фарғоналик оддий истеъмолчи, собиқ иқтисод ўқитувчиси Маъруфжон Абдураҳмонов истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини яхши билишига ишонмайди. Унинг айтишича Ўзбекистонда истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун "жуда гўзал" қонунлар қабул қилинган. Лекин истеъмолчи ўз ҳуқуқини билгани билан уни талаб қилиш имконига эгами деган савол очиқ қолмоқда, дейди пенсионер ўқитувчи:

- Мана икки ярим йил бўляпти, мен Фарғона шаҳар давлат солиқ инспекциясини мендан ғайриқонуний солиқ ундиргани учун судга берганман. Иш бугун Олий судгача борди. Лекин ҳуқуқлардан фойдаланиш имконияти ҳаммада ҳам бор эмас. Мени маълумотим етарли бўлганлигим учун шундай талаб қила оламан. Лекин оддий бир ишчи ёки деҳқон истеъмолчилик ҳуқуқини ҳимоя қилиш имконига эга эмас,- дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Собиқ ўқитувчига кўра, истеъмолчи ўз ҳуқуқини талаб қилишни билганида ҳам, можаро юзага келганда жуда камдан кам ҳолларда унинг фойдасига ҳал бўлади:

- Жудаям қийин. Қаерга борсангиз бюрократияга дуч келасиз, қаерга борсангиз ўша раҳбарлар юзини терс қилиб қараб туради. Шундан кейин “э боре” деб қўл силтаб кетасиз,- дейди ўқитувчи.

Истеъмолчига кўра, бир эмас, миллионлаб ўзбекистонлик истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ерга урилаётганини ҳукуматнинг ўзи ҳам яхши билади:

- Сувни бошидан лойқалаётган энг аввало ҳукуматнинг ўзи. Истеъмолчи ҳуқуқини бузилаётганини таъминлаётган ҳам ўзи. Мана оддий нарса. Пластик карточкалари бор бўлган одамлар керак бўлган товарини ҳар доим ҳам ола олмайди. Бу бир. Иккинчидан, палстик арточкалар муомалага чиқарилибдики, пластик карта билан нақд пул олиш мумкин бўлган бирорта банкоматни ишлаганини кўрмайсиз. Мен ўзим ҳали бирор марта ҳам банкоматдан 100 сўм пул ололмаганман. Истеъмолчининг бу ҳуқуқлари поймол бўлаётганини ҳукумат ўзи яхши билмайдими? Жуда яхши билади,- дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Ўзбекистондаги қонунчиликка биноан истеъмолчи товар (иш, хизмат), ишлаб чиқарувчи (сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, товар, иш ёки хизматни эркин танлаш ҳамда унинг тегишли даражада сифатли бўлиши, ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши, бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
XS
SM
MD
LG