Линклар

logo-print

Ўзбек корхоналари емай, едираяпти

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистонда турли давлат дастурлари йирик корхоналар ва хусуси тадбиркорлар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистонда турли давлат дастурлари йирик корхоналар ва хусуси тадбиркорлар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон президентига кўра, ўзбек ўғил-қизларининг ўртача бўйи 5 йилда салкам 2,5 сантиметрга ўсган. Японларнинг ўртача бўйи эса, сўнгги бир асрда 10 сантиметрга ўсган, холос. Лекин “Жамият ва қонун”нинг бугунги сони бу ҳақдагина эмас. Асосий гап бўй билан боғлиқ бошқа масалада...


Гапнинг “бисмиллоси”

Тушундик.

Майли, бироз юмшатайлик: тушунгандай бўлдик.

Иқтисодиётни ривожлантиришнинг “ўзбек модели” нима эканлигини тушунгандай бўлдик.

1992 йилда қабул қилинган ва беш тамойилга асосланган бу “модель” ҳақида Ўзбекистон Президенти кўп чиқишларида айтган, олимлар илмий ишлар ва дарсликлар битган.

“Э йўқ, бе йўқ, нега бу ҳақда гап очиб қолдингиз”, деб ҳайрон бўлманг.

Биринчидан, тушуниш истаги ҳар доим бўлган, (қолаверса, эшиттиришимиз жамият, унинг қонунлари ва ички қонуниятларини ўрганишга бел боғлаганку!) иккинчидан, яқинда қўлимизга келиб тушган бир ҳужжат "ўзбек модели"нинг нима эканлигини тушуниш йўлини кўрсатиб берди.

Бироз зерикарли муқаддима шу жойда тугади. Буёғини эшитинг. Буёғи – қизиқ.

***

“Ўзбекнинг ўртача бўйи ўсмоқда”

“Сўнгги 5 йил ичида 10 – 14 ёшдаги ўғил болаларнинг бўйи ўртача 2,3 сантиметрга, қизларнинг бўйи 2 сантиметрга ўсди, вазни эса, ўғил болаларники 2,6, қизларники 2,9 килограммга ортди”.

Бу маълумот Президент Каримовнинг Болалар спортини ривожлантириш ҳомийлик кенгашининг бундан икки йил олдин - 2011 йил, февралда ўтказилган йиғилишида сўзлаган нутқда келтирилган эди.

Жаноб Президентнинг айтганларига ишонмасликка асосимиз йўқ – бир неча миллион ўзбек ўғил-қизнинг бўйини ўлчаб кўрган эмасмиз.

Агар 2011 йилгача бўлган суръат сақланиб қолган бўлса, сўнгги 2 йилда болаларнинг ўртача бўйи яна 1 сантиметрга ўсган бўлса, ажабмас.

Ўсиш гарови

Бу ютуқ Президент фикрича, Ўзбекистонда умуман спортга ва хусусан, болалар спортига катта эътибор берилаётганидандир.

Андижондаги “Турон” мини-футбол жамоасининг бош мураббийси Рустам Абдиевнинг айтганлари Президентнинг айтганларига далил бўла олади.

Рустам аканинг айтишича, кейинги йилларда ҳукумат спортга сезиларли эътибор бермоқда. Фикрини у биргина “Ямбол” спорт мажмуи мисолида далилламоқчи бўлди.

- Ямбол идеалний ҳолатга, деярли инделаний ҳолатга олиб келинди. Замонавийлашди. Булар, менимча, анча-мунча оз пулга бўлмаса керак. Унинг ичида самбо, курашчилар учун ҳам зўр шароитлар яратилди. Мен шуларни кўрдим, дейди Рустам ака.

“Турон” мини-футбол жамоасининг бош мураббийси “бу ишлар озмунча пулга бўлмаса керак”, деди.

Президент Каримов 2002 йилнинг 24 октябрида “Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонни имзолаганидан бери 2012 йил февралигача “мамлакат бўйлаб 1400 дан зиёд болалар спорти объектлари бунёд этилгани” тўғрисида Жамғарманинг ўтган йилги йиғилишида Президентнинг ўзи айтган эди.

2011 йил февралида эса, Болалар спорти жамғармасига 116 миллиарддан зиёд сўм ва чорак кам икки миллион АҚШ доллари жамлангани тўғрисида айтган эди Президент Каримов.

Бугунги эшиттиришимиз ўша пул тўғрисида – спорт иншоотларини таъмирлаш, янгиларини қуриш ва жиҳозлашга сарфланаётган маблағ манбаларидан бири тўғрисида бўладики, у эшиттиришда ўрганмоқчи бўлганимиз асосий масаланинг муҳим бир қиррасини очиб беради.

“Спорт солиғи”

Қўлимизда Президентнинг Болалар спорти жамғармасига оид 2012 йил 13 феврал кунги қарорига илова.

Ҳужжатда жамғармага қайси корхона неча пул ўтказиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Масалан, “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси 2 миллиард 250 миллион сўм, Навоий Тоғ-кон металлургия комбинати 2 миллиард 100 миллион сўм...

Президент қарори билан солинган “Спорт солиғи”ни тўловчилар рўйхатида ҳаммаси бўлиб 66 та корхона, ташкилот ва банк-кредит муассасалари бор.

66 та корхона ҳаммаси бўлиб 41 ярим миллиард сўмдан сал кўпроқ пул ўтказиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

“Спорт солиғи” тўлаганлардан бирига икки савол

Биз жамғармага озроқ – 50 миллион сўм тўлайдиган ташкилотлардан бирининг ҳисобчисидан “пулни ўтказганмисизлар?” деб сўрадик.

- Ҳа, ўтказилган.

Озодлик: 50 миллионмиди?

- 2012 йил 8 февралда оказано материалний помош за фонд развитие детского спорта 50 миллион сўм экан.

Озодлик: Шунга ўхшаган харажатинглар кўпми? Яна бошқа фондларга ҳам ўтказасизларми?

- Ҳа. Қарорлар билан бўладиган нималарда ҳаммасида қилинади у нарса. Масалан, ҳозир бу нарса президент қарори билан қилинганку. Худди шунга ўхшаган қилинади. Бу йил ўтказдик 60 миллион.

Озодлик: 60 милолион сўм яна спорт жамғармасигами?

- Ҳа, болалар спортига.

Озодлик: Болалар спорти биргина расходингларми дейманда? Ëки шунга ўхшаган рахсодлар кўпми?

- Расходларимиз кўп, дейди ташкилотлардан бирининг ҳисобчиси.

Болалар спорти жамғармасига ўтган йили 50 миллион, бу йил эса, 60 миллион сўм ўтказган ташкилот ҳисобчиси “бунга ўхшаш сарф-ҳаражатларимиз кўп”, дер экан, ёдимизга Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионининг корхона, ташкилот ва муассасаларнинг эҳсони - 296 млрд сўм, ёки давлат курси бўйича тақрибан 118 миллион еврога қурилгани тушди. Бу ҳақда “Жамият ва қонун” ўз вақтида батафсил ҳикоя қилган эди.

“Ўзбек модели” принциплари

Иқтисодий тараққиёт, Президент Каримовга кўра, “Тадбиркорлик фаолияти учун зарур эркинликларни таъминлаш, хўжалик юритувчи субъектлар ташаббускорлигини рағбатлантириш, рақобат муҳитини вужудга келтириш орқали амалга оширилади”.

Умуман, Президентнинг бунга ўхшаш бозор иқтисодиёти принципларига мос тўғри гаплари кўп.

Бас, шундай экан, бу гапларга, яъни бозор иқтисодиёти принципларига у киши имзолаган фармон ва қарорлар орқали корхоналардан мажбуран пул ундириш қай даражада мос?

Иқтисодчи олим нима дейди?

Бу саволни бухоролик иқтисодчи олим, маркетинг ва менежмент мутахассиси, маҳаллий университетнинг собиқ ўқитувчиси Ҳалим ака Ҳамроевга бердик.

- Бу ўз ўзидан равшанки, бундай мажбурлаш бозор иқтисодиëтига хос бўлмаган бир нарса. Бошқа давлатларда ҳам бор бунақаю лекин уларда ихтиëрий. Масалан бунақа фондлар, жамғармалар ëки бошқа хайрия жамғармаларига ëрдам беришлар ихтиëрий ташкил этилган, дейди Ҳалим ака Ҳамроев.

Шу ўринда бухоролик иқтисодчи олим билан эндигина бошлаганимиз суҳбатни бўламизда, домла айтаётган “уларда”, яъни бозор иқтисодиёти ривожланган Ғарб давлатларида бу масала қандай йўлга қўйилгани тўғрисида Европа мамлакатларидан бирида ишлаётган ўзбекистонлик мутахассис Саодат Нишонованинг айтганиларига эътиборингизни тортамиз.

Ғарбда ишлаб турган корхонага тегмайдилар

Унинг айтишича, Ғарбда ҳам у ёки бу ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объект қурилиши учун бизнесдан пул жалб қилиш тажрибаси бор.

Масалан, дейди Нишонова, бирон бир сармоядор шаҳарда, айтайлик, бирон объект қурмоқчи. У танлаган мавзеда, мисол учун спорт майдончаси етмаётган бўлиши мумкин. Ёки шаҳар депутатлари кутубхона керак, деган қарорга келган. Шунда шаҳар раҳбарияти сармоядор билан шартнома тузади. Биз сизга қурилишга рухсат берамиз, сиз эса, мавзе учун спорт майдончаси ёки кутубхона қуриб берасиз, деган маънода. Лекин, шаҳар раҳбарияти ҳам ҳаддидан ошиб кетолмайди, сармоядорнинг тоқати кўтарадиган даражадаги талабни қўяди. Акс ҳолда инвестор сармоя ётқизмай кетиб қолиши, шаҳар бюджети эса, у келажакда тўлайдиган солиқлардан маҳрум бўлиб қолиши мумкин, дер экан таҳлилчи масаланинг бир жиҳатига алоҳида эътибор қаратишимизни сўради.

- Бу ерда гап инвесторлар устида кетаяпти. Яъни янги корхона очмоқчи бўлаётганлар тўғрисида. Ғарбда ишлаб турган корхоналардан ҳеч ким пул тама қилмайди. Чунки корхонанинг синиб қолиш хавфи бор.

Озодлик: Ишлаб турган корхоналар ижтимоий лойиҳалар учун мутлақо пул бермайдими?

- Беради, масалан, театрга ёрдам бериши мумкин ёки ногиронларни ишга олиши мумкин. Лекин бундай ҳолатда корхонага солиқ имтиёзлари берилади, дейди Европа мамлакатларидан бирида ишлаётган ўзбекистонлик мутахассис Саодат Нишонова.

“Бизда тадбиркорни талайдиган кўп”

Бухоролик иқтисодчи олим, маркетинг ва менежмент мутахассиси, маҳаллий университетнинг собиқ ўқитувчиси Ҳалим ака Ҳамроев билан суҳбатга қайтамиз.

- Бизда эса биз бозор иқтисодиëтига энди ўтаëтган шароитда биринчи навбатда ҳали бизда бундай яхши, кучли тадбиркорлар, тузукроқ оëққа туриб олганлар йўқ. Шунга қарамасдан мана шунақа мажбур қилишлар уларга албатта салбий таъсир қилади. Улар зўрға топадиган озроқ бўлса ҳам фойданинг бир қисмини мана шунақа йўналишларга, мана шунақа харажатларга жўнатишга мажбур қилинади булар. Албатта бу нарсалар уларга ëқмайди. Нафақат ëқмайди, иқтисодий жиҳатдан уларга салбий таъсир этади. Бу аниқ нарса. Шунинг учун бу нарсалар мен ўйлайман вақтинчалик бўлса яхшироқ.

Озодлик: Бу саволим сизга бериладиганми йўқми билмайман. Ҳар ҳолда бериб кўраверай. Президентнинг қарори бу. Бир қарашда қонунийдек. Президент ўзининг чўнтагига сўрамаяпти. Болалар спортига деяпти. Лекин сиз айтган нарсалардан келиб чиқиб, бозор иқтисодиëти принципларидан келиб чиқиб қонунийлигига ҳам шубҳа пайдо бўлади. Буни қандай баҳолаш керак? Қонунийми ëки конституцияга зидми?

- Қонуний тадбиркорлардан, корхоналардан ундириладиган нарса бўлса бу асосий солиқ бўлиши керак. Яъни қонун билан белгиланган барча давлатлардаги каби солиқлар асосий тўловлар ҳисобланади. Бошқалари ҳақиқатан президентнинг имзоси билан чиққан бўлса, ноқонуний деб ҳам айтиб бўлмайди. Чунки президент ҳужжатлари ҳам қонун тусига эга, қонун мақомига эга нарсалар ҳисобланади. Мен яна битта нарсани қўшимча қилмоқчи эдим. Президентнинг қарори билан қабул қилинадиганлари бу расмий бўлиши мумкин, бўлиши керак. Улардан ташқари ҳар бир вилоят ҳокими, ҳар бир туман ҳокими, ундан ташқари ўзлари қўшимча мана бунақа мажбурий тўловларни тўлашга мажбу қиладиганлари бор. Ҳаммасини йиғиб келадиган бўлса, тадбиркорларга жуда оғир юк бўлиб тушадиган нарсалар бўлиб ҳисобланади.

Озодлик: Мен Ўзбекистон ҳукуматининг тутумларини қараб туриб ҳеч бир қарорга кела олмайманда. Ўзбекистонда бозор иқтисодиëтими ëки советча услубдаги маъмурий-буйруқбозлик услубими? Маъмурий-буйруқбозликка асосланган иқтисодиëтми? Иқтисодиëт ўқитувчиси сифатида сизнинг жавобингиз борми шу саволга?

- Бозор иқтисодиëтига ўтишнинг бошланғич босқичларида юрибмиз ҳали биз. Шунинг учун бу ерда аралаш иқтисодиëт деб айтамиз. Бу ерда ҳам давлат томонидан тартибга солиш, ҳамда эркинлик. Мана шу эркинлик билан тартибга солиш орасида. Бошда давлат томонидан тартибга солиш кўпроқ ўрин эгаллайди. Эркинлиги озроқ бўлиб аста-секин буларнинг роли ўзгариб бориши керак. Давлат тартибга солиши қисқариб бориб, эркинлик кўпайиб бориб бу аста-секинлик билан ҳақиқий эркин бозор иқтисодиëтига ўтиш керак.

Озодлик: Бу назарияда. Амалда тескариси бўлмаяптими?

- Амалда ҳам шунга яқинроқ. Айрим жойларда албатта субъективлик кўпроқ ўрин эгаллаб қолиши мумкин. Айрим соҳаларда, айрим регионларда бу нарсаларни албатта бузуброқ кўрсатади ëки кўпроқ бузилишига сабаб бўлиши мумкин бозор мувозанатини. Шунинг учун аста-секинлик билан мана шундай йўналиш бозор иқтисодиëтига юбориш умуман бор. Жуда қийин тўсиқлардан ўтиб, муаммоларни ҳал қилиб силжиш умуман бор деб ҳисоблайман мен, деди бухоролик иқтисодчи олим Ҳалим Ҳамроев.

Узумни боғини суриштирмай еяверса бўладими?

Демак, бухоролик олимнинг айтганларидан келиб чиқсак, Ўзбекистон ҳукумати юритаётган сиёсат иқтисодиёт юритишнинг, уни ривожлантиришнинг бир йўли экан-да?

Иқтисодиётнинг бу “ўзбекча модел”и тўғридир? Ахир стадионлар, спорт майдончалари қурилаяпти. Муҳими – натижа эмасми?

Ўзбек боғини сўраб нима қилади, узумини еявермайдими?

“Суриштириш керак”

Йўқ, бўлмайди, деди ўзбекистонлик иқтисодчи Саодат Нишонова, бу хилда сиёсат юритиш зарарлидир.

- Чунки, ҳукумат у ёки бу баҳона билан пул талаб қилаверганидан кейин корхоналарда ривожланишга сарфлаш учун пуллари қолмайди, деди Саодат Нишонова.

***

Ўзбекнинг бўйи баландми, японникими?

Ва ниҳоят яна бир гап. Эшиттиришимиз бошида Президент Каримовнинг 2006 йилдан 2011 йилгача – 5 йилда ўзбек ўғил-қизларининг ўртача бўйи салкам 2 ярим сантиметрга ўсгани тўғрисидаги гапини келтирган эдик.

Бу жараён умуман дунё бўйлаб кузатилмоқда, дейилади шу мавзу ўрганилган ишларда.

Масалан, японларнинг ўртача бўйи кейинги бир асрда 10 сантиметрга ўсган.
Демак, японлар 100 йилда 10 сантиметргагина, ўзбеклар эса, 5 йилда қарийб 2 ярим сантиметрга ўсибди.

Яхши-а?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG