Линклар

logo-print
Ўзбекистонда футбол фанатларининг юзини бўяши тақиқланди. “Болалар” гуруҳи концерти учун чипталар мажбурий сотилди. Чегарада қадимий қўлёзмалар ушлаб қолинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Партия раҳбари қуёш энергиясидан кўпроқ фойдаланишни таклиф қилди”

Ўзбекистонда бир йилда қуёшли кунлар 300 кундан ортиқ, шамол эсувчи ҳудудлар, шунингдек, электр энергияси ҳосил қилиш мумкин бўлган тоғ дарёлари мавжуд. “Адолат” социал-демократик партияси раиси Исмоил Саифназаров муқобил энергия соҳасига эътиборни кучайтириш зарурлигини айтди.

Партия раҳбарининг “Адолат” газетасида ёзишича, қайта тикланувчи энергетика олисда, тоғли ва бориш қийин бўлган ҳудудларда яшовчи аҳоли учун асқотади. Таъкидланишича, жаҳонда углерод хомашёси захираси тугаб бораётган ҳозирги даврда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш муҳим. Айни пайтда дунёнинг 65 дан ошиқ давлати қуёш, шамол ва сувдан фойдаланиш орқали муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбалари олмоқда.

“Вазир ўринбосари нега ёлғон жавоб хати ёзди?”

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги 36-умумтаълим мактабида қариндош-уруғчилик, ошна-оғайнигарчилик, ўтилмаган дарслар учун миллионларни ўзлаштириш авж олган. Аммо негадир мавжуд ҳолат Халқ таълими вазирлиги томонидан хаспўшланмоқда (“Муштум”, 2013 йил 1-сон).

Журналда эълон қилинган фельетонда айтилишича, халқ таълими ривожига зарпечакдек халақит берувчи бу иллатлар чора кўрилмагани сабабли хавфли тус олиб, бошқа мактабларга ҳам ёйилмоқда. Қонун ҳимоячилари, маҳаллий ҳокимият ва соҳа мутахассислари бу иллатларни кўриб кўрмаганга олмоқда ёки хўжакўрсинга чора кўрмоқда. Қайд этилишича, ушбу ҳолат юзасидан журналга жавоб йўллаган республика Халқ таълими вазири ўринбосари Б.Дониёров устоз ниқобидаги ҳаддидан ошган қаллобларни инсофга келтириш ўрнига ҳамкасблари айбини хаспўшлаб ёлғон маълумот берган.

Таҳлилларга қараганда, ўтган йилнинг тўққиз ойида Қашқадарё вилоятидаги мактаб директорлари ва ўқитувчиларига нисбатан 100 дан ошиқ жиноий иш очилган. Косон туманида – 17, Чироқчида – 13, Қаршида – 12, Қамашида – 11, Муборакда – 10, Миришкорда – 8, Китобда – 6, Касби ва Нишонда – 2, Яккабоғда эса 1 нафар халқ таълим вакилига жиноий иш қўзғатилган.

“Ўзбекистонда футбол фанатларининг юзини бўяши тақиқланди”

Ўзбекистонда футбол фанатларининг юз ёки тананинг бошқа қисмларини бўяши тақиқлаб қўйилди (“Адолат кўзгуси”, 14 март). Маданият ва спорт ишлари вазирининг 2013 йил 22 февралдаги буйруғи билан қабул қилинган Футбол бўйича спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида томошабинларнинг (мухлисларнинг) ўзини тутиш қоидаларида бошқа тақиқлар ҳам ўрин олган.

Бунга кўра, ўйинларга маст ҳолда келиш, тамаки ёки алкоголли ичимликларни спорт иншоотида истеъмол қилиш, ўзи билан ўқотар қурол, тез ўт оладиган, ўткир ҳидли моддаларни, санчадиган ёки кесадиган предметларни, чемоданлар, портфеллар, катта ўлчамдаги ўрамлар ва сумкалар, шиша идишларни олиб келиш ҳам ман этилади. Спорт ўйинларига жониворларни етаклаб келиш, машъала ва гулханлар ёқиш, ҳақоратли хитоблар қилиш ҳам мумкин эмас. Шунингдек, томошабинлар спорт иншоотига кириш учун махсус назорат-текширувини инобатга олиб, тадбир бошланишидан аввалроқ келиши лозим.

“Болалар” гуруҳи концертига чипта мажбурий сотилди”

“Болалар” гуруҳи ва хонанда Тоҳир Содиқовнинг Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройидаги тўрт кунлик концерт дастурига чипталар бозорлардаги сотувчиларга ва савдо ходимларига мажбурий пулланган (“Даракчи”, 14 март). Газета хабарига кўра, чипталар 10 минг сўмдан 50 минг сўмгача нархда ўтказилган. “Концертни кузатиш давомида мени яна бир нарса ранжитди. Негадир бир ярим соат давом этган концертга хонанда етарли тайёргарлик кўрмагани сезилиб турарди” деб ёзади шоу бизнесга ихтисослашган нашр мухбири.

“Провайдерлар Интернет нархларини тушириши керак”

“Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси жорий йил 26 февралдан Интернет хизмати тақдим этувчи ширкатлар – провайдерларга хизматлар учун тариф нархларини туширди (“XXI аср”, 14 март). Жорий йил январ ойида 1 Мбит/c учун 409,44 АҚШ доллари миқдорида хизмат ҳақи тўлаган провайдерлар янги тарифга мувофиқ, 383,79 доллар тўлайди. Либерал партия нашрига кўра, гарчи кейинги уч йил ичида провайдерлар учун белгиланган тарифлар қарийб тўрт баровар пасайтирилган бўлса-да, аммо провайдерлар корхона ва ташкилотларга сотаётган “пакет”лар баҳосида тушиш кузатилмаётир. Иқтисодий имтиёзларга эга бўлаётган провайдерлар шунга мувофиқ равишда мижозларга ҳам қулайлик яратиши лозим.

“Тошкентдаги автобус бекатларига ким жавобгар?”

Тошкент шаҳридаги автобус бекатларининг аҳволи қониқарли даражада эмас (“Новый век”, 14 март). Ҳукумат кортежи ўтадиган марказий кўчалар чиройли бекатлар билан таъминланган. Аммо айрим ҳудудларда бекатнинг ўрни бор, аммо ўзи йўқ. Бу эса ёғин-cочин кунлари, шунингдек, ёзнинг жазирама иссиғида қариялар, болалар ва умуман барча йўловчиларга ноқулайлик туғдирмоқда. Трамвай бекатларидаги аҳвол эса буткул ачинарли: шаҳар бўйича бирорта ҳам трамвай бекатининг усти ёпилмаган, ўриндиқ қўйилмаган. “Бугун шаҳардаги бекатларга айнан ким масъул эканини аниқлаш жуда қийин. Шаҳар ҳокимияти ҳузуридаги ободонлаштириш бўлими ёки шаҳар ҳокимияти йўллайдиган “Тошйўлавтотранс” идораларидан жавоб олишнинг эса имкони йўқ” деб ёзади “Новый век” нашри.

“Ҳамқишлоқларини сотган фуқаро беш йилга қамалди”

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида 1982 йилда туғилган Баҳодир Аҳмадалиев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддасига биноан одамфурушликда айбланди (“Диёнат”, 14 март). Аҳмадалиев бир гуруҳ ҳамқишлоқларини Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги маҳаллий фуқарога сотиб юборган. Ўзи эса Россияга қочиб кетган. Жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ тумани суди Баҳодир Аҳмадалиевни 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этган.

“Чегарада қадимий қўлёзмалар ушлаб қолинди”

Тошкент вилояти Зангиота тумани чегара постида араб ёзувидаги 27 дона қадимий китоб ушлаб қолинди. “Даракчи” хабарига кўра, шахси ошкор этилмаган фуқаролар қўлёзмаларни Қозоғистонда мўмай пулга сотмоқчи бўлган. Мутахассислар қўлёзмаларнинг иккитаси Қуръони карим, қолганлари диншунослик, адабиёт, грамматика, тасаввуф ва фиқҳга оид асарлар эканини аниқлаган. Қўлёзмалар орасида Муҳаммадсодиқ Фарғонийнинг 1817 йилда кўчирилган “Ҳадойиқ ул-ахёр” асари ҳам бўлган.
XS
SM
MD
LG