Линклар

logo-print
Германия учун алтернатива деб номланган янги немис партиясига бирлашган машҳур иқтисодчи олимлар еврозонани тарқатиб юбориб¸ эски миллий валюталарни қайта тиклаш талабини илгари сурмоқда.

Янги партия кузда ўтказиладиган миллий сайловларда канцлер Ангела Меркел ва унинг консерватив иттифоқчиларига жиддий рақиб бўлишга ҳозирланмоқда.

Германия Европа Иттифоқининг энг йирик молиявий ҳомийси ва иттифоқнинг ягона пул бирлиги бўлган евро ортидаги асосий кучдир.

Аммо Германиянинг еврозонадаги бу ролига нисбатан мамлакат ичкарисида норозилик кучайиб бормоқда ва жорий ҳафта тузилган янги Германия учун алтернатива партиясининг евроҳудудни парчалашни ўз асосий мақсади қилиб белгилаши¸ бунинг яна бир исботидир.

Партия евроҳудудни тарқатиб¸ унинг ўрнига миллий пул бирликларига қайтишни талаб қилмоқда. Айни пайтда¸ партияга уюшган машҳур немис иқтисодчилари Австрия¸ Финляндия ва Ҳолландия каби иқтисодий даражаси Германияга яқин бўлган давлатлар билан янги муштарак пул бирлиги тузиш эҳтимолини ҳам очиқ қолдирмоқдалар.

Апрел ойида расман сиëсий партия сифатида иш бошлаши кутилаëтган янги ҳаракат ташаббусчилари¸ Европа Иттифоқида қолиш ëхуд еврозонани сақлаб қолиш учун бир давлат қарзини бошқаларига тўлатиш амалиëтига кескин норозилик билдирмоқдалар ва Европа Барқарорлик механизми деб аталувчи қутқарув жамғармасини йўқ қилишни талаб қилмоқдалар.

Янги партия матбуот котиби Фрауке Петри ўз маслакдошлари Германиянинг Европа Иттифоқида қолиши¸ бироқ евродан воз кечишини истаëтганини айтади:

- Ҳозирги шаклдаги евро Европага фақат зиëн келтирмоқда. Сабаби¸ еврозонага қўшилган давлатлар иқтисодининг рақобатбардошлиги ўта фарқли. Шу боис¸ Греция ва Португалия каби иқтисоди заиф давлатларга мажбуран киритилган кескин ижтимоий чоралар ëшлар ўртасидаги ишсизликнинг ниҳоятда кучайиб кетишига олиб келди. Ҳар бир давлат евродан чиқиш ҳаққига эга бўлмоғи лозим¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Германия учун алтернатива партияси матбуот котиби.

Евродан чарчаш аломатлари Германияда биринчи бор кузатилаëтгани йўқ.
Яқин ўтмишда европараст бўлган аксар немисларнинг бугунга келиб бу пул бирлигини сақлаб қолишнинг асосий юки ўзларига тушиб қолганидан тоқати-тоқ бўлиб бормоқда.

Яқинда ZDF телеканали уюштирган сўровда қатнашган германияликларнинг қарийб ярми мамлакат евроҳудуддан чиқса¸ яхшироқ бўлади¸ деган фикр билдирди.

Ўтказилган яна бир сўровга кўра¸ 25 фоиз германияликлар Германиянинг евроҳудуддан чиқишини мақсад қилган янги партияни қўллаб-қувватлаш истагини билдирган.

Германия учун алтернатива партияси вакили ўз сиëсий гуруҳи мамлакатдаги бошқа сиëсий партиялар аҳолининг ана шу эътироз ва ҳисларини яхши англамагани оқибатида дунëга келганини айтади:

- Германия иш бозорида вазият нисбатан яхшироқ бўлгани учун одамлар иш ташлаш қилиб кўчаларга чиқмаëтир. Ўзи сабрли ва тартибли бўлгани учун немислар норозилик намойишлари ўтказишни кўп ҳам хуш кўришмайди.

Лекин биз кунига минглаб одамлардан сиëсий табуга айланган шу муаммони ниҳоят ўртага қўйганимиз учун миннатдорчилик билдирилган мактуб ва муждалар олаяпмиз. Шу боис биз ўз мақсадимиз билан кенг халқ оммасининг асос ҳисларига монандмиз¸ деган ишончдамиз¸ дейди янги партия матбуот котиби.
XS
SM
MD
LG