Линклар

Коллеж талабаларининг мамлакатдан чиқиши назорат остига олинди


Айни кунларда¸ Ўзбекистон бўйлаб ҳуқуқ тизимлари мулозимлари ўқувчи ва талабаларга хорижга чиқиш "таҳлика"ларидан сабоқ бермоқдалар.

Айни кунларда¸ Ўзбекистон бўйлаб ҳуқуқ тизимлари мулозимлари ўқувчи ва талабаларга хорижга чиқиш "таҳлика"ларидан сабоқ бермоқдалар.

Ўзбекистон президентининг 18 январ кунги танқидий мулоҳазаларини махсус йиғинларда муҳокама қилган Миллий хавфсизлик хизмати¸ прокуратура ва ички ишлар тизимлари айни кунларда ўқувчи ва талабаларнинг хорижга чиқишини амалда тақиқлаб қўйди.

Ўзбекистондаги ўрта ва махсус таълим масканларидаги талабалар ўқиш тугамагунига қадар мамлакатни тарк қилмаслиги учун қаттиқ чоралар кўрилмоқда.

Бу чоралар ҳақида Озодликка гапирган Қурилиш коллежи мулозимига кўра¸ ўқувчиларнинг мамлакатдан чиқиши устидан назорат Ўзбекистон президентининг 18 январдаги маърузасидан кейин кучайтирилган.

Ўзбекистон жанубидаги Қурилиш коллежларидан бирининг тарбиявий ишлар бўйича муовини (исмини айтмасликни маъқул кўрдик -таҳр.) Озодлик билан суҳбатда ўқувчиларни таълим масканига боғлаб ўтроқ қилиб қўйиш чоралари борасида гапирди:

- Биринчидан¸ тушунтириш ишлари олиб бораяпмиз. СНБ (Миллий хавфсизлик хизмати) бизга видеофилмлар берган. Бу видеофилмларда мамлакат ташқарисида хор-зор бўлган ўқувчиларнинг тавба-тазарруси акс этган. Ана шу филмларни ўқувчиларга кўрсатиб¸ ташқарига чиқсанг сенинг ҳам ҳолинг шундай бўлади¸ деб тушунтираяпмиз¸ дейди коллеж мулозими Озодлик билан суҳбатда.

Айни пайтда бу тушунтириш ишлари бесамар қиладиган бир ҳолат ҳам бор¸ дейди коллеж расмийси:

- Биз бу ëқдан Россияга борсанг расво бўласан деб турсак¸ Россияга бориб келган болалардан бир-иккитаси қўлидаги қиммат телефони ва башанг кийимлари билан мақтаниб бизнинг гапларимизни чиппакка чиқараяпти. Болалар ҳам бизнинг гапимиз қолиб¸ ўша олифталарга ишонади¸ дейди коллеж мулозими.

Ўқувчилар ўтроқлиги борасида яна ҳам самарага эришиш учун прокуратура ҳам ўз тасарруфидаги воситаларни ишга солмоқда¸ деб таъкидлайди коллеж ўқитувчиси .

Суҳбатдош шу билан бирга Ички ишлар бошқармаси қошидаги Вояга етмаганлар билан ишлаш бўлими ва паспорт идораси билан биргаликда ўқувчиларининг таълим олиш пайтида мамлакатни тарк қилмаслиги ҳуқуқий жиҳатдан таъминланаëтганлигини айтади:

- Масалан, ота-онаси Кореяга ишга кетганлар бор. Бир-иккита бола отасига эргашиб кетмоқчи бўлди. Биз ОВИР идораси билан биргаликда уларни ўқиши тугамагунга қадар уйида қоладиган қилдик. Биз бу бола ўқишни тугатиши керак¸ четга чиқиши мқсадга мувофиқ эмас, деб ëзиб бердик. Ана шундан кейин саëҳат қилиш орзусида бўлганлар камайди¸ дейди мулозим.

Суҳбатдошга кўра, ўқувчилар саëҳатлари устидан назорат Ўзбекистон президентининг 18 январдаги маърузасидан кейин кучайтирилган:

- Юртбошимизнинг 18 январ кунги маърузаси прокуратура ва бошқа тегишли ташкилотлар иштирокида жиддий муҳокама қилинди. Протокол ҳам бор. Ўшанда прокуратура бизга қатъий вазифа қўйди. Битта бола ҳам ўқишдан қолиб, у ëқ бу ëққа кетиб қолмасин, деб аниқ айтилди¸ дейди коллеж мулозими.

Ўзбекистон президенти 18 январ куни ўтган ҳукумат йиғинида мамлакат таълим тизимини ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилгани, аммо коллежларни битираётган ёшларнинг ишсиз қолиб кетаётганига жиддий аҳамият берилмаганини айтган эди.

- Эътибор беринг, 500 мингдан ортиқ болаларимиз коллежларда ўқияпти. Уларнинг тақдири нима бўлади эртага? Болаларимизнинг чет элларда иш сўраб юриши умуман айтганда менинг ҳеч қандай ақлимга сиғмайди. Сан раҳбар бўлсанг агар¸ сан бориб уни кўниктиришинг керак...¸ деган эди мазкур йиғинда Ислом Каримов.

Россияда ўлдирилган ўзбек фарроши боис айтилган президентнинг бу дашномидан кейин коллеж ўқувчиларини Ўзбекистондан кетмаслликка “кўниктириш” тадбирлари бутун республика бўйлаб ўтказилди.

Тошкентдаги педагогика билим юртининг Шаҳноза исмли талабаси чиқиш визасини расмийлаштирмоқчи бўлганида¸ катта қийинчилик билан юзма –юз келганини айтади:

- ОВИР дагилар ўқиш жойингдан справка олиб кел дейишди. Ўқиш жойи эса справка бермаймиз¸ сен ўқиш тугагунча мамлакатдан ташқарига чиқа олмайсан¸ дейишди¸ дейди хориждаги опасини кўриш учун таътил пайтида сайëҳатга чиқмоқчи бўлган талаба қиз.

Шаҳнозанинг ота-онаси билим юрти раҳбариятига совға салом бериб, масалага ечим топгани билан мамлакатдаги юз минглаб ўқувчи эркин саëҳат қилиш ҳуқуқидан амалда мосуво қолмоқда.

Россиядаги болалар ҳуқуқлари ҳимоя қилувчи халқаро"Право ребенка" маркази раҳбари Борис Алтшулер Озодлик билан суҳбатда бу ҳолатнинг нафақат халқаро, балки Ўзбекистон қонунларига ҳам зид эканлигини айтaди:

-Ўзбекистондаги болаларнинг бу ҳолати Қадимги Россиядаги крепостной деҳқонлар вазиятига ўхшайди. Биласиз, Россия деҳқонлари ўзи бириктирилган қишлоқ ҳудудидан ташқарига чиқишга ҳуқуқсиз бўлишган.

Жиддий айтадиган бўлсан Ўзбекистон ўзи эътироф қилган БМТнинг “Бола ҳуқуқлари” конвенцияси талабларига зид ҳаракат қилмоқда. Болалар ўз ота- оналари билан бирга эркин саëҳат қилиш ҳуқуқига моликдирлар¸ дейди Борис Алтшулер.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG