Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:17

Тошкентда яна иссиқ ва совуқ сув қимматлайди


1 апрелдан бошлаб Тошкентда иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув тўлови 13,5 фоизга ошади. “Тошиссиққувват” бирлашмаси мулозимларига кўра¸ бу иссиқлик етказиб берувчи манбалар ва асбоб-ускуналарнинг қимматлагани билан боғлиқ. Шунингдек пойтахт ва Тошкент вилоятида совуқ сув ҳам қимматлайди.


Жорий йилнинг 1 апрелидан Ўзбекистон пойтахтида аҳоли фойдаланаётган марказий иситиш тизимидаги нархлар 13,5 фоизга кўтарилади.

1 апрелдан бошлаб тошкентликлар иссиқлик таъминоти учун бир квадрат метр яшаш жойига аввалгидек 584 сўмдан эмас, балки 663 сўмдан тўлайдилар.

Иссиқ сув учун янги тариф эса ҳар бир одам бошига 8297 сўм (аввалги нархи 7310 сўм эди) қилиб белгиланди. Айни пайтда ҳисоблагичи бор пойтахтликлар иссиқ сувнинг бир куб метрига 2124 сўмдан( аввалги нархи 1872 сўм) тўлайди.

“Сувсоз” Тошкент давлат унитар корхонаси ўз сайтида 1 апрелдан бошлаб шаҳар ва Тошкент вилояти аҳолиси учун совуқ сув ҳам қимматлашини эълон қилди.

Янги тарифларга кўра¸ совуқ сув яқин 14 фоизга қимматлайди. Квартираларда яшаётган ва совуқ сувга ҳисоблагичи бор тошкентликлар энди ҳар куб метр сув учун 256 сўмдан (аввалги нархи 223 сўм) ҳақ тўлайдилар (ҳисоблагичсиз жон бошига 2570 сўм).

Шахсий ҳовлиларда яшайдиган аҳоли учун ҳар куб метр сувнинг нархи 186 сўм қилиб белигланди. Агар бу хонадонларда ҳисоблагич бўлмаса¸ ҳар ойда жон бошига 2200 сўмдан тўланади.

Сўнгги бор Тошкентда совуқ ва иссиқ сув нархлари ўтган йилнинг 1 октябрида қимматлаган эди.

Тошкент шаҳрининг Ҳамза туманида истиқомат қилувчи пенсионер Темур аканинг айтишича, ҳукумат иш ҳақлари ва пенсияларни оширишдан олдин нархларни кўтариб қўяди:

- Ҳар йили шу аҳвол. Апрелдан коммунал хизматларнинг нархини ошириб қўядию, тўрт ойдан кейин озгина маош ва пенсияларга қўшиб қўяди. Икки марта шундай қилишади. Хулласи калом¸ олти ойга бизларни боплашади, нарх-наволар янги, пенсиялар эски. Куни-кеча чойхонада улфатлар гап қилиб қолди. 70-80 минг сўм пенсия оламиз, бу ёғи энди нима бўлади деб роса ҳасрат қилишди, дейди Темур ака.

Тошкентлик иқтисодчи Миркомил Тошкандийнинг айтишича, иссиқ ва совуқ сувга нарх-наволарнинг ҳар олти ойда ошиб бориши, айниқса, маош олиб ишлайдиган одамларнинг молиявий аҳволини янада оғирлаштириб қўяяпти.

Иқтисодчига кўра, коммунал хизмат кўрсатадиган ташкилотлар монопол бўлганлиги учун ҳам одамлар улар айтган нархга чидашга мажбур:

- Мисол учун, "Тошиссиққувват” монополист, “Узтрансгаз” монополист, “Сувсоз” монополист. Буларга рақобат қила оладиган ташкилотлар йўқ. Агар буларга рақобатчи компаниялар бўлганда, унда нарх-наво балки бунчалик ўрламаган бўларди, дейди Миркомил Тошкандий.
XS
SM
MD
LG