Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:10

Россия расмийси Ўзбекистонга виза режими жорий этилишини инкор қилди


Виза ҳақида шов-шувли баëнот берган асли тошкентлик Анвар Азимов(ўнгда) Россия дипломатик тизимларининг салмоқли намояндаси ҳисобланади.
Виза ҳақида шов-шувли баëнот берган асли тошкентлик Анвар Азимов(ўнгда) Россия дипломатик тизимларининг салмоқли намояндаси ҳисобланади.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Анвар Азимов¸ Москванинг МДҲ аъзолари билан дўстона муносабатда экани ва Россияда бу давлатлар¸ жумладан, Ўзбекистонга нисбатан виза режими жорий қилиш нияти йўқлигини билдирди.


Россия Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Анвар Азимов “Дождь” телеканалидаги чиқиши жамоатчилик, хусусан журналистлар томонидан нотўғри талқин қилинаётгани ва МДҲ давлатлари, жумладан Ўзбекистон билан ҳеч қандай виза режими жорий этилмаслигини алоҳида таъкидлади.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Анвар Азимов¸ бузиб талқин қилинаëтган баëнотида 2015 йилдан бошлаб МДҲ фуқароларини Россияга хорижга чиқиш паспортлари билан киритиш ҳақида гап борганини билдирди:

- Россия МДҲ давлатлари билан виза режими жорий этилиши масаласини ҳеч қачон кўтармаган ва кўтармаяпти ҳам. Биз бу муносабатларни юқори баҳолаймиз ва уларга зарар келтиришни истамаймиз. Гап самарали миграция назоратини таъминлаш масаласи тўғрисида кетаяпти. Президентимиз бу муносабатда Федерал Кенгашга қилган мурожаатномасида 2015 йилдан кейин Россияга кириш ички паспортлар эмас, балки хориж паспортлари асосида рухсат берилиши ҳақида таклиф киритди. Айни пайтда, Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудуд доирасида амалдаги максимал даражада соддалаштирилган чегараларни кесиб ўтиш режими сақланиб қолади, дея ишонтирди дипломат Анвар Азимов.

Шу тариқа Россиянинг энг малакали дипломатларидан бири бўлган Анвар Азимов икки кун олдин “Дождь” телеканали эфирида Россия ҳукумати 2015 йилдан бошлаб Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон билан виза тартибини жорий қилишни режалаётгани тўғрисида гапирган гапини қайтариб олди.

13 март куни “Госдеп-3” сиёсий таҳлилий дастурини олиб бораётган бошловчи Ксения Собчакнинг “Биз Ўрта Осиё мамлакатлари билан чегаралар хавфсизлигига кафолат бера оламизми? Ўзбекистон, Тожикистон билан виза жорий қилишга тайёрмизми?”, дея берган саволига жаноб Азимов:

- Бу ҳақда бизнинг президентимиз сўзлади ва у муайян даврдан, адашмасам, 2015 йилдан бу ишни амалга оширамиз, деди. Гап шундаки, бизнинг Европа Иттифоқидаги ҳамкорларимизда ўзбек, тожиклар оқимининг кескин ошиб кетишидан хавфсираш пайдо бўлди, дея марказий осиёликлар учун виза тартибининг жорий этилиши Европа Иттифоқи расмийлари талаби билан амалга оширилаётганига ишора қилди.

Дипломатнинг бу баёноти жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлди ва унинг бундай баёнотни эҳтиëтсизликдан ëхуд атайин қилганига оид баҳс ҳамон давом этмоқда.

Ўтган йил охирида Владимир Путин Федерал кенгаш олдида қилган чиқишида ҳақиқатан Божхона Иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудуд таркибига кирмаган давлат фуқароларига ички паспортлар билан Россияга кириб келишни тақиқлашни таклиф қилган эди.

- Бошқа мамлакат фуқаролари Россияга ички паспортлар билан кириб келаётгани ҳолатида самарали миграция назоратини ўрнатишнинг мутлақо иложи йўқ. Шу сабабли, 2015 йилдан бошлаб Россияга кириш фақат хориж паспортлари асосида амалга оширилиши керак, деб ҳисоблайман, деган эди Россия раҳбари.

Аввалига СССР, кейин Россия Ташқи ишлар тизимида 39 йилдан буён ишлаб келаётган асли тошкентлик Анвар Азимов¸ Озодлик билан суҳбатда МДҲ, жумладан Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлар Европа давлатлари билан алоқалардан устиворроқ эканини таъкидлади:

- Россия учун ҳар томонлама алоқаларнинг ривожланиши йўналишида биринчи ўринда МДҲ давлатлари туради. Биз Европа Иттифоқи билан МДҲ фуқароларига нисбатан виза режими жорий қилиш масаласини ҳеч қачон¸ ҳатто муҳокама ҳам қилмаганмиз, дейди Россия Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Анвар Азимов.

Кремл МДҲ давлатлари билан чегараларни ёпиш нияти йўқлигини тинимсиз билдириб келаётган бўлсада, сўровларда россияликларнинг асосий қисми виза жорий қилиш талабини қўлламоқда.

Россияда сўнгги пайтларда ҳукуматнинг ҳатто энг юқори поғоналарида ҳам миграциянинг асосий оқими келаётган Марказий Осиё мамлакатлари билан виза тартиби жорий қилиш масаласи тез-тез кўтарилиб турибди. Давлат Думасида бу ташаббус тарафдорлари деярли барча фракцияларда топилади.

Олдинроқ, Озодлик Россиянинг “Новая сила” партияси виза жорий қилиш талаби билан парламентга 100 мингта одам имзо қўйган ҳужжат олиб киргани, 2013 йилнинг февралида эса бир гуруҳ коммунист-депутатлар Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатларига виза режими киритиш таклифи билан чиққани тўғрисида хабар берган эди.

Бу масала юзасидан парламент муҳокамаларининг жорий йилнинг кузги сессиясида амалга ошиши кутилмоқда.

Россия депутатларининг бундай баёнотларига ҳозирча биргина Тожикистон ҳукуматигина расмий жавоб берди.

Душанбе мамлакатлар ўртасида виза режими жорий қилиниши Тожикистон иқтисодий аҳволининг кескин ёмонлашиши ва икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашишига олиб келишидан огоҳлантирди.

Ўзбекистон ҳукумати бу масалада ўз фикрини билдирганича йўқ.
XS
SM
MD
LG