Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:21

ЕИ Сурия исёнчиларини қуроллантириш масаласини баҳс қилмоқда


Германия Канцлери Ангела Меркел ва Франция Президенти Франсуа Олланд Сурия мухолифатини қуроллантиришга турлича қарашмоқда.
Германия Канцлери Ангела Меркел ва Франция Президенти Франсуа Олланд Сурия мухолифатини қуроллантиришга турлича қарашмоқда.

Европа Иттифоқи етакчилари Брюсселда Суриядаги исёнчиларга қурол-аслаҳа етказиб беришга жорий қилинган эмбаргони бекор қилиш тўғрисидаги Франция таклифини муҳокама қилмоқда. Франция қурол эмбаргоси бекор қилинмаса ҳам, исёнчиларга қурол етказиб беришга тайёрлигини билдирган. Британия ҳам қурол эмбаргосини олиб ташлашни қўллаб-қувватламоқда, лекин Германия бу таклифга қарши чиқмоқда.



Франция Президенти Франсуа Олланд, пайшанба куни саммит бошланиши олдидан қилган чиқишида, Башар ал-Ассад режими икки йилдан бери давом этаётган можарони сиёсий йўл билан ҳал этиш истагини билдирмаётгани ва Европа сурияликлар "қатлиом қилиниши"га томошабин бўлиб қололмаслигини баён қилди.

- Биз ҳам юзага келган вазият учун масъулиятни ўз зиммамизга олишимиз керак. Биз мулоқот ёки сиёсий ўзгаришларни истамаётган режим тарафидан бир халқнинг қатлиом қилинишига йўл қўя олмаймиз. Бу кундек равшан бўлиб қолди,- деди Олланд.

Европа Иттифоқи саммитида Британия ҳам президент Башар ал-Ассад режимига қарши курашаётган исёнчиларга қурол-етказиб бериш ғоясини қўллаб-қувватламоқда.

Лекин Европа Иттифоқининг бошқа аъзолари, жумладан Германия исёнчиларга қурол етказиб бериш зўравонликларни янада кучайтиришига оид хавотирларни илгари суриб, бу ғояга қарши чиқмоқда.

Финляндия Бош вазири Йирки Катайнен саммитда қатнашиш учун жума куни Брюсселга етиб келгач, Европа Иттифоқи муроса қилиб, қарор қабул қилиши керак, Франция ва Бртания бошқа аъзолар розилигисиз Сурия мухолифатига қурол етказиб бермаслиги лозим, дея таъкидлади.

- ЕИ ичида муштарак, кучли ташқи сиёсатга содиқ қоламиз, деган умиддаман. Шу сабабдан бу каби масалани, муроса қилмасдан, ҳал қилиш тўғри бўлмайди. Биз ЕИ ичида муштарак ташқи ва хавфсизлик сиёсати, айниқса, хавфсизлик сиёсатини, ишлаб чиқишга ҳаракат қилиб келганмиз ва мен Сурия масаласида муштарак сиёсатга содиқ қолиш орқали уни мустаҳкамлай оламиз, деган умиддаман,- деди Финляндия бош вазири.

ЕИга аъзо бошқа давлатлар қурол-аслаҳа исломчи жанггарилар қўлига тушиб қолиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Лекин Франция, шунга қарамай, Европа Иттифоқи май охирида муддати тугайдиган қурол эмбаргосини бекор қилмаса ҳам, исёнчиларга қурол етказиб беришга тайёрлигини айтмоқда.

ЕИ ичидаги баҳсу мунозаралар Сурия ҳукуматининг асосий иттифоқчилари ҳисобланган Эрон ва Россия Ассад режимига қурол етказиб беришда давом этаётганига оид хабарлар ортидан юзага келди.

Мухолифат етакчилари ғарб давлатларидан исёнчи кучларга қурол етказиб беришни сўраб келади. Лекин бу чиқариқлар ҳозирча эътибордан четда қолиб келган.

Саудия Арабистони ва Қатар аллақачон очиқчасига исёнчиларни қуроллантирмоқда. Лекин Ассад режимидан ҳокимиятни тарк этишни талаб қилаётган Қўшма Штатлар “ҳалокатли бўлмаган ёрдам” билан чекланмоқда.

Дипломатик манбалар жума кунги саммитда аниқ қадамлар бўйича қарор қабул қилинмаслиги айтмоқда.

Брюссел саммити Сурияда исён кўтарилганига икки йил тўлган кунга тўғри келди.

2011 йилнинг 15 мартида Сурия бўйлаб бир неча шаҳарда демократик ўзгаришлар талаби билан тинч намойишлар бошланган эди.

Қуролли можарога айланиб кетган исён оқибатида, БМТ ҳисоб-китобларига кўра, шу пайтгача 70 мингдан ортиқ одам нобуд бўлган.

Можаро оқибатида бир миллиондан ортиқ суриялик қўшни мамлакатларга қочиб ўтган, 4 миллион одам мамлакат ичида ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.
XS
SM
MD
LG