Линклар

1992-93 йилларда Тожикистон бош вазири бўлган Абдуллажонов ўтган ой Кивнинг Бориспол аэропортида қўлга олинган ва Украина пойтахтидаги маҳкама уни 40 кунга вақтинча ҳибс қилиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Тожикистонинг Бош прокуратураси Абдуллажоновни қатор айбловларда айблаб 2007 йилда Интерпол қидирувига берган ва ҳозирда Киевдан унинг экстрадиция қилинишини хоҳламоқда.

15 март куни Киевнинг Шевченко туман суди собиқ бош вазирнинг экстрадицияси билан боғлиқ масала ҳал этилгунга қадар уни узоғи билан 12 ойга ҳибсда қолдириш ҳақида ҳукм чиқарди.

Абдуллажоновни экстрадиция қилиш ҳақида Украина қарор қилса, собиқ бош вазир маҳкамага мурожаат қилиб, бу қарор устидан шикоят қилиши мумкинлиги ҳам хабар қилинди.

Эслатамиз, Абдумалик Абдуллажонов 5 февралдан 6 февралга ўтар кечаси Киевнинг "Бориспол" халқаро аэропортида АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳридан учиб келган маҳал Интерпол сўрови асосида ҳибсга олинган эди.

Тожикистон ҳукумати Интерполга берган қидирув сўровида Абдумалик Абдуллажоновни уюшган жиноий гуруҳ тузиш, қонуний ҳокимиятни ағдаришга уриниш ва терроризм бандларида айблаган.

Хусусан, Тожик ҳукумати 1998 йилда Хўжанд шаҳрида уюштирилган полковник Маҳмуд Худойбердиев раҳбарлигидаги давлат тўнтаришига уриниш тепасида турганлигини иддао қилади.

Тожик мухолифати муҳожирликдаги таниқли сиёсатчининг қўлга олинишини шу йил ноябрига мўлжалланган Тожикистон президентлигига сайлов билан боғламоқда.

Абдуллажонов 2013 йил ноябр ойига мўлжалланган Тожикистондаги президентлик сайловида қатнашиш ниятини билдирган, бироқ мамлакатда узоқ вақт яшамагани боис ҳар қандай муқобил номзодни дастаклашга рози бўлган эди.
XS
SM
MD
LG