Линклар

Таниқли кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимов “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори этиб тайинланди.


55 ёшли Қосимов бундан аввал президент девонида маданият, матбуот ва ижодий ташкилотлар масалалари бўйича масъул ходим ва “Ўзбеккино” бош директори ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Жаҳонгир Қосимов режиссёр сифатида бир қатор филмлари билан танилган. Таниқли ëзувчи Мурод Муҳаммад Дўст ва шоир Александр Файнберг билан биргаликда ëзган сценарийси асосида у "Дев ва пакана", “18-квадрат” ва “Бомба” каби филмларни суратга олган ва халқаро танловлар совриндори бўлган.

2004 йилда суратга олинган “Дев ва пакана” филми Анападаги “Киношок” фестивалида “Энг яхши эркак роли” учун мукофотни қўлга киритган бўлса, 2007 йилда катта экранларга чиққан “18-квадрат” филми Москвада ўтган “Золотой витязь” кинофестивалида Россия миллий антитеррор қўмитасининг махсус совринини қўлга киритган эди.

Режиссёрнинг сўнгги йирик картинаси 2008 йилда суратга олинган “Сув ёқалаб” кино асаридир.

Қосимов шу йилнинг феврал ойида “Ўзбеккино” бош директорлигидан кетган Аъзам Исхоқовнинг ўрнини эгаллади.

Исҳоқовнинг нима сабабдан “Ўзбеккино” бош директорлиги лавозимини тарк этгани маълум эмас.

Аъзам Исҳоқов 2005 йилдан буён “Ўзбеккино”га раҳбарлик қилиб келаётган эди. У ўша йили таниқлик ўзбек ёзувчиси Мурод Муҳаммад Дўст ўрнига “Ўзбеккино” миллий агентлигига раҳбар этиб тайинланган эди.


Кинематографиями ё кассаматография

Ҳозирда Ўзбекистонда кино-видеомаҳсулотлар ишлаб чиқаришга изн олган ташкилотлар сони 700 га етган.

“Ўзбеккино” миллий агентлигига кўра, Ўзбекистонда йилига 50 дан зиëд бадиий филмлар суратга олиниб экранларга чиқарилмоқда.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маиший мавзудаги, кам бюджетли филмлар Марказий Осиëдаги кинотомошабинлар тарафидан яхши қабул қилинаяпти.

Айни пайтда Болливуд йўлидан кетаëтган ўзбек киносининг сони кўпайгани сайин сифат пасайиб кетяпти, деган танқидлар ҳам айтилмоқда.

Кинони дурдона санъат деб билган Гулчеҳра Жамилова каби ижодкорлар "оз бўлсин-соз бўлсин" деган гапни таъкидлаб, бемаза қовуннинг уруғи каби кўпайган “киноасарлар”дан нолишади.

Ўзбек киноси ва театр санъатининг етук арбобларидан бири Баҳодир Йўлдошев Озодлик билан суҳбатда ўтган йили Ўзбекистонда суратга олинган 50 та филмдан бор-йўғи 3 тасини кино деб айтилишга лойиқ, деб билишини айтган эди.
XS
SM
MD
LG