Линклар

Қирғизистонда ҳокимиятни босиб олишга уринганлик айби билан судланаётган Ата-Журт партияси вакиллари Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитов иши бўйича маҳкама қарори шу йилнинг 29 март куни чиқади.


Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига судланувчиларнинг адвокати Икрамиддин Айтқулов маълум қилди.

- 29 март куни судланувчилар сўнгги сўзларини айтишади. Кейин судя ҳукм чиқариш учун маслаҳат хонасига кетади, - деган Айтқулов судя қарорни ўша куниёқ чиқариб қўйиши мумкинлиги, ҳукм тайёр бўлмаган тақдирда эса бу иш кейинги ҳафтага қолдирилажагини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Ата-Журт партияси вакиллари бўлмиш Ташиев, Жапаров ва Мамитов ўтган йили тартибсизликларни келтириб чиқарганлик ва ҳукуматни ағдаришга уринганликда айбланмоқда. Улар 2012 йилнинг 3 октябр куни қарийб минг киши қатнашган Бишкекдаги норозилик намойишидан кейин қўлга олинган эди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мазкур воқеа бўйича Қирғизистон Жиноят кодексининг 295 ва 297-моддалари (ҳокимиятни куч билан босиб олиш ва конституциявий тузумни куч билан ўзгартиришга очиқ чақириқ) бўйича жиноят иши қўзғатган.

Мухолифатчи депутатлар устидан маҳкама жараёни шу йилнинг 10 январ куни бошланган.

14 март кунги Бишкекда ўтган маҳкама мажлисида давлат қораловчиси суддан Қамчибек Ташиев ва Садир Жапаровни 10 йилданга, Талант Мамитовни эса 9 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган. Шунингдек, қораловчи бу ишга дохил деб қаралаётган собиқ ҳарбий прокурор Қубатбек Қўжўналиевнинг 8 йилга, депутат Ташиев икки тансоқчисининг эса 3 йилданга озодликдан маҳрум қилинишини сўраган.

Айни пайтда прокурорларнинг судланувчилар учун 10 йиллик қамоқ жазосини сўраши саволлар пайдо қилмоқда. Чунки биргина 295-модда бўйича айбланган кишининг айби исботланган тақдирда уни 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган.

Қамчибек Ташиевнинг адвокати Азимбек Бекназаров маҳкама чоғида судланувчиларга қўйилаётган айбловлар ўз исботини топмади, уларни фақат “безорилик”да айблаш мумкин, деган фикрда.

- Бу йигитлар Қирғизистон қутула олмай келаётган, 21 йилдан буён сингиб қолган, системага айланиб қолган нарсанинг қурбони бўлиб қолишди, - дер экан Бекназаров бу маҳкама жараёнини сиёсий таъқиб ўлароқ баҳолашини айтди.

Расмийлар эса сиёсий таъқиб борасидаги айбловларни рад этиб, бу иш бўйича фақат суд қарор чиқаришга ҳақли эканини қайд этмоқдалар.

Чунончи, кеча депутат Ташиевнинг ҳамюртлари бўлмиш жалолободлик оқсоқолларни қабул қилган президент Алмазбек Атамбаев депутатлар иши бўйича суд қонун доирасида қарор қабул қилиши кераклигини таъкидлаган.

Бу орада Қирғизистонда кунлар илий бошлаши билан мамлакатнинг турли жойларида митинглар авж ола бошлади. Ата-журтчи депутатларни озод қилиш талаби янграётган бу каби намойишлар, хусусан, Ўш, Жалолобод ва Қоракўл шаҳарларида ўтказилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG