Линклар

Ўзбек-афғон чегарасида тўқнашув рўй берди


137 километрлик Ўзбекистон-Афғонистон чегараси Амударё ўзанидан ўтади.

137 километрлик Ўзбекистон-Афғонистон чегараси Амударё ўзанидан ўтади.

Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида отишма содир бўлгани хабар қилинмоқда. Россия хабар агентликларининг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига таяниб хабар қилишича, ўтган пайшанба куни Афғонистон фуқароларидан иборат гуруҳ чегарани кесиб ўтиб, чегарачилар нарядига ҳужум қилган ва қуролларини эгаллаб олишга уринган.


Тўқнашувда уч нафар Афғонистон фуқароси ҳалок бўлган. Ўзбекистон чегарачиларига кўра, 14 март куни ўзбек чегарачилари Амударёдаги Ўзбекистонга қарашли Орол-Пайғамбар оролида хизмат ўтаётган пайтда 30га яқин Афғонистон фуқаросидан иборат гуруҳни аниқлаган.

Афғонистонликлар ўзбек чегарачиларининг мамлакат ҳудудини тарк қилиш талабларини бажаришдан бош тортган. Огоҳлантирувга қарамасдан, чегарани бузганлардан 10 киши ўзбек чегарачиларига ҳужум қилиб, қуролларини тортиб олишга ҳаракат қилган. Ўртада чиққан отишмада уч нафар афғонистонлик ҳалок бўлган, чегара бузувчиларининг яна бир нечтаси қўлга олинган.

Чегарани бузиб ўтганларнинг аксари Афғонистон ҳудудига қайтиб кетган.

Айни пайтда, ИТАР-ТАСС агентлигининг Афғонистон чегара қўшинлари генерали Муҳаммад Жон Мамузайга таяниб, хабар қилишича, ҳалок бўлганлар афғон чегарачилари бўлган. Генерал Мамузай афғон чегарачилари нега Ўзбекитон чегарасини бузганини изоҳламаган.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига кўра, ўша куни ҳалок бўлганлар жасадлари ва қўлга олинганларни Афғонистон томонига топширишга қарор қилинган, лекин Афғонистон чегара хизмати вакиллари ўз фуқароларини қабул қилиб олишдан бош тортган.

Ҳодисага оид хабар нега кечикиб тарқатилаётгани сабаблари ноаниқ қолмоқда.

137 километрлик Ўзбекистон-Афғонистон чегараси Амударё ўзанидан ўтади. Майдони 30 квадрат километни ташкил қиладиган Орол-Пайғамбар ороли Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятига тегишлидир. Бу ерда 1960 йилларда қўриқхона ташкил қилинган.

Расмий хабарларга кўра, йил бошидан бери Афғонистон фуқаролари томонидан Ўзбекистон чегарасини бузишга уринишига оид 22 ҳолат қайд этилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG