Линклар

"Coca-Cola Icihmligi Uzbekiston, LTD" компаниясининг Тошкент ва Намангандаги иккита заводида ишлаб чиқариш тўхтатилди. Компания ходимлари ичимликни ишлаб чиқаришда ишлатиладиган концентратларнинг етишмаётгани билан изоҳлашмоқда. Айни пайтда, ширкатнинг минтақавий идораси расмийси Озодлик билан суҳбатда ишлаб чиқариш тўхтатилганига оид хабарларни инкор қилди.

"Coca Cola Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатаётгани йўқ"

Coca cola компаниясининг Евросиё ва Африка ҳудуди бўйича расмий вакили Себастиан Ван Дер Вегт Озодлик сўровига жавобан Ўзбекистонда Coca Cola ичимлиги тақчиллиги билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритди.

- Вазиятга аниқлик киритмоқчиман. Ўзбекистондаги фаолиятимизни тўхтатаётганимиз йўқ. Биз шунчаки ўз маҳсулотимизни бозорга етказиб бериш билан боғлиқ муаммога дуч келяпмиз. Айни пайтда маҳсулотимизни истеъмолчиларга тезроқ етказиб бериш муаммосини ҳал этиш учун таъминот тизимидаги ҳамкорларимиз билан яқиндан иш олиб бормоқдамиз,- деди Себастиан Ван Дер Вегт.

Coca Cola вакили муаммо аниқ қачон ҳал этилишини мумкинлиги айтмади, аммо тез орада вазият яна изига тушишига ишонч билдирди.


“Концентрат йўқ”

Coca-Cola компаниясининг Марказий Осиёдаги энг йирик заводи ҳисобланган Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида жойлашган "Мега" заводида шу кунларда Coca-Cola ичимлиги ишлаб чиқарилмаяпти.

Завод ходимларидан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, ишлаб чиқаришда ишлатиладиган концентратнинг етишмаётгани боис ичимликларни ишлаб чиқариш тўхтатилган.

“Концентрат йўқ, шунинг учун Coca-Cola вақтинча ишлаб чиқарилмаяпти”, деди исмини ошкор қилмаётганимиз суҳбатдош.

Завод ходими ишлаб чиқариш қачон тўхтатилгани ва қачон ишга тушишига оид маълумотларни очиқлашни истамади.


“Модернизация туфайли иш тўхтади”

Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган Coca-Cola Uzbekistan корхонасининг Намангандаги заводида ҳам сўнгги 20 кун ичида ишлаб чиқариш тўхтатилган.

Заводнинг ўзини таништирмаган масъул ходимларидан бири Coca-Cola ишлаб чиқарилмаётганини заводда бўлаётган модернизация ишлари билан боғлади.

- Бизларнинг линиямизда модернизация бўлаяпти ҳозир. Наманган заводида. Бошқа заводларни тўғриси мен билмадим. Лекин келтиришаяпти Тошкентдан Coca-Colaни. Савдога чиқаяпти. Наманганнинг ишлаб чиқариш линиясида модернизация бўлаëтганлиги сабабли ҳозирча тўхтатиб турилибди. 15-20 кун бўлди,- деди завод ходими.

Суҳбатдошга кўра, модернизация ишлари бир ҳафтадан сўнг ниҳоясига етиб, ишлаб чиқариш яна йўлга қўйилиши мумкин.

Ширкатнинг Урганчдаги учинчи заводи масъулларидан бирор маълумот олиш имкони бўлмади.


“Coca-Cola сотувда йўқ”

Тошкент шаҳридаги йирик ва кичик дўконларда феврал ойининг иккинчи ҳафтасидан бошлаб Coca-Cola танқислаша бошлади.

Бугунги кунда пойтахтдаги супермаркетларнинг бирортасидан ҳам Coca-Cola ичимлигини топиш амримаҳол.

Жумладан, Тошкентда ўнлаб дўконларига эга бўлган “Korzinka.uz” тармоқ дўконларидан Coca-Сola ичимлиги бутунлай “ғойиб бўлган”.

- Сola чиқмаяпти ҳозир. Кичик дўконларда аввалдан қолганлари бўлмаса, катта дўконларда умуман қолмаган,- деди ўзини таништирмаган “Korzinka.uz” ходими.

Ўзбекистондаги ягона гипермаркет - “Megaplanet”да ҳам вазият шунга ўхшаш.

- Coca-cola йўқ. Қачон бўлиши ҳам номаълум. Ҳеч ким билмайди. Бугун мен ҳам суриштиргандим, “номаълум” дейишди,- дейди ўзини таништирмаган “Megaplanet” ходими.

Coca-Cola компаниясининг масъулларига кўра, ҳозирда ичимлик сотувдан бутунлай йўқолмаган, завод омборларидаги аввал ишлаб чиқарилган ичимликлар ҳозир сотувга чиқарилаяпти.

Озодлик мухбири Coca-Cola ширкати дилерларидан бири билан боғланиб, ўзини мижоз сифатида таништирганида қуйидагича жавобни олди.

- Бизлар фақат кола сотмаяпмиз. Бизларда ассортимент. Ассортимент билан сотилаяпти. Қуруқ коланинг ўзи йўқ. Фантасиям, Фанта лимонадиям, газли, газсиз сувлариям бор. Kола оламан десангиз, шунақа ассортимeнтларни ҳам олишингизга тўғри келади.

Озодлик: Демак, бу мажбурий.

- Ҳозир ҳеч қаерда сизга қуруқ коланинг ўзини бермаяпти, деди исмини ошкор қилмаётганимиз дилер қиз.

Coca-Cola ва президентнинг қизи: Тарих


Ўзбекистонда Coca-Cola компаниясининг пайдо бўлиши президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ва унинг собиқ эри Мансур Мақсудий шахси билан боғланади.

Гулнора Каримова 1991 йилда америкалик ўзбеклардан бўлган Мақсудийлар оиласига келин бўлиб тушгач, қуда томон 1994 йилнинг мартида Тошкентнинг “Беш-ёғоч” даҳасида Coca-Cola заводини ишга туширган.

Ўша пайтда мазкур компания Гулнора Каримованинг собиқ эри Мансур Мақсудийга тегишли бўлган.

2001 йилнинг августида Гулнора Каримова Мансур Мақсудий билан ажрашгач, Coca-Cola компаниясида тафтиш бошланиб, Мақсудийларнинг бир қанча қариндоши қамоққа ташланган.

Кейинчалик Гулнора Каримова Coca-Cola компанияси устидан тўла шахсий назоратини ўрнатгани айтилади.

Coca-Cola ва президентнинг қизи: Бугунги кун


Ўтган йилнинг июл ойида "Coca-Cola Icihmligi Uzbekiston, LTD" компаниясининг икки ходими Шохрух Собиров ва Алишер Эргашевлар Женевада ҳибсга олинган эди.

Швейцария прокуратураси бу икки шахс пул ювишга доир жиноят иши доирасида қўлга олинганини Озодликка маълум қилган эди.

Бу ишларга бевосита Гулнора Каримова ҳам алоқадор бўлиши мумкинлиги айтилди.

2012 йилнинг 16 октябр куни Швейцария Бош прокуратураси Шохрух Собиров ва Алишер Эргашевни гаров эвазига қўйиб юборди. Бироқ тергов иши давом этиши ҳақида маълум қилди.

Алишер Эргашев Швеция бош прокуратураси тергов қилаётган мамлакатнинг энг йирик телеком ширкати TeliaSonera Ўзбекистонда бизнес қилиш учун Гулнора Каримовага 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига оид жиноий ишда ҳам асосий фигурантлардан биридир.

Озодлик мухбири 18 феврал куни Coca-Cola компаниясининг юристи Ирина Крилова билан боғланганида, у Шохрух Собиров ва Алишер Эргашев ҳозирда компанияда ўз вазифасини давом этираётганини айтди. Бироқ юрист Собиров билан Эргашевнинг компанияда нима вазифада ишлашини очиқлашдан бош тортди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG