Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:07

Петербургда ўзбеклар 13 йилга қамалди


2011 йил октябрида Петербургнинг Жанубий Приморск паркида 30 яшар ногирон аёлни маст ҳолатда зўрлаганликда айбланган самарқандлик икки муҳожир 13 йилдан қамоқ жазосига маҳкум этилди. Жазони ўзбекистонликлар қаттиқ режимли колонияда ўтайдиган бўлди.


2013 йил 13 март куни Санкт-Петербургнинг Красносельский туман судининг 13 кабинетида икки нафар Ўзбекистон фуқароси 30 ёшли ногирон аёлни зўрлаганлик ва буюмларини талон-тарож қилганликда айбдор, деб топилди ва 13 йилга қамоққа ташланди.

Жиноят терговини олиб борган Петербург бўйича Тергов қўмитаси расмийси Сергей Капитонов мазкур иш бўйича Озодликка буларни маълум қилди.

- 2012 йилнинг 28 март куни жиноий иш судга оширилган. Элдор Жафаров ва Маматқул Мавлоновлар бу иш юзасидан жавобгарликка тортилди, уларнинг миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқаролари. 2011 йилнинг 10 октябрида кечки соат 2 ларда Зорге кўчасида 30 ёшдаги кар-соқов, 3-гуруҳ ногирони бўлган петербурглик аёлни машинасига тортиб кириб, уни шаҳарнинг Жанубий Приморск паркига олиб борган ва зўрлаганлар. Ўша ерда улар жабрланувчи аёлнинг қимматбаҳо буюмлари – қўл телефони, 5 минг рубл пули, заргарлик тақинчоқларини ҳам тортиб олган ва жиноят жойидан ғойиб бўлган,- дея жиноят тафсилотларини очиқлади шаҳар Тергов қўмитаси расмийси.

Капитоновга кўра, ўша куниёқ Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 131 ва 161-моддалари (бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган зўрлаш ва талон-тарож) асосида жиноий иш очилган.

Тез орада ВАЗ-21099 автомобили эгалари бўлган 29 ёшли Маматқул Мавлонов ва 24 ёшли йилда туғилган Элдорхон Жафаровлар қўлга олинган. Юзлаштириш жараёнида жабрланган аёл бу шахсларни таниган ва айнан шулар уни зўрлаб, тунаганликлари тўғрисида кўрсатма берган.



Полиция ходимлари томонидан олинган оператив видеотасвирда Элдорхон Жафаров жиноят-қидирув бўлими офицери саволларига, бу жиноятга мутлақо алоқаси йўқлигини айтган:

- Мени зўрлашда айблашмоқда. Мен зўрлаш содир этмаганман. Унга мен ташланганим ҳам йўқ. Мен, айтяпманку, мен бўлмаганман, бу бола билан,- дейди Элдорхон Жафаров.

Унинг шериги экани айтилган Маматқул Мавлонов эса барча ҳодиса тафсилотларини гапириб, жиноятни маст ҳолатда содир этганликларини айтади.

- Мен, Мавлонов Маматқул Муродқулович, 1983 йилда Самарқандда туғилганман. Бу ерда қурилишда майда-чуйда ишларни бажариб юрганман. Бу воқеа 10 октябр куни, 3 кечаси содир бўлди. Биз машинада кетятувдик, кафе ёнида маст ҳолатда бўлган қиз кетяпти экан. Биз уни машинага олиб кирдик,- дея эслайди Маматқул.

Полиция ходимининг “Сенлар ногирон аёлни зўрлаганликларингни биласанларми?” деган саволига у аёл ғалати гапираётгани, гапларини тушуниш қийин бўлганини айтган.

Оператив ходимлардан олинган маълумотларга кўра, 24 ёшли Элдор Жафаров Петербургга уйланишга пул йиққани келганини гапириб берган, Маматқул Мавлоновнинг эса Самарқандда 3 нафар фарзанди қолган.

Санкт-Петербург шаҳрининг Красносельский туман суди қарори ўн кундан кейин кучга киради ва ўзбекистонлик муҳожирлар бу муҳлатда юқори инстанцияга шикоят аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлишига қарамасдан, терговчилар юқори суд ҳакамлари ҳам туман суди қарорини ўзгаришсиз қолдиришига ишонишларини Озодликка билдиришди.

Суд қарорига кўра, самарқандлик Элдор Жафаров ва Маматқул Мавлоновлар тайинланган 13 йиллик қамоқ жазосини қаттиқ режимли колонияда ўтайдиган бўлди.
XS
SM
MD
LG