Линклар

И. Каримов: Болаларнинг 92 фоизи ЖССТ андозаларига мос


Президентга кўра, 14 ёшгача бўлган ўғил болаларнинг ўртача бўйи 10 йилда 3 сантиметрга ўсган.

Президентга кўра, 14 ёшгача бўлган ўғил болаларнинг ўртача бўйи 10 йилда 3 сантиметрга ўсган.

Болалар спортини ривожлантириш ҳомийлик кенгашининг 15 март куни Тошкентда бўлиб ўтган мажлисида мазкур кенгаш раиси, Президент Каримов маъруза қилар экан, шу кунда “92 фоиз ўғил-қизларимизнинг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади”, деди.


Президент маърузасида келтирилган бу ва бошқа маълумотлар болалар саломатлигини сақлаш масаласида Ўзбекистон Россиядан илгарилаб кетганини кўрсатаётгандай.

Бироқ бу соҳада фаолият юритувчи халқаро ташкилот вакилига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўзбекистонда болалар саломатлигига оид сўнгги тадқиқотни бундан 8 йил олдин ўтказган ва Президент келтирган маълумотлар халқаро ташкилотлар учун ҳам янгиликдир.

Ўзбекистон Президентига кўра, “сўнгги ўн йилда 14 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида ўртача вазн кўрсаткичи 43 килограммдан 47 килограммга, қизлар ўртасида эса 44 килограммдан 48 килограммга” ортган.

Давлат раҳбари маърузасида мана бу маълумот ҳам бор: сўнгги 10 йилда ”Болаларнинг бўйи эса ўғил болалар ўртасида ўртача 3 сантиметрга, қиз болалар ўртасида эса 2,9 сантиметрга ўсгани аниқланган”.

Қиёслаш учун : Болалар спортини ривожлантириш ҳомийлик кенгашининг 2011 йил февралида бўлиб ўтган мажлисида Президент мана бундай деган эди:

“Сўнгги 5 йил ичида 10 – 14 ёшдаги ўғил болаларнинг бўйи ўртача 2,3 сантиметрга, қизларнинг бўйи 2 сантиметрга ўсди, вазни эса, ўғил болаларники 2,6, қизларники 2,9 килограммга ортди”.

Бу ютуқлар сабаби тўғрисида гапирар экан, Ўзбекистон раҳбари ўз маърузасида “Айтиш керакки, бу кўрсаткичлар шунчаки оддий рақамлар эмас. Уларнинг замирида бизнинг мустақиллик йилларида юртимизда дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасида қилаётган қанча-қанча меҳнатларимиз, шу борада эришаётган улкан ютуқларимиз мужассамдир”, деган.

Давлат раҳбари ўз нутқи давомида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганидан буён ўтган 10 йил давомида мамлакатда барпо этилган ва таъмирланган спорт иншоотлари, мамлакат спортчилари эришган ютуқлар тўғрисида батафсил ҳисоб берди.

Президентга кўра, шунингдек, “2003 йилда ҳарбий хизматга яроқли деб топилган йигитлар 67,6 фоизни ташкил этган бўлса, 2012 йилда бу кўрсаткич 82,5 фоизга етган”.

Қиёслаш учун: 2011 йил, сентябрда Россия мудофаа вазирлиги Бош штаби бошлиғи ўринбосари Василий Смирнов ўз мамлакатида хизматга чақирилган ёшларнинг 65,2 фойизигина яроқли, деб топилгани тўғрисида баёнот берган эди.
Россиялик олим, тиббиёт фанлари доктори Елена Антонованинг Интернетда эълон қилинган болалар ва ўсмирлар саломатлигига доир илмий ишидан биргина парча келтирамиз:

“Россия педиатрларининг XIV Конгресси резолюциясида 2000 йилдан бери ёши 14 гача бўлган болалар орасида касалликларга чалиниш 8,5 фоизга ошган бўлса, 15-17 яшарлар орасида бу кўрсаткич 69,5 фоизни ташкил қилгани кўрсатиб ўтилган”, деб ёзади доктор Антонова.

Демак, ўзбекистонлик боалар россиялик тенгдошларига қараганда соғломроқ ва бу соҳадаги аҳвол Президент Каримовга кўра, йилдан йилга яхшиланиб бормоқда.

Чиндан ҳам шундайми? Бу саволни шу соҳадаги вазиятни ўрганиш билан шуғулланадиган халқаро ташкилоти Тошкентдаги ваколатхонасининг масъул вакилига бердик.

Исми ошкор қилинмаслик шарти билан гапирган мутахассиснинг айтишича,

“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти андозаларига мослик масаласи бўйича тадқиқотлар Ўзбекистонда сўнгги бор 2005 йили ўтказилган. У ҳам бўлса, 5 ёшгача бўлган болалар орасидаги тадқиқотлар эди. Ундан кейин Ўзбекистонда бу соҳада халқаро тадқиқот ўтказилган эмас. Шунинг учун ўзбекистонлик болаларнинг 92 фоизи бўйи ва вазнига кўра ЖССТ андозаларига мос келади, деган баёнот юзасидан бир нарса дея олмайман. Болаларнинг ўртача бўйи 3 сантиметрга ўсгани тўғрисида эса, мен биринчи марта эшитаяпман”, деди халқаро ташкилот мутахассиси.

Масаланинг яна бир жиҳати - болалар спортини ривожлантиришнинг асосий юки корхона ва ташкилотлар зиммасига тушаётгани тўғрисида Озодлик радиоси бир неча кун аввал махсус эшиттириш тайёрлаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG