Линклар

Қибрис парламенти сешанба куни мамлакатдаги банклар омонатчиларига солиқ қўйиш масаласини овозга қўяди.

Ушбу қадам Қибрисни иқтисодий бўхрондан қутқаришга қаратилгани айтилмоқда.

Европа Иттифоқи молия вазирлари ўтган ҳафта қарзга ботган Қибрисга 10 миллиард евролик фавқулодда ёрдам беришга қарор қилган.

Ёрдам эвазига Қибрис ҳукумати зиммасига бюджет камомадини қисқартириш ва солиқларни ошириш ҳамда банк тизимини тартибга солиш мажбурияти юкланган эди.

Банк депозитларига солиқлар солиш ана шу талабларнинг биридир. Агар Қибрис парламенти бундай қарор қабул қилса, банкда 100 минг еврогача пули борлар 6,75 фоиз, ундан кўпроқ маблағ эгалари эса юқорироқ солиқ тўлаши керак бўлади.

Ушбу талаблар оддий қибрисликлар орасида катта баҳсларга сабаб бўлди.

Депозитларга солиқ солиш талаби нафақат Қибрис, балки Россияда ҳам кескин танқид қилинди.

Россия Президенти Владимир Путин Қибрис банкларидаги депозитларга солиқ солиш ғоясини “адолатсиз, нопрофессионал ва хавфли” дея атади.

Кўплаб россиялик бойлар ўз маблағларини Қибрисдаги оффшор ҳудудда сақлаб келади.
XS
SM
MD
LG