Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:58

Тошкентда айрим кўчалар ўн соатга ёпилди


Тошкентдаги Наврўз байрамининг расмий тантаналаридан лавҳа.
Тошкентдаги Наврўз байрамининг расмий тантаналаридан лавҳа.

Ўзбекистон пойтахтида Наврўз тантаналари ўтказилиши муносабати билан шаҳардаги айрим кўчалар 19 март куни соат 6 дан 16 га қадар барча транспорт воситалари учун ёпиқ бўлади.


Бу ҳақда Газета.уз сайти хабар қилади.

Хусусан, бугун эрталабдан Бунёдкор шоҳкўчасининг Муқимий кўчасидан Қоратош кўчасигача бўлган қисми, Ўзбекистон кўчасининг Бунёдкор шоҳкўчасидан Олмазор кўчасигача бўлган қисми, Бобур кўчасининг Ўзбекистон кўчасидан Шаршара кўчасига бўлган қисми, Бешёғоч кўчасининг Ўзбекистон кўчасидан Олмазор кўчасигача бўлган қисми, Фурқат кўчасининг Шаршара кўчасидан Навоий кўчасигача бўлган қисми, Олмазор кўчасининг Ўзбекистон кўчасидан Бешёғоч кўчасигача бўлган қисми, Себзор кўчаси (тунелга киришдан тортиб) ва Зарқайнар кўчаси (тунелга киришдан тортиб) ёпилган.

Айни пайтда бу кўчаларнинг ёпиқ бўлиши ҳақида тошкентликлар аввалдан огоҳлантирилмагани айтилмоқда. Хусусан, бундай пайтларда аҳолини огоҳлантириши лозим бўлган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимияти веб-саҳифаларида кўчаларнинг вақтинча ёпилишига доир бирор-бир маълумот йўқ.

Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақида кичик хабар фақат «Тошкент оқшоми» газетасининг кечаги сонида берилган, бироқ унда 21 март кунги ҳаракат чекловлари ҳақида сўз боради. Газетанинг ёзишича, Наврўз куни пойтахтнинг Автомобилсозлар маданият саройи ва Навоий номидаги театр майдонлари, Сайилгоҳ, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Мирзо Улуғбек кўчалари, Бобур, Янги Сергели ва Боғишамол боғлари, Ибн Сино гузари, Талабалар шаҳарчаси ва Бектемир спорт мажмуасига чиқувчи кўчаларда транспорт ҳакарати тақиқланиши мумкин.

Наврўз ва Мустақиллик байрами тантаналари чоғида Тошкентда транспорт ҳаракати чекланиши аввал ҳам кузатилган.

Ўзбекистон пойтахтида Наврўзнинг расмийлар иштирокидаги тантаналари одатда 21 мартдан бир ё икки кун олдин Миллий боғда, Алишер Навоий ҳайкали қаршисидаги майдонда ўтказилади.

Бу кунда мазкур майдон атрофида хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилади, Тошкентнинг марказий кўчалари ва блок постларга хавфсизликни кучайтириш мақсадида қуролланган хавфсизлик ходимлари ва Йўл патрул хизмати махсус батальони жалб қилинади.
XS
SM
MD
LG