Линклар

Россия Ўзбекистон қурилишига қаршилик қилаётган Қамбарота-1 ГЭСини молиялаштириш учун ГЭСни гаровга қўйиб, банклардан қарз олмоқчи. Расмий Бишкек Москванинг бундай баёнотига ҳозирча муносабат билдирмаган бўлса-да, қирғиз сиёсатчилари ГЭСнинг гаровга қўйилишини қўллаб-қувватламасликларини билдирмоқдалар.

Россия Энергетика вазири Александр Новак оммавий ахборот воситаларига Қирғизистонда Қамбарота -1 ГЭСи қурилишини молиялаштиришнинг икки йўли муҳокама қилинаётганини билдирди. Биринчи йўл: Интер РАОга қарашли “Иркутскэнерго” ширкатини сотиш ва мана шу маблағ ҳисобидан Қамбарота-1 ГЭСини қуриш. Иккинчи йўл: қурилажак Қамбарота -1 ГЭСини гаровга қўйиб, банклардан қарз олиш.

Вазирнинг билдиришича, Интер РАО ширкатида “Иркутскэнерго”ни сотиш орқали Қирғизистонда ГЭС қурилишини молиялаштириш ғояси қаттиқ қаршиликка учрамоқда. Шунинг учун ҳам иккинчи йўл танланиши эҳтимоли кўпроқ.

Қирғизистон Энергетика вазирлиги Россия расмийсининг бу баёноти айни пайтда ўрганилаётганини, Қамбарота-1 ГЭСини гаровга қўйиш масаласи юзасидан ҳозирча ҳеч қандай маълумотлар йўқлигини билдирди.

Қирғизистон парламентининг энергетика қўмитаси аъзоси Азамат Арапбаевнинг фикрича, Қамбарота-1 ГЭСини гаровга қўйиш орқали барпо этиш масаласи Россия билан имзоланган шартномада назарда тутилмаган. Бу ғоя илгари сурилган тақдирда ҳам Қирғизистон бунга рози бўлмайди, деб ҳисоблайди депутат.

- Қамбаротани гаровга қўйиш эвазига банкдан қарз олиш масаласи шартномаларда белгиланмаган. Қирғизистон бунга йўл қўймайди. Шартномада ГЭС қурилиши 100 фоизга Россия томонидан молиялаштирилиши аниқ ёзилган, -деди депутат Азамат Арапбаев.

Энергетика масалалари бўйича эксперт Расул Умбеталиев расмий Бишкек Россия билан Қамбарота-1 ГЭСини қуриш юзасидан имзоланган шартнома тафсилотларини тўла ошкор қилмаганини ва бу ҳужжатда Қирғизистон манфаатларига зид келувчи шартлар қайд этилган бўлиши мумкинлигини айтади:

- ГЭС қурилиб битказилганидан сўнг Россия қарзларни ўз вақтида тўлай олмаса, қарз берган банк Қамбарота-1 ГЭСини тортиб олиши мумкин. Бу эса ГЭС бошқа мамлакатдаги хусусий шахслар қўлига ўтиб кетиши мумкинлигини англатади, -деди Расул Умбеталиев.

Россия 2012 йилнинг сентябр ойида Қамбарота -1 ГЭСини Қирғизистон билан ҳамкорликда қуриш юзасидан шартномани имзолаган эди. Тахминий ҳисоб китобларга қараганда, ГЭСни қуриш учун 2 миллард доллар маблағ талаб қилинади.

Қамбарота -2 ГЭСининг Қирғизистон кучи билан 200 миллион долларга қурилган илк агрегати эса 2010 йилнинг 30 августида ишга туширилган.

Айни пайтда Россия Қамбарота-1 ГЭСининг техникавий-иқтисодий асосламасини тузиш учун 15 миллион доллар маблағ ажратган. Техникавий-иқтисодий асосламани тузиш учун эълон қилинган танловда Франция, Австрия, Канада каби давлатлардаги ширкатлар иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Қамбарота-1 ГЭСи минтақа экологиясига салбий таъсир кўрсатишини билдириб, ГЭС қурилишига қарши эканини айтиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG