Линклар

Россия Тергов қўмитаси Hermitage Capital жамғармаси юристи Сергей Магнитскийнинг тергов изоляторидаги ўлими юзасидан қўзғатилган жиноий иш ёпилганини эълон қилди. Магнитскийга нисбатан тергов жараёни “қонуний тартибда олиб борилган”деган хулосага келинди.


Россия Тергов қўмитаси: "Магнитский қийноққа солинмаган"


Россия Тергов қўмитаси Россия ва қатор Ғарб ҳамда Америка Қўшма Штатлари ўртасида зиддиятга сабаб бўлган Hermitage Capital жамғармаси юристи Сергей Магнитский ўлими юзасидан тергов якунланганини эълон қилди.

Қўмита хулосасига кўра, солиқ тўламаганлик ва товламачиликда айбланиб, ҳибс этилган Магнитскийга қамоқхонада жисмоний тазйиқ, қийноқлар қўлланилмаган ва у қонунга риоя этилган шароитда сақланган.

Тергов қўмитаси тиббий экспертлари Сергей Магнитский юрак хуружи ва ундан кейинги мия ҳамда ўпкага қон қуйилиши оқибатида вафот этганини хулоса қилди.

Улар давлат бюджетидан миллиардлаб рубл миқдоридаги маблағнинг ғойиб бўлганини тафтиш қилаётган юристнинг вафот этишига қанд диабети ва гепатит касалликлари сабаб бўлган, деб ҳисобламоқда.



Магнитскийнинг яқинлари терговчиларнинг бу хулосаси устидан судга шикоят қилишини билдирмоқда.

- Бу қарор билан шахсан Сергей Магнитский ва давлатга қарши қилинган жиноятлар ёпилмоқда. Бу иш Россия бюджетидан катта миқдорда пул ўғирланиши схемасини очиқлаган Сергей Магнитский билан боғлиқ. Бунинг ортида, менимча ҳукумат тепасидагилар турибди. Жиноий ишнинг тўхтатилиши устидан сўзсиз арз қилинади. Қўшимча қилишим мумкинки, расман на мени, на Наталья Николаевнани (Магнитскийнинг онаси - Таҳр.) бу қарор тўғрисида огоҳлантиришмади, деди Озодликка адвокат Николай Горохов.


"Магнитский ишига" амалдорлар алоқадорлиги айтилмоқда

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил экспертлар, ҳукуматнинг расмий позициясига зид ўлароқ, Магнитский бюджетдан ўмарилган пулларнинг қандай йўллар билан мамлакатдан олиб чиқилишини фош этгани учун қамоқхонада калтаклангани ва қийноқлар остида жон таслим қилганини тахмин қилмоқда.

Сергей Магнитский тарафдорлари бюджетдан пулларнинг олиб чиқилишида Россия ҳукуматининг юқори лавозимли амалдорлари ва куч ишлатар тизим ходимлари иштирок этганини иддао қилмоқда.

Бу иш бўйича Hermitage Capital жамғармаси ходимлари ҳам мустақил тергов олиб борди ва унинг натижаларини жамоатчиликка эълон қилди.

Магнитскийнинг собиқ раҳбари ва ҳамкасби Жеймисон Файерстоун ишни ёпиш билан ҳукумат бу жиноятга бевосита алоқадорлиги ва мамлакатда илдиз отиб бораётган коррупцияни қўллаб-қувватлаётгани ҳақида Озодликка фикр билдирди.

- Сергей бир неча юз миллион доллар миқдорида давлат бюджетидан ўғирланган пуллар тўғрисида маълумотларни фош қилди. У тириклигида бу жиноятларга бир неча юқори лавозимли офицерлар иштирок этгани ва криминалга аралашгани ҳақида гапирган эди. Мен биламанки, айнан у номини тилга олган Ички ишлар ходимлари мутлақо бегуноҳ одамни ноқонуний тарзда қамоққа олиб, унга босим ўтказмоқчи бўлган. Сергейнинг ҳолати ёмонлашганини кўрган терговчилар, уни "Матросская тишина"га олиб кетган ва операция столига ётқизиш ўрнига уни кишанларда калтаклаб ўлдирган, дея Магнитский ўлими тафсилотлари ҳақидаги тахминларини тилга олади Жеймисон Файерстоун.

Россиянинг ҳозирда энг кўзга кўринган мухолифат лидерларидан бири Сергей Навалний ўзининг Твиттер саҳифасида “Ҳайвонлар. Аблаҳлар. Жиноятчилар. Улар ўзлари ҳам бунинг учун жавоб беради”, дея қисқа қилиб муносабат билдирди.

Таъкидлаш зарурки, Тергов қўмитасининг бу баёноти олдинроқ ўша пайтдаги президент Дмитрий Медведев буйруғи асосида Мустақил эксперт-ҳуқуқий кенгаши томонидан олиб борилган экспертиза хулосаларига мутлақо зид келади.

Мустақил таҳлилчилар Сергей Магнитский ўлимида тўғридан-тўғри терговчи Олег Силченко ва қамоқхона врачи Александра Гаусс айбдор эканини кўрсатган.

Озодлик жорий йилнинг 11 мартида Москвада марҳум адвокат Сергей Магнитский устидан бошланган маҳкамада 22 март кунига қадар танаффус эълон қилингани, бу Россия янги тарихида марҳум айбланувчи устидан ўтказилаётган биринчи судлов экани ҳақида хабар берган эди.

Магнитскийнинг яқинлари унга нисбатан жиноий иш сохталаштирилганини айтиб, суд мажлисида қатнашишдан бош тортди. Сергей Магнитский ҳукумат амалдорларини 230 миллион АҚШ доллари миқдоридаги давлат пулларини ўмарганликда айблаши ортидан 2009 йилда қамоққа олинган ва 16 ноябрда “Матросская тишина” тергов изоляторида вафот этган.

Бу иш Москва билан Вашингтон ўртасидаги муносабатларни совуқлаштирган. Ўтган йили Қўшма Штатлар Магнитский ўлими учун масъул деб кўрилган Россия расмийларини Қўшма Штатларга киритмасликка қаратилган “Магнитский қонунини” қабул қилди. Президент Барак Обама томонидан имзоланган актга биноан, 60 зиёд адвокат ўлимига алоқадор рус мулозимларига АҚШга кириш таъқиқланди.

Бунга жавобан Россия АҚШ фуқароларининг россиялик етимларни боқиб олишини тақиқловчи “Дима Яковлев қонунини” жорий қилди.

"Дима Яковлев" қонунининг қабул қилиниши Россиянинг ўзида оммавий жамоатчилик норозилигини келтириб чиқарди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG